Home / ЯНГИЛИКЛАР / Мурожаатнома – муҳим дастуриламал

Мурожаатнома – муҳим дастуриламал

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда сиёсий партиялар ҳам ўз зиммаларидаги масъулиятли вазифаларни белгилаб олмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ташкил этилган матбуот анжуманларида шу ҳақда сўз борди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида 2018 йилда қонун ижодкорлиги фаолиятини сифат ва сон жиҳатдан янада такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратилгани таъкидланди. Ўтган давр мобайнида фракция йиғилишларида 175 та қонун лойиҳалари ўрганилиб, 17 та қонун лойиҳасига концептуал ўзгартишлар киритилди. Қонун қабул қилиниши жараёнида партиянинг кўплаб таклифлари инобатга олингани эътиборга моликдир.

Шунингдек, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида“ги қонуннинг 7-моддаси, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида“ги қонунининг 37-моддасига ўзгартишлар киритиш, “Иссиқлик таъминоти тўғрисида“ги ҳамда “Имконияти чекланган болаларнинг таълим олиши ва ижтимоий интеграцияси тўғрисида“ги қонун лойиҳалари партия фракцияси ташаббуси билан ишлаб чиқилмоқда. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоялаш, бу борада давлат сиёсатини юритишда амалга оширилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, Ногиронлар, Кўзи ожизлар, Кар-соқовлар жамиятлари билан биргаликда “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида“ги қонун лойиҳаси чуқур ўрганилди. Аниқланган муаммолар фракцияда атрофлича муҳокама этилди. Натижада кўплаб таклифлар мазкур қонун лойиҳасини тайёрлаётган Республика ишчи гуруҳига тақдим этилган.

Фракция томонидан ўтган давр мобайнида тегишли вазирлик мутасаддилари иштирокида “Ҳукумат соати“ доирасида ахборот эшитувлари ўтказилди. Жойларда аниқланган муаммолар юзасидан депутатлик сўровлари юборилди. Назорат-таҳлил ишлари жараёнида ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларга тегишли тарзда амалий кўмак кўрсатилди. Мулоқотлар давомида уй-жой, коммунал хўжалиги, транспорт ва йўл қурилиш, бандлик ва соғлиқни сақлаш каби йўналишларга оид масалаларда амалий чоралар кўрилди.

* * *


Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат“ социал-демократик партияси фракциясининг матбуот анжуманида Президентимизнинг тарихий аҳамиятга эга Мурожаатномаси фракция фаолиятига замонавий ёндашув ва янги мазмун олиб киргани таъкидланди.

Таъкидланганидек, фракция “Қонуннинг асл муаллифи халқ бўлиши керак“ тамойили асосида фаолият кўрсатди. “Марказ-вилоят-туман“ тизими асосида 60 га яқин қонун лойиҳалари жойларда муҳокамалардан ўтказилди. Асослантирилган таклифлар юзасидан фракция ўз позициясини билдирди ва уларнинг аксарияти қонун лойиҳаларида ўз аксини топди.

2018 йил давомида фракция аъзолари 9 та қонун лойиҳасига ташаббускор бўлди. “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида“ги, “Сиёсий партиялар тўғрисида“ги, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида“ги ҳамда “Автомобиль йўллари тўғрисида“ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид бир қатор қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.

Фракция назорат-таҳлил фаолиятида ҳам салмоқли натижаларга эришди. Ўрганишларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ундан оқилона фойдаланиш, ижтимоий дорихоналар ташкил этиш юзасидан тегишли вазирлик мутасаддилари иштирокида “Ҳукумат соати“ ўтказилди. Мактаб ўқувчиларининг овқатланиши билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича амалий ишлар тўғрисида Халқ таълими вазирлигига парламент сўрови юборилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи йиғилишида тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ҳисобот даврида фракция аъзолари сайловчилар билан мулоқотни изчил давом эттирди. Хонадонма-хонадон иш олиб бориш натижасида кўплаб масалалар ҳал этилди.

Фракция аъзолари томонидан архив иши, репродуктив саломатлик, адвокатура ва бошқа йўналишларга оид қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, жамоатчилик муҳокамаси, инновацион фаолиятга оид қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни партиянинг барча бўғинларида муҳокамалардан ўтказиш ва ўрнатилган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш устувор вазифалар қаторида белгиланди. Шу билан бирга назорат-таҳлил йўналишида тиббиёт ва таълим соҳаларидаги ислоҳотлар жараёнида депутатлар назоратига алоҳида эътибор бериш белгиланди.

* * *

Ўзбекистон “Миллий тикланиш“ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси матбуот анжуманида таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан учрашувдаги маърузаси ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномаларидан сўнг партия ва фракция фаолиятида туб ўзгаришлар амалга оширилди, илғор ташаббус ва ғоялар илгари сурилди, депутатлар фаолиятида ижобий ўзгаришлар кузатилди.

Ўтган йил давомида партия фракцияси аъзолари қонун ижодкорлиги йўналишида бир қатор ташаббусларни амалга оширди. Жумладан, депутатлар томонидан 23 та қонун лойиҳаси ташаббус ҳуқуқи асосида киритилган бўлса, уларнинг 18 тасида фракция аъзолари иштирок этди. Партия сайловолди платформасида белгиланган вазифаларнинг ижросига қаратилган 3 та қонун лойиҳаси айнан фракция аъзоларининг ташаббускорлиги асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамаларига киритилиб, қабул қилинди. Хусусан, энергетик ичимликлар савдосини тартибга солишга оид “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги, “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталарни чекишни чеклаш тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунларнинг лойиҳалари шулар жумласидандир.

Қонун ижодкорлиги фаолияти изчил давом эттирилиб, айни пайтда фракция аъзолари томонидан яна 2 та янги қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

“Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси янги таҳрирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йилнинг 19 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилиб, унга фракция аъзолари масъул этиб белгиланди.

Жойлардаги таҳлил ва ўрганишлар асосида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси ҳақидаги ахбороти эшитилди ҳамда мажлис якунида Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, юртимиздаги тарихий обидалар, зиёратгоҳ ва қадамжоларни таъмирлаш ва реставрация қилиш ишлари учун кейинги йилларда Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар сезиларли даражада ошириб борилаётир. Фракция ташаббуси билан 2018 йилда маданий мерос объектлари учун Давлат бюджетидан 46 миллиард 569 миллион сўм ажратилган бўлса, 2019 йилга мўлжалланган Бюджетномада 67 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилди.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, фракция 2019 йилда ҳам ўз фаолиятини янада самарали ташкил этишга киришди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳасида белгиланган вазифалар ҳамда давлатимиз раҳбарининг парламентга Мурожаатномасидан келиб чиқиб, фракциянинг амалий чора-тадбирлар Дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …