Home / АЛЛОМАЛАР / ФАН ТАРАҚҚИЁТИДА МОВАРОУННАҲРЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЎРНИ (5-қисм)

ФАН ТАРАҚҚИЁТИДА МОВАРОУННАҲРЛИК УЛАМОЛАРНИНГ ЎРНИ (5-қисм)

(4-қисм)Қозизода Румий. Мирзо Улуғбек даврида Самарқандда яшаб ижод этган бу олимнинг тўлиқ исми Мусо ибн Мавлоно Муҳаммад ибн Қози Маҳмуд бўлиб, ўз даврида ва ундан кейин ҳам Қозизода Румий номи билан шуҳрат қозонган.

Олим тахминан 1360 йилда Брусса (Кичик Осиё) шаҳрида туғилган. Қозизода Румийнинг илмий фаолияти асосан Самарқандда ўтган. У бу ерга ўз илмини такомиллаштириш учун келган. Амир Темурнинг сарой олими Мавлоно Аҳмад унинг муаллими эди. Қозизода Румий илмга бўлган муҳаббати ва садоқати билан Улуғбекнинг ҳурматига сазовор бўлган математик ва астроном олимлардан биридир. Астроном олим Қозизода Румий Ғиёсиддин Жамшид вафотидан сўнг (тахминан 1430 йил) Самарқандда олиб борилган астрономик кузатишларга бошчилик қилган. 1420 йили Улуғбекнинг Самарқанддаги мадрасаси қурилиб битгач, Қозизода Румий астрономия бўйича биринчи мударрис қилиб тайинланган. Барча талабалар сингари Абдураҳмон Жомий, ҳатто Улуғбек ҳам мадрасага келиб, Қозизода Румийнинг дарсларини тинглаган.

1424 йили Мирзо Улуғбек Самарқандда расадхона қуриш ишига киришишдан олдин бу масалада самарқандлик йирик олимлар – Ғиёсуддин Жамшид, Мавлоно Муъинуддин Кошифий ва Қозизода Румий билан маслаҳатлашади. Бу ҳол «Афлотуни замон» («Ўз даврининг Афлотуни») деб аталган Қозизода Румийнинг ўз замонаси билимларидан тўла фойдаланганини ва ўша давр олимлари томонидан тўла тақдирланганини кўрсатади.

Ғиёсуддин Жамшид асли кошонлик (Эрон) бўлиб, Самарқандга келиб турғун бўлиб қолган. Ғиёсуддин Жамшид ибн Масъуд Коший Улуғбек мактабида муҳим ўрин тутган. Олим 1416 йилиёқ астрономияга оид асбоблар ҳақида рисола ёзган. Унда баён қилинган асбобларнинг кўпидан Улуғбек расадхонасидаги илмий кузатишларда фойдаланилган. Математика, геометрия, тригонометрия, механика ва астрономия каби фанларнинг чуқур билимдони бўлган Ғиёсуддин Жамшид Улуғбекнинг эътибори ва ҳурматига сазовор бўлган. Мирзо Улуғбек расадхона қуришдан олдин бу масалада Мавлоно Муъинуддин Кошифий, Қозизода Румий қаторида Ғиёсуддин Жамшид билан ҳам маслаҳатлашган.

Самарқандда яшаб ижод этган ва Улуғбек расадхонасининг пешқадам астроном олими бўлган Ғиёсуддин Жамшид “Зижи Ҳоқоний дар такмили зижи Илҳоний” (“Илҳон зижини такомиллаштиришда Ҳоқон зижи” – бу асар Мароға расадхонасида Носируддин Тусий раҳбарлигида тузилган астрономия жадвалларига асос қилиб олинган), “Рисола ал-муҳития” (“Доира ҳақида рисола”), “Суллом ас-самовот” (“Осмонлар нарвони”), “Нузҳат ал-ҳадойиқ” (“Боғлар сайри” – астрономияга оид асбоблар шарҳи), “Мифтоҳ ал-ҳисоб” (“Ҳисоб калити” – арифметика ва алгебра), “Рисола ал-ватар ал-жайб” (“Синуслар ҳақида рисола”) каби асарларни ёзган.

Мирзо Улуғбек (1394-1449). Мирзо Муҳаммад ибн Шоҳруҳ ибн Темур Улуғбек Кўрагон (Муҳаммад Тарағай) – буюк мунажжим ва математик, ўз даврининг атоқли олими, давлат арбоби, Амир Темурнинг набираси.

Улуғбек 1394 йил 22 мартда ҳозирги Озарбайжон ҳудудидаги Султония шаҳрида туғилган. 1409 йилда Самарқанд ҳокими деб эълон қилинган ва отаси Шоҳруҳ вафотидан сўнг 1447 йилда Темурийлар сулоласининг раҳнамоси бўлган.

Мирзо Улуғбек ёшлигидан илм-фан ва санъат, айниқса, математика ва астрономияга катта меҳр қўйган. Унинг интеллектуал уфқлари кенгайишига бобоси ва отаси тўпланган бой кутубхона ёрдам берган. Хотираси кучли, араб ва форс тилларини яхши билган, туркий (қадимги ўзбек) шеъриятни чуқур ўзлаштирган, адабий услублар назариясини яхши хабардор бўлиб, адабий мунозараларда қатнашган. Улуғбекнинг энг таниқли устозларидан бири математик ва астроном Қозизода Румий эди.

Улуғбек даврида Самарқанд илмнинг жаҳон миқёсидаги марказларидан бирига айланди. Бу эрда Ғиёсиддин Жамшид Коший, Али Қушчи каби йирик олимлардан тўпланган илмий мактаб вужудга келди.

1417-1420 йилларда Улуғбек Самарқандда мадраса қурди ва у Регистон меъморий ансамблидаги биринчи бино бўлди. Улуғбек Ислом оламининг кўплаб астроном ва математикларини шу мадрасага таклиф қилди.

Аммо Улуғбекнинг иштиёқи астрономия эди. У илмий сафдошлари билан расадхона бунёд қилишга киришди. Тахминан 1428-1429 йилларда қурилиши якунланган расадхона ўз даври учун ўта ноёб бино бўлди. Бу ерда 1018 юлдузнинг координаталари аниқланиб, астрономик каталог яратилди ва у жаҳон илм-фанига хазинасига улкан ҳисса бўлиб қўшил. Расадхонада эклиптиканинг экваторга мойиллиги ва юлдуз йилининг узунлигини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилди. Улуғбек 1437 йилда астрономик йил узунлигини аниқлади – 365 кун 6 соат 10 дақиқа 8 сония. Агар астрономик йил узунлиги 31 миллион 558 минг 150 сонияни ташкил этиши ҳисобга олинса, Улуғбек қандай аниқлик билан ўлчов ўтказганлиги аён бўлади.

Давоми бор…

Профессор Бахтиёр ТЎРАЕВ – фалсафа фанлари доктори,
Анвар БОБОЕВ

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …