Home / МАҚОЛАЛАР / ОНА ЮРТИНГ ОМОН БЎЛСА

ОНА ЮРТИНГ ОМОН БЎЛСА

Инсон эга бўлган нарсалар ичида энг бебаҳоси – дини ва Ватанидир. Бирор инсон йўқки, Ватанини улуғламаса. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик  даврларини сурган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир!
Митти чумолини кўринг, ризқ талабида қанча жойларга боради, тепаликларга қийналиб чиқади. Бу ҳам ўз инига – Ватанига қайтади.
Баъзи ҳайвонлар асл Ватанидан бошқа жойга кўчирилса нобуд бўлиб қолади. Кўряпсизми, ҳамма ҳазрати инсондан тортиб майда ҳашаротларгача ўз Ватанини севадилар. Уни инсон фитратига Аллоҳ солиб қўйди. Бўлмаса ҳарорати олтмишга етадиган иссиқ жойларда ёки ҳарорат нолдан паст бўлган шимолий қутбларда ёхуд ўрмонларда, ҳар кун ҳаёт учун хавфли ерларда уларни яшашга нима мажбур қилади?! Уларни бунга ундаган нарса фақатгина Ватанларига бўлган муҳаббатдир. Бизнинг жонажон Ўзбекистонимизда ҳам барча имкониятлар эшиги очиқ. Ишлаб пул топаман деган ҳамюртларимиз, бемалол ишлашмоқда. Энг асосийси юртимиздаги тинчлик ва осудаликдир. Тинчлик бўлмаган жойда на роҳат на ором ва меҳнат қилиб, рўзғор юритиб бўлади.
Шунга қарамасдан бу дунёда Баъзан одам бойлик илинжида энг яқин одамларидан, туғишганларидан ҳам кечиб юборади, бой яшаш учун кимгадир туҳмат ҳам қилади, ҳатто тил заҳри билан озор етказади, хуллас, ўз нафсидан бўлак ҳаммага ва ҳамма нарсага зулм қила олади. Минг доллар маош берар экан деса, минглаб километр йўл босиб бориб, кучини ўз ихтиёри билан етти ёт бегоналарга сотади. Умрини, қувватини бекорчи хаваслар учун, қизини ҳеч кимдан “кам” қилмай узатишни “ният” қилган ёки қизи келин бўлиб борган жойида тили “қисқа бўлмасин” қабилидаги ўйлар билан, чет элларга ишлашга ошиқаётганлар, аввало, “Бирор касб эгасими ўзи?”, бир ўйлаб кўришлари лозиммасмикан? Аксарият ҳолларда бундай кишилар ўз тақдирларини хорижга чиқиб, қисқа фурсат мобайнида “бойлик” орттириш, юртдан йироқда бўлса-да, ҳар қандай йўллар билан пул топиш каби ҳавойи ишларга боғлаб кўрмоқдалар. Ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан ёки бирор бир мутахаассисликни яхши ўзлаштирмасдан гўёки хорижда осон пул топиш мумкин, деган ақийда айниқса ёшлар орасида кўп тарқалаётганини кўриш мумкин. Кези келганда шуни айтиш лозимки, хорижга ишлашга чиқиш кишилардан маълум даражада тайёргарликни, бу борада жиддий ёндашувни ҳамда мусофирчиликда бўладиган қийинчиликларни енгиб ўтишни талаб этади.
Афсуски, бу борада айрим кишилар оқибатини ўйламасдан қилган ишлари, ёшларимизнинг шошма-шошарлик билан чет элга чиқиш, турмушдаги барча муаммоларни ҳал этишда нажот бўлади қабилидаги фикр-ҳаёллари аксарият кишиларнинг хорижга бориб ишлаш масаласига енгил-елпи қараётганидан далолат беради. Маълумки, баъзи ота-оналарнинг фарзандларини ёки ёш оилалар яқинларини ўйламай-нетмай хорижга ишлашга юбориб, охир-оқибатда хижолат бўлиб қолганларига ўзингиз ҳам кўп гувоҳ бўлгансиз. Бу борада, айниқса, ёшларимиз учун чет элда ишлашга боришдан олдин, бу масалага ҳар томонлама ўйлаб ёндашиш, биринчи галда, бирор касбни эгаллаш ва унинг сир-асрорларини ўрганиш, билимларини юртимиздаги корхоналарда иш фаолиятлари давомида синаб кўриш ҳамда маҳоратларини ошириш устида кўпроқ ишлашга ҳаракат қилиб, етарли тажриба орттирган ҳолда меҳнатда тобланишларини тавсия қилган бўлардик.
Бойликка эга бўлмоқ, албатта яхши, фақат бойликка эга бўла туриб ундан оқилона, адолатли фойдаланиш ундан ҳам яхши. Чунки, ҳаётий қонунинимиз фақат адолатдадир. Англаганимиз шуки, инсон энг аввало ўзига адолат қилмоғи керак.
Чиндан ҳам кишининг қорни тўйиши учун бир бурда нон ҳам кифоя аслида. Одам фақат танасига мадор кераклиги учун, ҳаракатда бўлиши учун овқат ейди. Бунинг учун жуда катта бойлик орттириш, дунёни ишғол қилиш ёки ўзга юртларда сарсон бўлиш, у ерларда жоҳиллар қўлига тушиб, юртига касалванд бўлиб қайтиб келиш шарт эмас. Дунёнинг нариги чеккасига борсангиз ҳам Худо сизга ажратган ризқни оласиз, хозирга қадар ҳеч бир зот бундан ортиғини ололмаган. Ундан кўра борига шукр қилишликни ўрганиб, ҳар-биримиз шундай тинч ва осуда Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ривожига ўз ҳиссамизни қўшиб, оиламиз бағрида бўлайлик. Мисол тариқасида оладиган бўлсак, хозирда Ўзбекистонда қанчадан қанча ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бинобарин, қурилиш дейсизми, фан-техника соҳаси дейсизми, қайси соҳада ишлайман десангиз, ишлаш мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ватанингизни севинг, уни ардоқланг. Ватан олдидаги бурч ва мажбуриятларингизни чин дилдан адо этинг. Зеро, Ватанга муҳаббат қўйиш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан мерос қолган.

У.Бекязов
Ҳазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом-хатиби

Check Also

ХIХ АСР ОХИРИ ВА ХХ АСР БОШЛАРИДАГИ САМАРҚАНД МАЪРИФАТПАРВАРЛИК АДАБИЁТИ НАМОЯНДАЛАРИДАН БИРИ САБРИЙ МУФТАҚИРИЙ МЕРОСИ

Сабрий нақшбандия тариқати вориси, ХХ аср бошлари адабий жараёнига ўзига хос ҳисса қўшган, шоир, шайх …