Home / МАҚОЛАЛАР / Тафсир илмининг вужудга келиши ва биринчи муфассирлар

Тафсир илмининг вужудга келиши ва биринчи муфассирлар

Буюк уламолар орасида Қуръони каримни кишиларга кенгроқ тушунтириш учун уни тафсир ва таъвил қилиш зарурати туғилди. Бу масъулиятли ишга Қуръони каримни тафсир ва таъвил қилиш, илмига эга бўлган бир гуруҳ уламолар иш бошладилар.

Муфассирлар ўртасида тафсир ва таъвил сўзи бир маънони англатадими ёки икки хил маънони англатиши ҳақида мунозара қиладилар. Биринчи муфассирларнинг кўпчилиги иккаласи ҳам бир маънони англатади десалар, кейинги муфассир олимлар ҳар бирига алоҳида маъно бериб, тафсир бу – бир нарсани яъни бир сўзни ёки оятни махфий ҳолидан очиқ ва ошкора ҳолига чиқариш деб айтдилар. Таъвил эса каломни асл маъносидан далил билан бошқа маънога кўчириш деб баён қилдилар.

Имом Ғаззолий ўзининг “Жавоҳирул Қуръон” номли тафсирида ҳам Қуръон илмлари борасидаги суҳбатларини давом эттириб, жумладан, шундай дейди: Қуръон илмлари икки қисмдир. Биринчиси садаф ва қобиқ илми (Бу илм билан Қуръон оятларининг таркибий ва зоҳирий қисми ўрганилгани учун мағизнинг устидаги данаги ёки марвариднинг устини қоплаб турувчи ғилофга ташбеҳ қилинган) бўлиб, у луғат, наҳв (грамматика), қироатлар, араб ҳарфларининг талаффузи ва зоҳирий тафсир илмини ўз ичига олади.[1]

Иккинчиси мағиз илми бўлиб, у тарихий қиссалар, калом, фиқҳ, усулул-фиқҳ, Аллоҳ ва охиратни билиш, шариат илмида тўғри юриш, тариқат йўлини танлаш илмларини ўз ичига олади.[2]

Қуръон оятлари муфассал ва очиқ-равшан бўлса-да, оятлар мазмунини ҳамма-ҳам тушуна олмайди. Чунки одамлар ақл, илм ва фаҳмда бир-биридан фарқ қилади. Илмсиз киши оятларнинг фақат зоҳирий маъноларини англайди. Заковатли олим киши эса унинг туб маъноларига кириб боради. Инсон Қуръони каримни мукаммал тушуна олмаса-да, имкон қадар ўрганишга уринади. Бунинг учун у муфассирларнинг ёрдамига эҳтиёж сезади.

“Тафсир” сўзидан изоҳлаш, равшанлаштириш ва ҳар бир жумладан кўзланган маънони очиб бериш англашилади[3].

Тафсирнинг истилоҳий маъносини олимлар қуйидагича келтиради:

Тафсир – Аллоҳнинг каломини изоҳловчи ёки унинг маъноларини очиб берувчи илмдир”. Абу Ҳайён унга шундай таъриф беради: “Тафсир шундай илмки, унда Қуръон лафзларининг ифодаси уларнинг нимага далолат қилиши, ҳар бир сўз ва жумладан келиб чиқадиган ҳукмлар ва унинг ўзидан бевосита англашиладиган маънолар, шунингдек, носих ва мансух оятлар, оятларнинг сабаби нузули ҳамда тарихий қиссалардан кўзланган мақсадлар ўрганилади[4]. Бошқа баъзи олимлар уни шундай таърифлайди: “Тафсир шундай илмки, унда Қуръони мажид оятларидан Аллоҳ таоло нимани ирода қилгани инсоний нуқтаи назардан ўрганилади”[5]. Санаб ўтилган таърифларни умумлаштириб, тафсир – Қуръони карим оятларидан Аллоҳнинг муродини мумкин қадар чуқурроқ тушуниб, бошқаларга ҳам тушунтириб бера олишдир, дейиш мумкин.

Қуръони карим дастлаб нозил бўлганидаёқ тафсир қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қуръоннинг илк тафсирчиси сифатида уни саҳобаларга ва улар воситасида жами умматга ўргатиб, уларнинг маъно-мазмунини қандай тушуниш кераклигини билдирганлар. Қуръон араб тилида нозил бўлгани боис унинг зоҳирий маъносини саҳобалар ҳам тушунган. Аммо тилни билишнинг ўзи унинг ботиний маъноларини муфассал англаш учун кифоя қилмайди. Шунинг учун ҳам саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаатлар қилишган. Қуръони карим маъноларини тушуниш, идрок қилишда саҳобаларнинг даражалари турлича бўлган. Бунинг устига уларнинг ҳаммаси ҳам олим эмас, баъзилари жоҳилият даврининг “уммий” тижоратчилари эди. Ибн Қутайба бундай дейди: “Саҳобалар ғариб калималар, муташобиҳ оятларнинг маъноларини тўлиқ тушунмаганлар, балки уларнинг орасида бир-биридан фазилатда, фаҳму фаросатда ортиқроқлари бўлган”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Фотирис-самовоти” оятининг маъносини тушунмас эдим. Бир куни қудуқ талашаётган икки киши келиб, мендан масалани ҳал қилиб беришимни сўради. Улардан бири: “Ана фатартуҳа”, яъни қудуқни мен ковлашни бошлаган эдим, деди. Шундан мен “фатаро” нинг маъноси “илк бор яратиш” эканини билдим.

Демак, саҳобалар Аллоҳ таоло нозил қилган оятларни ўзларича тушунган. Тушунмаган жойларини бошқа улуғроқ саҳобалардан сўраб билган ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оятларнинг ҳикматларини, улардан ҳосил бўладиган хулосаларни баён қилиб берган. Сарвари коинотнинг Қуръон оятлари борасида айтган сўзлари ва изоҳлаш услубларидан тафсирга оид набавий ҳадислар ва оятларни тафсир қилиш усуллари пайдо бўлган.

Саҳобалардан машҳур муфассирлар қуйидагилардан иборат. Имом Суютий ўзларининг “Итқон” китобларида бундай дейдилар: Саҳобалардан ўн киши Қуръони каримни тафсир қилиш билан машҳур эдилар. Тўрт халифа, яъни Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва Ибн Масъуд, Ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит, Абу Мусо ал-Ашъарий ва Абдулло ибн Зубайр[6].

Яна булардан ташқари ҳам бир қанча саҳобалар Қуръони каримни тафсир қилувчи деб эътироф этилганлар. Булар Анас ибн Молик, Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Умар, Жарир ибн Абдуллоҳ ва Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Осс, лекин бу кишилар томонидан тафсир қилинган оятлар жуда оз.

Тобиъийнлардан ҳам Мадинаи мунавварада ва Маккаи мукаррамада ва Ироқда машҳур бўлган муфассирлар етишиб чиқди. Мадинада яшаган муфассир тобиъийнлар Убай ибн Каъбнинг шогирдлари ҳисобланади. Булар Абул Олия, Рафиъ ибн Меҳрон ар-Ромий, Муҳаммад ибн Каъб ал-Қуразий ва бошқалар.

Макка мукаррамада яшаганлари Абдуллоҳ ибн Аббоснинг шогирдлари ҳисобланадилар. Булар Саъид ибн Жубайр, Мужоҳид, Икрима ва бошқалар.

Ироқда бўлганлари Абдуллоҳ ибн Масъуднинг шогирдлари деб айтилади, булар; Алқама ибн Қайс, Масруқ ибн ал-Аждаъ ва Омир аш-Шаъбийдирлар.

Бизгача етиб келган ва келмаган буюк муфассирларнинг тафсир китоблари жуда ҳам кўп. Ҳар замон, макон, халқ, миллат, элат, мазҳаб ва йўналишнинг ўз тафсири бор, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Бутун дунёнинг, айниқса, мусулмон оламининг Қуръони каримга бўлган чексиз қизиқиши уламоларни доимо уни ўрганишга, унинг тафсирини ёзишга чорлаб келган. Қадимдаёқ тафсирлар ва муфассирлар ҳақида алоҳида катта-катта китоблар битилгани фикримизнинг далилидир.

А. Рахимов
Имом Бухорий халқари илмий тадқиқот маркази
Қуръоншунослик шўъбаси илмий ходими

 

[1] Раҳматуллоҳ қори Обидов. ҚУРЪОН ВА ТАФСИР ИЛМЛАРИ. ТИУ нашриёти-матбаа бирлашмаси. 2003 йил. –Б. 176.

[2] Имом Ғаззолий. Жавоҳирул Қуръон. Курдистон матбааси. 1329 ҳ. 21-31-бетлар.

[3] Манноъул Қаттон. Мабоҳис фий улумил Қуръон. Муассатур рисола. Байрут,1990. -Б. 323.

[4] Бадриддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Заркаший. Ал-Бурҳон. Ж.1. Дару-л-иҳяи-л-кутуби-л-арабия. Байрут, 1957. -Б. 13-14.

[5] Муҳаммад Абдулазим аз-Зарқоний. Манаҳилул ирфон фий улуми-л-Қуръон. Ж.1. Дару-л-фикр. Байрут 1996. -Б. 149.

[6] Жалолиддин Абдурраҳмон ас- Суютий. Ал-Итқон фий улумил Қуръон. Ж.2. Дару-л-фикр. Байрут, 1996. -Б. 493.

Check Also

Ёшларнинг илмга муҳаббати

Илм нури ила бутун борлиқларни яратган Аллоҳга ҳамд-у сано. Илмни ёшликнинг чироғи ва умрнинг маёғи, охиратда эса …