Home / МАҚОЛАЛАР / Оммавий маданиятнинг асирига айланманг

Оммавий маданиятнинг асирига айланманг

Маълумки, йигирма биринчи аср ёшлари глобаллашув жараёни шиддатли тус олган замонда яшамоқда. Уларга турли кўринишдаги ғоявий хуружлар хавф солмоқда. Бир томондан экстремистик руҳдаги оқимлар, бошқа томондан миссионерлар ва оломонча маданият тарғиботчилари ёш авлод онггига ўзларининг пуч ғоялари ва ақидаларини сингдириш, миллий ва диний қадриятларимиздан айиришга муттасил ҳаракат қилмоқдалар. Натижада, етарли даражада илмга эга бўлмаган баъзи ёшлар соф ислом таълимотидан оғишиб, уларнинг найрангларига алданиб қолмоқдалар. Яна баъзилари эса, Ғарб давлатларининг моддий тараққиёти гўёки уларнинг маданиятига асослангандек хаёл қилиб, кийинишда, ўзини тутишда, ҳатто фикрлашда ҳам миллийлик ва динийликка ёт усулларни маъқул кўрмоқда.

Муқаддас динимиз таълимотида мусулмон киши ўз эътиқодига, ҳур ва озод яшашига раҳна солувчи ҳар қандай душманга нисбатан қарши курашиши лозим эканлиги таъкидланади.

Қуръони карим “Анфол” сурасининг 60-оятида шундай дейилган: “Улар учун имконингиз борича куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз. Аллоҳнинг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга (унинг савоби) зулм қилинмаган ҳолингизда тўла тўкис берилур”.  

Маънавияти юксак, ҳар қандай ёт ғояларга қарши кураша оладиган, ўзининг мустаҳкам эътиқоди ва миллий қадриятларини маҳкам тутиб, унга оғишмай амал қилиб яшайдиган халқни ҳеч қандай ёвуз куч енга олмайди. Маълумки, ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, айни шу онларда уларни илмга ва касб ҳунарга тарғиб қилиш лозим. Ёшлик даврида инсоннинг қалби беғубор, турли хилдаги қалб касалликларидан холи бўлади. Ҳадисларда айтилишича, Аллоҳ таоло инсоннинг қалбида Ўзи учун жой барпо қилган, ўша қалб Аллоҳнинг назари тушадиган макондир. Ёшлик даври қалбнинг мусаффолигини сақлаш, уни имон ва илму маърифат нури билан тўлдириш учун энг қулай фурсатдир. Шундай экан, биз муҳтарам юртбошимизнинг таъбирлари билан айтганда, фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилишимиз лозим. Ҳаёт инсониятга Аллоҳ таоло томонидан ато этилган қадрли неъматлардан бири бўлиб, ёшлик ва ўсмирлик даври киши ҳаётининг энг жўшқин палласидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: “Ёшлик даврингизни кексалик келишидан олдин ғанимат билинг” деб, унинг қадрига етиб яшашни таъкидлаганлар. Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият қаратмоқ лозим. Жумладан, ёшларни аҳли солиҳ кишилар билан дўст-у биродар бўлишларини таъминлаш зарур. Халқимизда: “Қозонга яқин юрсанг қораси юқади” деган нақл ҳам бор. “Оммавий маданият” таркибидаги кишиларнинг дастурий қараши шундайки, улар инсонни эмас, аксинча, нарсалар ва буюмларни эъзозлашади. Маънавий дунёни эмас, маиший-истеъмолчилик ҳис-туйғуларини қадрлайдилар ва уларни кенг оммалаштиришга интиладилар. Ислом дини инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олади.

Жумладан, кийиниш ҳам инсон ҳаётининг муҳим соҳаси ҳисоблангани учун бу масала ҳам бошқалари қатори етарли даражада тартибга солинган ва йўл-йўриқлар кўрсатилган.

Аллоҳ таоло “Аъроф” сураси 26-оятида шундай марҳамат қилади:

“Эй Одам болалари, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан (либосини) ҳам туширдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир. Бу – Аллоҳнинг (фазлу марҳаматига далолат қилгувчи) оятларидандир. Шояд эслатма (панд-насиҳат) олсалар”.

Ислом дини нуқтаи назаридан қараганда, либосдан кўзланган мақсад авратни беркитиш ва безанишдир. Шу сабабдан инсонлар авратини беркитиб, инсонга зийнат берадиган либосларни кийиб юришлари лозим.

Ғарб жамияти маънавий ҳаётида инқироз тушкунлиги туфайли бузғунчилик, оммавий невроз, ахлоқсизлик, тажовузкорлик каби ҳолатлар намоён бўлиб, тобора хатарли тус олмоқда. Оиладаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқарор бўлишида, фарзандлар тарбиясида эр-хотин муносабатларининг ўрни беқиёсдир. Оилада бир-бирини тушуниб, қўллаб-қувватлаб яшаётган эркак ва аёл албатта, фарзандлари келажагига беэътибор бўлмайди.  Оилада эр-хотиннинг ҳамжиҳатлик билан фикрлаши соғлом жамият асосини ташкил этади. Шунингдек, жамият келажаги бўлган ёш авлодни тўғри фикрлаши, Ватан равнақи учун муносиб ҳисса қўшишига омил бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунларимиздан ҳам халқимиз, хусусан фарзанларимизнинг таълим-тарбияси ва одоби билан фахрлансак арзийди.

Саидниёзов Мирзабой
Боғот тумани “Эрали эшон бобо” жомеъ масжиди
имом хатиби

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …