Home / МАҚОЛАЛАР / Мотуридий ва Ашъарийлар орасидаги фарқлар

Мотуридий ва Ашъарийлар орасидаги фарқлар

Мотуридий ақидаси билан Ашъарий ақидаси ўртасида бир неча масалаларда қарама-қаршиликлар бор. Уларни баъзи олимлар 15 та, бошқалари 40 та, ҳатто, 50 тагача санаб етказганлар.

Ўн биринчи асрнинг уламоларидан бири Камолиддин Баёзий Ҳанафий ўзининг “Ишаротул маром мин ибаротил имом” асарида Мотуридий ва Ашъарийлар орасидаги фарқли масалаларнинг элликтасини келтириб ўтади[1].

Аҳли Сунна вал жамоа мазҳабининг икки катта имомларининг ақидаларини солиштириб кўрган шайх Муҳаммад Абдуҳ икки томон ўттизга яқин масалада хилоф қилганларини, аммо аксар уламолар бу хилофлар фақат лафзда экани, жавҳар эса тамоман бир-бирига ўхшаш эканини таъкидлашларини қайд қилган.

Бу масалани чуқур ўрганган мутахассислардан Аҳмад Амин ўзининг «Зуҳрул Ислом» номли китобининг 4 – жузида «Мотуридий ва Ашъарий фарқли қараган масалалар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Баъзилар уларни қирқта масалага етказган», деган. Шу билан бирга бошқа олимлар каби Аҳмад Амин ҳам мазкур масалалардаги фарқланишни хилоф деб бўлмаслигини таъкидлаб «Менимча, уларнинг орасидаги хилоф лафзий бўлган, холос», дейди.

Мотуридий ва Ашъарийлар фарқли қарашган масалаларни бу шаклда бўлишига икки имомнинг ўзлари эргашган фиқҳий мазҳаблари таъсирида бўлганлиги очиқ – ойдин кўриниб туради.

Имом Мотуридий ҳанафий ва имом Ашъарий шофеъий бўлганлари учун баъзи масалаларда ўз мазҳаблари тушунчаларидан келиб чиқиб фикр юритган бўлишлари табиий.

Баъзи муҳаққиқ уламолар Мотуридий билан Ашъарийнинг ораларида асосан учта масалада хилоф борлигини айтадилар.

Биринчиси: Ашъарий ҳолни нафий қилади ва шунинг учун унинг фикрича сифати зоидалар йўқ ҳисобланади. Мотуридий эса уларни собит дейди.

Иккинчиси: имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи, “Таквийн сифати бор, у ҳар бир махулққа шомил сифатдир”, дейди. Ашъарий бу номдаги сифат йўқлигини айтади.

Учинчиси: Имоннинг зиёда ёки ноқис бўлиши.

Ашъарийлар имон зиёда ва ноқис бўлади, дейдилар. Мотуридийлар имон зиёда ва ноқис бўлмайди, дейдилар.

Бу тортишувларга уларнинг имонни турлича таъриф қилганлари сабаб бўлган. Имон тасдиқ, иқрор ва амалдан иборат деганлар, имон зиёда ва ноқис бўлади, деган.

Имон тасдиқ ва иқрордир деганлар, имон зиёда ёки ноқис бўлмайди, лекин амал зиёда ва ноқис бўлади, деган.

Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи бу маънони қуйидагича ифода этган:

«Имон Аллоҳ таолодан келган нарсани тасдиқлаб, унга иқрор бўлишдир. Аммо амаллар ўзлари зиёда бўлади. Имон зиёда ҳам, ноқис ҳам бўлмайди».

Икки тараф қуйидаги оятларни ўз таърифларига биноан тафсир қилиб, бирлари зоҳирий маънони олса, иккинчилари амалга таъвил қилади.

  1. «Вақтики, уларга У зотнинг оятлари тиловат қилинса, имонларини зиёда қилур», (Анфол: 2).
  2. «Аллоҳ ҳидоятга юрганларнинг ҳидоятини зиёда қилур», (Марям: 76).
  3. «Имон келтирганлар имони зиёда бўлур», (Муддассир: 31).
  4. «Имонларига имон зиёда бўлиши учун», (Фатҳ: 4).
  5. «Бас имонларини зиёда қилди. Улар, Аллоҳ бизга кифоя қилур. У қандоқ ҳам яхши вакил, дедилар», (Оли Имрон: 173).
  6. «Вақтики, бир сура нозил қилинса, улардан баъзилари: «Бу сизлардан қай бирингизнинг имонини зиёда қилди?» дерлар. Бас у имон келтирганларнинг имонини зиёда қилди», (Тавба: 124).

Ашъарийлар қазо ва қадарни қуйидагича таърифлайдилар:

«Қазо – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандоқ бўлишини азалдан билишидир».

«Қадар – ўша нарсаларнинг Аллоҳ таолонинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».

Мотуридийлар қазо ва қадар лафзларининг ўрнини алмаштирадилар[2].

Имом Абулҳасан ал-Ашъарий ва имом Абу Мансур ал-Мотуридийлар Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг икки тенг ҳуқуқли ақидавий мазҳаб имомларидир.

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби мусулмонлар жумҳурининг асл ақидавий мазҳаби эканлиги зикр қилинган ва улардан бошқа турли фирқаларга муқобил бўлган бу мазҳаб асрлар оша мўмин-мусулмонларнинг ақидавий мазҳаби ўлароқ тан олиниб келмоқда.

Ашъарийлар ва мотуридийлар орасидаги фарқлар озлигини аввал ҳам айтиб ўтдик. Аммо бошқа масалаларда бир-бирини кўрмаган икки улуғ имомнинг илмий изланишлари бир хил натижа бергандир. Бу ҳам Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақ экани далилидир.

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими
Шоназаров Абдувоси

 

[1] Камолиддин Баёзий Ҳанафий. “Ишаротул маром мин ибаротил имом”. Б. 40.

[2] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар”. Тошкент-2011. Б. 44-45

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …