Home / МАҚОЛАЛАР / Фуат Сезгин — Имом Бухорий асарларининг Туркиядаги тадқиқотчиси

Фуат Сезгин — Имом Бухорий асарларининг Туркиядаги тадқиқотчиси

Фуат Сезгин (24 October 1924 – 30 June 2018) 20  асрнинг бошлари ва 21 асрнинг биринчи чорагида яшаб ўтган, асли туркиялик исломшунос олим. У Германиянинг Франкфурт шаҳридаги  Иоганн Волфганг Гёте университетининг фахрий профессори бўлиш билан бир вақтда бу ерда Араб Исломий фанлар тарихи институтининг асосчиси ва фахрий директори ҳам бўлган.

Фуат Сезгин илм соҳасидаги ўз докторлик даражасини 1950 йили Истамбул университетида олган эди. Унинг диссертация мавзуси Ғарбдаги шарқшуносларнинг ишонч ва қарашларига  қарши равишда “Ал-Бухорийга асос бўлган манбалар” – деб, аталган эди.  Маълумки, Ал-Бухорий тўплаган  Ҳадислар тарихан 7 – асрга тааллуқли ёзма манбалар ва оғзаки гувоҳликларга бориб тақалади.

У 36 ёшга тўлган пайтда Истамбул университетида мударрислик лавозимини эгаллаган эди, бироқ, шу йили мамлакатда кечган  сиёсий ва ижтимоий тартибсизликлар туфайли ўз фаолиятини давом эттира олмади ва Германияга кетишга мажбур бўлди. 1961 йили у Германиянинг Франкфурт университетида таклиф қилинган профессор сифатида  иш бошлади. 1965 йили эса шу университетнинг профессори этиб тайинланди.

Профессорнинг бу ердаги илмий тадқиқотлари исломнинг олтин даврига қаратилди. 1982 йили Фуат Сезгин араб исломшунослик фанлари тарихи институтини ташкил қилишга муваффақ бўлди. Бугунги кунда бу институтда дунёдаги араб ислом фанлари тарихига оид деярли энг тўлиқ илмий матнлар ва библиографик маълумотлар  коллекцияси жамланган. 1983 йили эса Фуат Сезгин ўзи  бунёд  қилган  институтда – “Исломий фанлар ва технологиялар”- деб номланган ноёб музей ташкил қилди.

У ушбу  музейда тарихан  араб ва ажам халқларига ва айни пайтда ислом динига тегишли бўлган осори – атиқалар, илмий асбоб – ускуналар, хариталарни тўплади. Худди шундай музей кейинчалик 2008 йили  Истамбулда ҳам  барпо этилган. Ўхшаш бўлган  ушбу  музейлардаги экспонатлар ва илмий-тарихий хариталарнинг  миқдори  800 тадан ошади.

У кўплаб илмий китоблар ва мақолаларнинг муаллифи саналади. Жумладан араб-ислом фанлари тарихига бағишланган 13 жилдлик  асарлар тўплами  Фуат Сезгиннинг  муҳаррир ва муаллиф сифатидаги  “Араб-ислом фанлари тарихи” журналида 1967-2000 йиллар давомида  чоп қилинган. Шунингдек, унинг 5 жилдлик табиий исломий фанлар тарихига  бағишланган асарлар тўплами  муаллифнинг  Франкфуртдаги -“Исломий фанлар ва технологиялар” – музейи ҳаволалари учун асос бўлган ҳужжатлар тўпламидан иборат.

Фуат Сезгиннинг таъкидлашича, мусульмон денгизчилари томонидан қолдирилган 1420 йилга оид харита – ҳужжатларнинг ва ундаги махсус белги ва ёзувларнинг далолат қилишича, улар Шимолий ва Жанубий Американи забт этганлар.

Фуат Сезгин амалга оширган хизматлари учун кўплаб машҳур ва эътиборли мукофотларга сазовор бўлган, жумладан 1978 йили унга исломий  тадқиқотлари учун  халқаро Подшоҳ Файсал  мукофоти берилган. Ушбу халқаро мукофот  Нобель мукофотига тенг келадиган мукофот бўлиб, яқиндагина  Россия Федерациясининг Президенти В. Путин ва Татаристон  республикасининг Президенти М. Шаймиевларга ҳам  берилди.

 Бундан ташқари унга “Германия Федератив республикаси олдидаги хизматлари учун” ордени ҳам берилган. У Туркия Фанлар Академиясининг аъзосидир. Шунингдек Фуад Сезгин Марокаш  Қироллиги академияси, ҳамда Қоҳира, Дамашқ ва Бағдод фанлар академияларининг ҳам ҳақиқий аъзоси саналади.

2012 йилнинг  24 сентябрида Анқара мэрияси томонидан шаҳардаги майдонлардан бирига унинг номи берилди. Майдондаги унга бағишланган рельеф Фуат Сезгин ва унинг рафиқаси Урсула ҳозир бўлиб турган пайтда тантаънали  тарзда очилди.

Фуат Сезгин томонидан нашр этилган асарларни  қуйидаги тартибда келтириш мумкин. Булар сирасига:  Исломий география,  Исломий математика ва астрономия, Исломий тиббиёт, Хорижий сайёҳлар наздидаги исломий дунё, Ислом фалсафаси, Исломдаги мусиқа фани, Исломдаги табиий фанлар, Ислом нумизматикаси, Ислом дунёсида сонлар, Ислом меъморчилиги, Исломда тарихшунослик ва фанлар таснифи ҳамда Бошқа мавзулардаги илмий адабиётлар кабиларни  кўришимиз мумкин.

Юқоридагилардан  маълум бўладики, олим Ислом дунёси томонидан  бунёдга келтирилган илм хазиналарини ўзига хос тарзда, мавжуд воқеликдан келиб чиққан ҳолда, аниқ  қилиб,  таснифлашга интилган.

Фуат Сезгин ижодида бизни алоҳида ўзига жалб этадиган жиҳатларнинг бири бу, унинг  томонидан ёзилган илмий диссертация – “Ал-Бухорийга асос бўлган манбалар”-дир. Аён бўлишича, Профессор, доктор Фуат Сезгиннинг бу китоби  Имом Буъхорий “Ал-Жоме  Ас – саҳиҳ” асарини   ўрганиб чиқиш жараёнида  жуда кўп умумий ва нотўғри тушунчаларни тўғрилайди. Бу нотўғри тушунчалардан бири, яъни Имом Бухорий ҳазратлари ушбу китобни яратган вақтда араб диёрининг турли ўлкаларини  бирма-бир айланиб, ҳадисларнинг оғзаки нутқларини йиғиштириш мақсадида бўлганлар. Айни пайтда бу тадқиқот иши Имом Бухорийнинг фойдаси  сари бўлган ёзма манбаларни очиб беришда қўл келади. Ушбу асарнинг муаллифи бўлган Фуат Сезгин қандай қилиб  тарихий манбаларга  баҳо бериш усулини  намойиш этади.

Бизнинг фикримизча, Фуат Сезгинга тегишли бўлган алоҳида хизматлардан бири Ғарб мамлакатларида унга қадар  араб ва шарқ мамлакатлари тарихини, жумладан Ислом тарихини ўрганишга системали тарзда эмас, балки ҳар ким қўлидан келгани қадар ёндошганлигини  кўрсатиб берганлиги ва бу улкан юмушни  қатъий хронологик тартибда ҳамда  системали   тарзда, яъни тизимли равишда  ўрганиб  бошлаганлигидир.

Профессор Фуат Сезгин масалан Ислом фалсафаси ҳақидаги ўз тадқиқотларида  Абу Наср Ал Фаробий тўғрисида сўз юритиб, ўн олти босма табоқдан зиёд бўлган маълумотларни, шу жумладан бутун Ғарб дунёсида бу машҳур файласуф ҳақида битилган тадқиқотларни номма-ном келтириб ўтади. Мисол учун  Ал Фаробий қаламига мансуб қуйидаги асарларни  олишимиз мумкин:

“Рисола  фи фазилатил ал-улум ва синоат”. –  رسالة فى فضيلة العلم وسناءة

(Илм ва синоатнинг фазилати ҳақидаги рисола)

 “Рисола фи масаил мутафарриқа”. – رسال مسائل المتفرقة

(Муаммоларни ҳал қилиш рисоласи )

“Рисола фи исбат ал-муфарриқат,  ат-таълиқат”. كتاب في إثبات المفارقات التعليقات – (Фавқулодда воқеликларнинг исботи ҳақидаги китоб)

“Китаб ат-танбиҳ ала сабил ас-саъда” – كتاب التنبيه على سبيل السعادة

(Бахт йўлида огоҳлантириш китоби)

“Китаб  таҳсил ас-саъда”. – كتاب تهسيل السعادة

(Бахтнинг кўзёшлари китоби)

“Китаб  ас-сиясат  ал-мадания”.- كتاب السياسة المدنية

(Маданий сиёсати китоби) ва бундан ташқари  “Шарҳ рисалат Зинун ал-кабир ал-юнани” –  شرح رسالة ذنون الكبر الينينى

 (Зунун ал-кабир Ал-Юунаний рисоласининг шарҳи) сингари  китобларнинг номларини  санаб ўтишнинг ўзи кифоя.

          Бундан ташқари  Абу Наср Ал Фаробий  қаламига мансуб бўлган  “Китаб ал мусиқа  ал  кабир” ( كتاب ال مسيقالكب) “Китаб иҳса ал иқаат” сингари  музикага оид асарлар борки, ушбу асарларда ислом дунёсида мавжуд бўлган ва қадим замонлардан буён шаклланиб келган мусиқа илмига оид  кўплаб муҳим  маълумотлар  жамланган. Абу  Наср Фаробийнинг «Иҳса ал улум» (إحصاء الوعلوم) – “Илмларнинг таснифи”  китоби дастлаб 1986 йили Истанбулда Назарбек Раҳим таржимасида чоп этилган. Ушбу китобга дахлдор бўлган ва таснифи келтирилган  “Илм ал мусиқа” (الم ال موسيقى)- “Мусиқа илми” китоби изоҳларининг бирида айтилгани каби Шарқ олимлари ҳам Пифагорчиларга эргашиб, ўрта асрларда мусиқани математик илмлар қаторига қўшган эдилар.

Шу сабабли Ғарбда ҳам мусиқа истилоҳлари математик терминлар  миқдори билан ўлчанади, масалан: квинтет, квартет, триолет ва ҳокозо.

Аммо қадимий Эронда мусиқа санъати даҳоларидан Барбод, Паҳлабод сингари  санъаткорлар кашф этган мусиқа асарларининг баъзилари (дугоҳ, сегоҳ, чоргоҳ …) миқдорга алоқадор бўлса-да, қолганлари миқдорга эмас, балки қалбларни ларзага солувчи ҳаётий воқеалар билан боғланган эди.

Мисол учун: М. Наршаҳий  “Бухоро тарихи”да  ёзишича, Суғд ўлкасида Сиёвушнинг ўлимига бағишлаб  ёзилган марсия, мотам мусиқаси ҳисобланган. Бундан ташқари, тарихдан маълумки, Алишер Навоий ғазалларига басталанган жуда кўп куйлар ҳам миқдорга эмас, балки маъноли оҳанглар билан  алоқадордир.

Ислом илмининг ютуғи саналган бундай асарларнинг бутун Ғарб мамлакатларида лотин тилига таржима қилиниб у ердаги халқлар томонидан ушбу асарларнинг  фойдаланиб келинганлигини Фуат Сезгин ўз тадқиқотларида исботлаб берган.

Шунингдек, Фуат Сезгин машҳур табиб Абу Али ибн Сино ҳақида, жумладан унинг фалсафий китоблари ва унинг китобларини тадқиқ этувчилари ҳақидаги ўзининг йиққан маълумотларини  20 босама табоқдан каттароқ китобга жойлайди. Ушбу китобда Фуат Сезгин  Ғарбда Авиценна деб ном чиқарган буюк ватандошимизнинг оламшумул асарлари, унинг беқиёс ўрни ҳақида сўз юритади, ва айни пайтда ибн Сино томонидан ёзиб қолдирилган асарлар кўп асрлар мобайнида бутун дунё олимлари, тиб ва бошқа билим соҳаларининг эгалари томонидан муттасил ва синчковлик билан ўрганб чиқилганлигини қайд этади. Ислом оламининг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини катта қониқиш ва қатор-қатор далиллар билан исботлашга муваффақ бўлади.

Сезгин Ибн Сино қаламига мансуб фалсафий китоблар ҳақида сўз юритганда қуйидаги мисолларни  келтиради:

Рисала фи ат-табиат мин уюн ал-ҳикма. – رسالة في الطبيعة من  عيون الحكمة

(Ҳикмат булоғларидан иборат табиат ҳақида рисола)

Рисала фи ал-ажрам ал-улвия – رسالة في الأجرام العلوية

(Олий ажром (жисм)лар китоби) 

Рисола фи ал-қува ал-инсания ва-л-идракия –  رسالة في القوة الانسانية و الادراكية

(Инсон идроки ва қувваи ҳофизаси ҳақида рисола)

Рисала фи ал-ҳудуд. – رسالة في الحدود

( Ҳудуд ҳақида рисола)

Рисала фи ақсам ал-улум ал-ақлия. – رسالة في اقسام العلوم الاقلية

(Ақлий илмларнинг қисмлари ҳақида  рисола)

Рисала фи исбат ал-нубуват ва таъвил румузиҳим ва амсалиҳим. –

   رسالة في اثبات النبواة و تعويل رموزهم و امثالهم

(Пайғамбарликнинг белгилари ва мисоллари ҳақидаги китоб)

Ар-Рисала ал-найрузия фи маании ал-ҳуруф ал-ҳижаия. –

   الرسالة النوروزية في معاني الحروف الهجائية

(Ҳижоий  алоҳида ҳарфлар маънолари ҳақида рисола.)

Рисала фи ал-аҳд. –

   الرسالة في العهد

(Аҳд ҳақида рисола)

Рисала фи ал-илм ал-ахлақ. –

   الرسالة في العلم الاخلاق

(Ахлоқ илми ҳақида рисола)

Мантиқ ал-машриқийн. –

منطق المشرقين

(Шарқликлар  мантиқи)

Яна шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтишни истар эдикки, инсон умрининг албатта поёни бор, лекин Фуат Сезгин каби буюк олимларнинг  қилган хизматлари дунё халқлари  хотирасидан ўчмайди. Профессор, доктор Фуат Сезгиннинг “Исломда фан ва технология тарихи” – деб номланган фонди  жаҳондаги барча халқлар ва ёшларни илм ва илмий изланишлар сари чорлаб,  ишлаб турибди.

Рустамов Очил  Юсупович, доцент.
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
 
Фойдаланилган манбалар:
The Tables of al-Khwarizmi and the Tabulae Tolentanae. Texts and Studies. Collected and Reprinted. Ed. F. Sezgin. 355pp, 2007. (Historiography and Classification of Science in Islam.)
  1. Camerarius (Ed.): Alpharabii, vetustissimi Aristotelis interpretis opera omnia, quae, latina linguâ conscripta, reperiri potuerunt. (1638)
  2. G. Farmer. Al Farabis Arabic-Latin writings on Music.(1934)
Efros: Palquera’s Reshit Hokmah and Alfarabi’s Ihsâ’ al ‘ulum. (1935)

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …