Home / АЛЛОМАЛАР / Мовароуннаҳр мутакаллим уламолари ва уларнинг асарлари дунё алломалари нигоҳида

Мовароуннаҳр мутакаллим уламолари ва уларнинг асарлари дунё алломалари нигоҳида

Арабистон ярим оролида вужудга келган ислом дини Мовароуннаҳрда ўз ривожини топди десак, хато бўлмайди. Ислом динига қувват бўлган ана шундай буюк алломалар бизнинг юртимиздан етишиб чиқди. Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг ҳар соҳани забт этган алломаримиз тарихини ўрганишимизга имконият яратилди. Биз эса тафсир, ҳадис, калом, тасаввуф каби илмларни мукаммал эгаллаган аждодларимиз тарихини ўрганишга киришдик. Жумладан, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Замахшарий, Абул Муъин Насафий, Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий, Нажмиддин Умар Насафий каби алломаларимизни санаб ўтишимиз мумкин.

Буюк аждодларимиз ислом динининг барча соҳаларини ўрганиш билан бирга калом (ақида) илмининг ривожланишида ҳам улкан ҳиссаларини қўшганлар. Турли хил ақидалар тарқалиб, бутун уммат залолат ёқасида турган бир пайтда, Мовароуннаҳр мутакаллимлари ўзларининг сермаҳсул ижодлари билан умматнинг тўғри йўлни топишларида ҳиссалари катта бўлди. Уларнинг энг биринчилари имом Мотуридийдир.

Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий Самарқандда туғилиб, ўсиб, таълим олиб, ижод қилиб, шу ернинг ўзида ҳижрий 333 санада вафот этган.

У киши Ҳанафий мазҳабида бўлиб, Имоми Аъзамнинг шогирдлари имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳининг икки восита ила шогирдлари бўлган. Яъни, у кишининг устозлари имом Муҳаммаднинг шогирдлари бўлган.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи фуқаҳолар ва муҳаддислар чақирган нарсага чақирган. У киши жуда ҳам машҳур бўлиб, Мовароуннаҳрда барча унга мурожат қилган. Улар у кишидан фиқҳ, усулул фиқҳ ва бошқа диний илмларни таълим олганлар.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи усул бўйича «Китобул жадал»ни ва фиқҳда «Маъохизуш-шарийъа»ни таълиф қилганидан кейин шуҳрати яна ҳам ошиб кетди. Шундан кейин илми каломда шуҳрат қозониб, Хуросон аҳли эргашган мазҳаб соҳибига айланди. Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ақийдадаги мазҳаби Абулҳасан ал-Ашъарийнинг мазҳабига тенг бўлди.

Имом Абу Мансур ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Таъвилоти аҳли-сунна» номли тафсирида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилган ва ҳаммаларига раддия берган. У киши Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаган.

Саъдуддин Тафтазоний, имом Таҳовий, имом Умар Насафий, Фахрул Ислом Баздавий, ибн Ҳумом, Абу Муъин Насафий ва бошқа уломолар ақоид илмининг мотуридия йўналишида кўзга кўринган уломолардан бўлдилар[1].

Мотуридия уламоларининг энг машҳурларидан Абул Муъин ан-Насафий (438-508 ҳ. 942-1114 м.) ўзининг «Табсирату-л-адилла» китобида шундай ёзади: «Абу Мансур ал-Мотуридий вафот этганида яқин шогирдларидан бири Абулқосим ал-Ҳаким унинг қабр тошига қуйидаги битикни ёздирган экан:

«Бу қабр нафаслари миқдоридаги илмларни ўзида жам этган, бор кучини у илмларни тарқатиш ва ўргатиш билан тугатган, бас, шунинг учун диний асарлари мақтовга сазавор бўлган ва ўз умридан серҳосил меваларни олишга эришган зотнинг қабридир»».

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг ислом оламида ва аҳли илм ичидаги мартабалари жуда ҳам юқори бўлган. У кишига мусулмонлар жумҳури томонидан олий унвонлар берилган. «Имомул Ҳуда» (ҳидоят имоми), «Аламул Ҳуда» (ҳидоят байроғи), «Мусаҳҳиҳи ақийдати аҳли сунна» (Аҳли сунна ақийдасини тўғрилагувчи), «Имомул Мутакаллимийн» (Мутакаллимларнинг имоми) каби унвонлар шулар жумласидандир. Ўша пайтда «илми калом» номи танилган ақоид илмида барча уламоларга пешво бўлганлари учун имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳини мусулмонлар жумҳурми шу ном билан атаган.

Калом илмида чуқур из қолдирган алломалардан яна бири Абул-Муъин Насафийдир. Алломанинг тўлиқ исми Маймун ибн Муҳаммад ибн Муътамид ибн Макҳул бўлиб, у 1027 йилда Насаф (Қарши)да таваллуд топган. Узоқ йиллар Бухоро ва Самарқандда яшаб ижод қилган. У ҳақидаги айрим маълумотлар насафлик бошқа бир олим – Умар ибн Муҳаммад ан-Насафийнинг «ал-Қанд фий зикри уламои Самарқанд» («Самарқанд олимлари зикрида қанддек (ширин) китоб») номли асарида келтирилади. Унинг ёзишича: «Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари Абул Муъин ан-Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, ул таратган зиё нурларини кўзларига тутийё қилиб суртганлар».

Абул Муъин Насафийнинг бундай улуғ мақомга сазовор бўлишига сабаб ўн бешга яқин асар яратган бўлиб, уларнинг аксарияти калом илмининг турли масалаларига бағишланган. Қўйидаги асарлар шулар жумласидандир.

  1. Ал-Умда фи усул ал-фиқҳ.
  2. Баҳр ал-каломфи илм ал-калом.
  3. Табсират ал-адиллати фи илм ал-калом.
  4. Ат-Тамҳид ли-қавоъид ат-тавҳид фи илм ал-калом.
  5. Ийзоҳ ал-маҳажати ли-кавн ал-ақл ҳужжатан.
  6. Шарҳ ал-Жомиъ ал-кабир лиш-Шайбоний фи фуруъ.
  7. Муътақадот.

Алломанинг «Баҳр ул-калом» асари алоҳида аҳамиятга эгадир. Абул-Муъин Насафий ўз китобини яратишда Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг «Ат-Тавҳид», Имом Абул-Ҳасан ал-Ашъарийнинг «ал-Ламъа», «Мақолат ал-исломиййин», Имом ал-Ҳарамайн, Имом Абул-Маолий Абдулмалик ал-Жувайнийнинг «ал-Иршод» номли асарларидан фойдаланган[2].

Калом илмига катта ҳисса қўшган аждодларимиздан яна бири Нажмиддин Умар Насафийдир. Асли насафлик булиб, умрининг асосий қисмини Самарқандда ўтказгани учун унга Насафий сумма Самарқандий («насафлик», сўнгра «самарқандлик») нисбалари ишлатилган. Ўрта аср ислом манбаларида олимлар исмига унвонларни қўшиб ёзиш анъанаси кенг тарқалган. Манбаларда Насафий кўпроқ «Нажмуддин» («диннинги юлдузи»), «Муфтий сақалайн» («инс ва жинларнинг муфтийси») каби номлар билан сифатланган бўлса, «Матлаъун-нужум» тўпламида у шайху-л-ажл, зоҳид, ҳажжож, нажмуддин, зайну-л-аимма, жамолу-л-ислом ва-л-муслимийн, муфтийу-с-сақалайн (улуғ шайх, зоҳид, кўп ҳаж қилувчи, дин юлдузи, имомлар зийнати, ислом ва мусулмонлар жамоли, ислом ва мусулмонлар қуёши, инс ва жинларнинг муфтийси) каби унвонлар билан улуғланган.

«Ал-ҳидоя» асарининг муаллифи Бурҳониддин Марғиноний: «Мен Нажмуддин Умарнинг «Камина 550 устоздан ҳадис ривоят қилурман» деб айтганини эшитганман» дейди.

Насафий мотуридий таълимотини ривожлантирган Абул-Муъин Насафийдан (1027-1114) калом илми бўйича таълим олади ва унинг асарлари асосида ҳанафий-мотуридий таълимотининг меъёрларини иўлаб чиқади. Нажмуддин Умар Насафий ушбу таълимотни Самарқанд мадраса ва масжиддастурига киритади. Мотуридий таълимоти авваллари тор доирада ўқитилган бўлса, ХII аср бошларига келиб, бошқа ҳудуларга ёйила бошлади. Айнан Нажмуддин Умар Насафий ушбу таълимотнинг янада кенг ёйилишига катта ҳисса қўшди[3].

Бугунги кунимизда кўплаб ақидада адашиб, ҳар хил оқимларга кириб кетаётган ёшларимизни бундай ҳалокатдан қутқариб қолишликка барчамиз масъулмиз. Шундай экан, буюк аждодларимиз мисли кўрилмаган чуққиларни забт этиб, бутун мусулмон оламига дастурул амал қилиб қолдирган соф исломий ақида асосидаги асарларини ўрганиб ёш авлоднинг онгига сингдиришимиз керак. Ақидада адашишлик эса, энг катта фалокатдир.

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими
Ниёз Эшмуродов
[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.  Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. Б.42-43.
[2] Тошкент ислом университети 2002. Буюк алломаларимиз Б. 47-48.
[3] Зиёдов Ш. Маҳмудов Қ. Самарқанд алломалари.  –Самарқанд. Имом Бухорий халқаро маркази, 2017. –Б.123-125.

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …