Home / МАҚОЛАЛАР / Ватан – саждагоҳ каби муқаддас

Ватан – саждагоҳ каби муқаддас

Ватан – инсоннинг туғилган, киндик қони тўкилган жойдир, болалик, ёшлик даври ўтадиган, таълим-тарбия топадиган жойдир, сафар қилса, мудом қўмсайдиган жойдир. Ватанни севиш, унинг равнақи йўлида хизмат қилиш, уни ёмон кўздан, қора кучлардан ҳимоя қилиш, унинг шаънини юқори кўтариш – буларнинг барчаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган муҳаббатимизнинг, У Зотнинг ҳабиби, Расули Муҳамамд соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатимизнинг маҳсулидир. Зеро, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу туйғуни инсоннинг фитратига қўшиб яратган. Бу туйғу нафақат инсонда, балки бошқа махлуқотларда ҳам бор. Ватанни яхши кўриш, ватанни қўмсаш туйғуси жониворларда ҳам бор. Балиқ сувга, ҳайвон ўзининг инига, ҳашарот уясига интилади. Ўша ақли йўқ жониворлар ҳам, ҳашаротлар ҳам ўзининг уйини танийди, уни қуради, унда жуфти билан яшаб, наслини давом эттиради, зарур пайтда уни ҳимоя қилади. Шундай экан, ақлу заковат, тафаккур ато этилган, борлиқдаги мавжудотларнинг гултожи бўлган инсонда эса бу туйғу юксак даражада ривожланган бўлиши лозим.

Миллий давлатчилик асослари шаклланиб, кучли давлатдан кучли фуқаролик жамиятига изчил ва босқичма-босқич ўтилмоқда. Мамлакат ҳавфсизлиги ва сархадларининг дахлсизли тўлиқ таъминланиб, мудофаа қобилиятини мустаҳкам базаси яратилди.Қуролли кучлар сафида хизмат қилиб, йигитлик бурчини адо этиш энг маъсулиятли ва шарафли бурчдир.

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):

«Ҳалокатга элтгувчи етти нарсадан сақланинглар: Ширк келтиришлик, сехр-жоду билан шуғулланиш, ноҳақдан бегуноҳ одамни ўлдириш, судхўрликқилиш, етим молини ейиш, жанг майдонидан қочиш, покиза иффатли мўмина,ўзи бехабар аёлга тухмат қилиш»-деб ҳақиқий мўмин мусулмонларга хос бўлмаган мазкур иллатларга қўл уришдан қайтарганлар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва у ёрдам бергувчиларнинг яхшисидир» (Оли Имрон сураси 150-оят).

Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуйидаги сўзлари мамлакатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш мақсадида кечасию кундуз хизматда турган ўғлонларимизга яхши кўрсатма-ўгитдир: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш, бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир» (Имом Табароний “Авсот” асарида ривоят қилган).

Жаноби сарвари олам яна: «Кечалари Аллоҳдан кўрқиб ёш тўккан кўзни ва Аллоҳ йўлида тунлари посбонлик қилиб, мижжа қоқмаган кўзни дўзах ўти куйдирмайди» (Имом Термизий ривояти), дея эл-юрт ҳимоясида турувчилар мушарраф бўладиган мукофотдан хабар берганлар.

Шуни ҳисобга олиб, харбий бурчни бажариш учун чақирилган йигит ғурур билан жонажон ватани, азиз ота-онаси, қадрдон ака-укаси, опа-синглиси ва ўз оиласини ҳимояси йўлида бел боғлаб, хизматга киришни ҳамда қасамёд қабул қилиб, ҳарбий либос кийган ҳолда белгиланган тартиб, қонун-қоидаларга бўйинсунишни ўзи учун шараф ва ифтихор деб билиши керак. Уни Ватани ва халқининг олқиши, раҳматига муяссар қиладиган йўл шудир.

Жонажон Ватанимизнинг баркамоллиги ва ижтимоий-сиёсий жиҳатдан барқарорлигини, ҳамда тинчлигу осойишталигининг бардавомлигини таъминлаш учун харбий ёки муқобил хизматни ўташга тайёр турган юртимизнинг барча довюрак ва жасур ўғлонларига Аллоҳ таоло Ўзи ҳамиша мададкор бўлсин.

 

Мансуров Шокиржон
Наманган вилояти Учқўрғон тумани
“Саидхон эшон” жомеъ масжиди бош имом хатиби

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …