Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / САМАРҚАНД ЖАМОАТЧИЛИГИГА ИККИ НОДИР АСАР ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

САМАРҚАНД ЖАМОАТЧИЛИГИГА ИККИ НОДИР АСАР ТАҚДИМ ЭТИЛДИ

Жорий йил 14 октябрда Самарқанд шаҳрида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан нашр этилган Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини 30-жузи ҳамда Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан мусулмон ҳуқуқшуноси, Уструшана — ҳозирги Жиззахдан етишиб чиққан буюк аллома Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” (Бола ҳуқуқлари кодекси) асарларининг ўзбек тилидаги илк нашри тақдимотларига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Унда  Марказ ва Халқаро ислом академияси олимлари, Самарқанд вилояти олий ўқув юртлари талаба ва ўқитувчилари, вилоят ёзувчилар уюшмаси аъзолари, маҳаллалар фаоллари, олимлар, имом-хатиблар ҳамда ОАВ ходимлари  иштирок этишди.

Тадбир очилишида сўзга чиққан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов жамоатчиликка, айниқса, ёшларга ватанимиз тарихини ва буюк аждодларимиз илмий меросини халқчил тилда етказиш ҳамда уларнинг жаҳон илм-фани ривожига қўшган беқиёс ҳиссаларини чуқур ва илмий асосда очиб бериш борасида олиб борилаётган диний-маърифий ислоҳотлар самаралари ҳақида тўхталиб, тақдимоти ўтказилаётган икки нодир асарнинг қиймати жиҳатидан юксак тарихий, илмий, маънавий ва диний аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

Таъкидланганидек, ўз ақида ва эътиқодини тўла англаган инсонгина бугунги даврда таҳдид солиши мукин бўлган турфа ёт ғоялардан ўз вақтида ҳимоялана олади. Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари барча мавҳум туюлган масалаларга аниқлик киритиб берувчи, инсон қалбидаги ҳар қандай шубҳани бартараф қилувчи беназир манба. Асарнинг моҳиятига кўра мотуридийлик таълимотида инсоннинг ақлга таяниши, тафаккур юритиши муҳим ҳисобланади. Тақлид қилиш, бошқаларга кўр-кўрона эргашиш эса кескин қораланади.

Тақдимот тадбирида сўзга чиққанлар Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшанийга мансуб “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарининг муҳим ижтимоий ва сиёсий қийматига ҳам батафсил тўхталдилар. Мазкур асар умуминсоний аҳамиятга эга инсон ҳуқуқлари ҳақидаги ғоянинг илдизлари Ўзбекистон замини билан боғлиқ  эканлигини халқаро миқёсда тарғиб қилади ҳамда  Қадим Уструшана илмий-маданий марказида фаолият кўрсатган олимларнинг илмий меросига мутахассисларнинг эътиборини жалб этади.

Йиғилганлар Уструшанийнинг беқиёс асари сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш бўйича амалга оширилаётган халқаро аҳамиятга эга ислоҳотларнинг амалий натижаси эканлигини таъкидлаб, у жамиятимизда қарор топган ҳанафий мазҳабининг инсонпарварлик, бағрикенгликка асосланган мўътадил таълимотининг аҳамиятини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлашди.

Тақдимот тадбири мавзуга оид  савол ва жавоблар билан якунланди. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Имом Бухорийнинг ислом тарихига оид нодир асари тақдимоти

Жорий йилнинг 27 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида буюк муҳаддис …