Home / МАҚОЛАЛАР / Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом йўллашнинг фазилатлари

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом йўллашнинг фазилатлари

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 56-оятида: «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сизлар ҳам унга салавот айтинг ва салом йўлланг», деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом йўллашнинг турли шакллари мавжуд. Уларнинг энг афзали намозда ўқиладиганидир. Ўша салавотда «Иброҳим ва унинг аҳлига салавот йўллаганингдек» жумласи бор, чунки Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг аҳлига фаришталар салавот айтган, Аллоҳдан раҳмат сўраганлар. Аллоҳ таоло:

قَالُواْ أَتَعْجَبِينَ مِنْ أَمْرِ اللّهِ رَحْمَتُ اللّهِ وَبَرَكَاتُهُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الْبَيْتِ إِنَّهُ حَمِيدٌ مَّجِيدٌ

«Улар (фаришталар): «Аллоҳнинг амридан ажабланасанми? Эй аҳли байтлар, сизларга Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлгай. Албатта, У мақталган ва буюк Зотдир» деган (Ҳуд сураси, 73-оят).

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот йўллайди», деганлар.

Имом Аҳмад Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта салавот йўллайди. Ўнта гуноҳини ўчириб, уни ўн даража кўтаради», деганлар.

Имом Термизий ва Ибн Ҳиббон Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат кунида одамларнинг менга энг яқини менга энг кўп салавот айтганидир», дедилар.

Омир ибн Робийъа розияллоҳу анҳу айтади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менга салавот айтса, салавоти миқдорича фаришталар ҳам унга салавот айтади. Шунга қараб банда хоҳ камайтирсин, хоҳ кўпайтирсин»  деганларини эшитдим».

Имом Термизий келтирган ривоятда Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу айтади: «Қачон туннинг тўртдан бири ўтса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб: «Эй одамлар! Аллоҳни зикр қилинглар. Қиёмат яқин қолди. Унинг ортидан қайта тирилиш юз беради. Ўлим ўзига боғлиқ нарсалар билан келмоқда», дер эдилар. Убай ибн Каъб: «Ё Расулуллоҳ! Ҳақиқатан мен сизга кўп салавот айтаман. Дуоимнинг қанча вақтини сизга бағишлайин?» деди. У зот: «Хоҳлаганигча», дедилар. «Тўртдан бирини бағишласам-чи?» деди. У зот: «Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади», дедилар. «Учдан бирини бағишласам-чи?» деди. У зот: «Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади», дедилар. «Иккидан бирини бағишласам-чи?» деди. У зот: «Хоҳлаганингча, агар зиёда қилсанг, яхши бўлади», дедилар. «Ё Расулуллоҳ! Дуоимнинг ҳаммасини сизга бағишласам, нима дейсиз?» деди. У зот: «Унда барча ғам-ташвишларинг арийди, мақсадинг ҳосил бўлади ва гуноҳинг кечирилади», – дедилар.

Демак, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай розияллоҳу анҳуга зиёдалик эшигини ёпмаслик учун кеча ва кундуздан маълум бир вақтни тайин қилиб, белгилаб бермадилар.

Имом Муслим Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда: «Ким муаззиннинг азон айтаётганини эшитганда: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, У яккаю ягонадир. Унинг шериги йўқдир. Муҳаммад Унинг расули ва бандасидир. Аллоҳни Роббим деб, Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбарим деб, Исломни диним деб рози бўлдим» деса, гуноҳи кечирилади», дейилган. 

Асбаҳоний Анас розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда у зот: «Менинг ҳузуримга қавмлар келишганда уларни менга кўп салавот айтганларидангина таниб оламан», деган эканлар. Бошқа ривоятда: «Қиёматнинг даҳшатлари ва хатарли ҳолатларидан сизларнинг энг кўп эминда бўладиганларингиз менга энг кўп салавот йўллаганларингиздир», деган эканлар.

Имом Табароний ва Дорақутний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга салавот айтиш Сирот (кўприги) узра нурдир. Ким менга жума кунида саксон марта салавот айтса, саксон йиллик гуноҳи кечирилади», деган эканлар.

Юқорида келтириб ўтилган хабарлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш қанчалар фазилатли иш эканига далолат қилади. Уларни жамлаганда қуйидаги фойдалар ҳосил бўлади: савобларнинг ўн баробар кўпайтирилиши, шафоатга ноил бўлиш, қул озод қилиш каби ажрга эга бўлиш, қиёмат даҳшатларидан нажот топиш ва бошқалар.  

Манба:muslim.uz
Робия САИДХОНБАЛОВА,
Тошкент ислом иниститутининг 1 курс-талабаси

Check Also

Ёшларнинг илмга муҳаббати

Илм нури ила бутун борлиқларни яратган Аллоҳга ҳамд-у сано. Илмни ёшликнинг чироғи ва умрнинг маёғи, охиратда эса …