Home / АЛЛОМАЛАР / Абул Фазл Ҳоким Шаҳид ва “Ал-Кофий” асарининг ислом оламида тутган ўрни

Абул Фазл Ҳоким Шаҳид ва “Ал-Кофий” асарининг ислом оламида тутган ўрни

“Ҳоким шаҳид” номи билан танилган Абул Фазл Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Суламий ал-Марвазий Балхий 855 йил Марв шаҳрида туғилган. Самъонийнинг маълумотига кўра, у Бухоро қозикалони бўлган, Сомонийлар амири Нуҳ ибн Насрга фиқҳдан таълим берган. Амир уни бош вазир этиб тайинлаган.

Самъоний унинг 14 устози номини келтириб, 60 минг ҳадисни ёддан билганлигини ва доимо вақтини диний китоблар ва ибодатда ўтказганлиги ва давлат ишларига жуда оз вақт ажратганлигини ёзган. Бу ҳарбийларнинг норозилигига сабаб бўлган ва кўтарилган исён натижасида ўлдирилган[1]. Наршахийнинг ёзишича ушбу норозиликнинг сабаби Абул Фазл вазирлик лавозимида эканлигида, 946 йили маоши вақтидан кечиктирилган аскарлар томонидан қатл қилинган. Шу сабабли унинг исмига “шаҳид” номи қўшиб айтилади.

Ҳоким Шаҳиддан Абу Бакр Муҳаммад ибн Саъид аз-Зарахший, Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Хизрий, Абу Мансур Ҳусайн ибн Али ал-Фарабрийлар ҳадис ривоят қилганлар. Булар орасида Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ал-Хизрий Абул Фазл Муҳаммад ибн Аҳмад ас-Суламийдан ҳадис илмидан таълим олганлар[2].

Ҳоким Шаҳид фиқҳга оид 8 та асар ёзган. Ушбу асарлар Абу Ҳанифа ва унинг шогирдлари китобларидан сўнг энг эътиборли китоблар саналади. Асарлари: “ал-Кофий” («Кифоя қилувчи китоб»), “ал-Мунтақий” («Танланган китоб»), “Шарҳу-л-жомиъ” («Жомиъ тўпламга шарҳ»), “Усулу-л-фиқҳ” («Фиқҳ асослари»). У уламолардан, ундан эса бошқалар ривоят қилганлар[3].

Унинг ҳуқуқий билимни кимдан олганлиги маълум эмас. Унинг ислом ҳуқуқшунослиги, хусусан ҳанафий мазҳаби бўйича катта хизмати “ал-Кофий” асарини ёзишидир[4].

Ал-Ҳоким аш-Шаҳид Муҳаммад аш-Шайбонийнинг “ал-Жомеъ ас-Сағир”, “ал-Жомеъ ал-Кабир” ва бошқа китобларидаги такрор келган масалаларни олиб ташлади ва қисқартирди ҳамда “ал-Кофий” асарини тузди. У кейинги ҳанафий фақиҳлар томонидан эътироф этилди[5].

Ҳанафий мазҳаби бўйича  “зоҳир ар-ривоя” конституциявий моҳиятга эга бўлиб, мазҳаб бўйича бошқа асарлардаги нормалар унга зид бўлиши мумкин эмас. Шу сабабли ҳам ҳанафий мазҳаби кириб келганда биринчи навбатта “зоҳир ар-ривоя” ўқитилган. Бу асарлар ўзлаштирилгандан сўнг бошқа асарлар таҳлил қилинган.

“Ал-Кофий” асарнинг аҳамияти шундан иборатки, у ҳанафий мазҳабининг асосларини ёритиб берувчи “зоҳир ар-ривоя” туркумига кирувчи олти асардаги такрор келган нормаларни олиб ташлаб, битта ягона тизимли қилиб жамланганлигидандир. Бу асарга кейинги олимлар шарҳлар ёзишди.

Наршахий ўз китобида келтирадики, “«Мухтасари Кофий»нинг муаллифи марҳум Абу-л-Фазл ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Марвазий ас-Суламий кўп йиллар давомида Бухорода қозилик қилди ва заррача ҳам ўзига айб юқтирмади; у барчага (баробар) адолат ва инсоф юзасидан иш кўрар ҳамда унинг даврида олимлик ва зоҳидликда бутун дунёда ҳам унга тенг келадиган киши йўқ эди”[6].   

ИБХИТМ Фиқҳ шўъбаси илмий ходими
Р. Элмуродов

[1] Ислом энциклопедияси. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти, 2004. –Б.182.

[2] Абдулкарим ас-Самъоний. Ал-Ансоб. Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов таржимаси. Тошкен –2017. –Б.29.

[3] Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад.Ўрта Осиё олимлари қомуси. Т:. “Имом Бухорий республика илмий-маърифий маркази нашриёти”,2007. –Б.241.

[4] А.Сарсенбаев. М.Атаев. Мовароуннаҳр фақиҳлари. Т:.“Мовароуннаҳр”,2011. –Б.13.

[5] А.К.Муминов. Ханафитский мазхабв истории Центральной Азии. Алматы:.Қазақ энциклопедиясы, 2015. –Б.116.

[6] Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар анНаршахий. “Бухоро тарихи”.А.Расулев таржимаси. Т:. “Мерос”. –Б.6.

Check Also

МАВЛОНО ЮСУФ – БОБУР МИРЗОНИНГ ХОС ТАБИБИ

Мавлоно Юсуф Хуросоннинг Ҳирот яқинидаги Ҳавоф (Ҳаф) шаҳрида табиб оиласида туғилган. Тўлиқ исми – Юсуф …