Home / МАҚОЛАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ ИЛМИЙ МЕРОСИ

Маълумки, Имом Бухорий қирқ йил мобайнида илмий сафарда бўлиб, ижодий фаолияти давомида йигирмадан зиёд асар ёзган. Унинг илмий мероси ҳажми, замонасининг ижтимоий-маънавий илмларини тўла-тўкис қамраб олгани билан кишини ҳайратга солади. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий жуда ёш пайтидаёқ китоб ёзишни бошлаган. Хатиб Бағдодий унинг ўзидан ривоят қилади: “Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобеинларнинг масалалари ва қавлларини таълиф қила бошладим. Бу Убайдуллоҳ ибн Мусонинг даврида бўлган эди. Ўша пайтда “Тарих” китобимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этдим”.

“Таҳзибул камол” ва бошқа китобларда келтирилишича, машҳур олим Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Имом Бухорийнинг “Тарих” китобини Хуросон амири Абдуллоҳ ибн Тоҳирнинг олдига олиб кириб: “Эй амир! Сизга сеҳрни кўрсатайми?!” деган. Абдуллоҳ ибн Тоҳир китобни бир варақлаб кўрганидан кейин ҳайратини яширмасдан: “Бунинг қандай тасниф қилинганига фаҳмим етмаяпти”, деган.

Имом Бухорийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганган тарихчи олимларнинг тадқиқотлари натижасида унинг қаламига мансуб китоблар рўйхати тузилган. Улар қуйидагилардан иборат:

  1. “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (Ишончли тўплам). Бу китоб Имом Бухорийнинг шоҳ асари ҳисобланади. У ўн олти йил мобайнида ёзилган. Асарнинг қўлёзма нусхалари бутун дунёнинг машҳур кутубхоналарида сақланмоқда. Бугунги кунда бу тўплам ўзбекчага таржима қилинган бўлиб, ундан ёшу кексалар мутолаа қилиб, маънавий-руҳий қувват олмоқда.

“Саҳиҳул Бухорий”га кўплаб шарҳлар ёзилганидан ҳам асарнинг қиймати нечоғлик юксак эканини англаб олиш мумкин. Муҳаммад Исом Ҳусаний “Итҳофул қорий би маърифати жуҳуд ва аъмолил уламо ала Саҳиҳил Бухорий” асарида бу асарга бағишлаб уч юз етмишга яқин мухтасар ва тўлиқ китоб ёзилганини таъкидлайди. “Кашфуз зунун” муаллифи Ҳожи Халифа элликка яқин шарҳ ёзилган, дейди. Туркиялик олим Фуад Сезгин эса эллик олтита шарҳни санаб ўтган. Замондош уламолардан доктор Абдулғани Абдулхолиқ ўзининг “Имом Бухорий ва унинг Саҳиҳи” номли асарида “Саҳиҳул Бухорий”га боғлиқ шарҳ, ҳошия ва мухтасарлардан бир юз ўттиз биттасини келтирган.

  1. “Ат-Тарих ал-кабир” (Катта тарих). Уни Имом Бухорий тахминан ўн саккиз ёшларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабр ва минбарлари орасида ойдин кечаларда тасниф этган. Бу китоб ҳадис ровийларининг тарихи, бошқача қилиб айтадиган бўлсак, таржимаи ҳоллари ва ривоят қилиш борасидаги сифатлари ҳақидаги китобдир.

У ҳақда Имом Бухорийнинг ўзи: “Менда “Тарих”да ўтган ҳар бир ровий ҳақида алоҳида қиссалар бор. Фақат китобнинг чўзилиб кетишини истамадим, холос”, деган.

Абу Аҳмад Ҳоким “Китобул куна”да: “Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Тарих”и олдига тушадиган китоб йўқ. Ундан кейин тарих, исмлар ва кунялар бўйича китоб ёзган бирор муаллиф ундан беҳожат бўлмаган. Кўплар ундан ривоят қилган. Аллоҳ уни раҳмат қилсин, ўзи аслларнинг аслидир”.

Абул Аббос ибн Саид айтади: “Агар бирор киши ўттиз минг ҳадис ёзиб олган бўлса ҳам Муҳаммад ибн Исмоил тасниф қилган “Тарих” китобидан беҳожат бўла олмайди”.

Бу китоб баъзи манбаларда “Тарихул Бухорий” деб ҳам аталади. Мисол учун, Ҳожи Халифа ўзининг машҳур “Кашфуз зунун” китобида шундай деб атаган ва у ҳақда қуйидаги маълумотларни берган: “… У муҳаддислар тариқасидаги катта тарихдир. Унда ҳадис ровийларидан ишончли ва заифлар жамланган. Айтилишича, ўша тарих учта: катта, ўрта ва кичик қисмлардан иборат бўлган. Каттасини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида тасниф қилган. Бу китобни ундан Абул Ҳасан Муҳаммад ибн Саҳл Фасавий ва Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форис Нишопурий ва бошқалар ривоят қилган”.

Бу асарнинг қўлёзмаси “Дорул кутубил мисрия”да 10340 рақами билан сақланади. Биринчи бўлиб, Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги “Маорифул Усмония” нашриётида 1360/1941 йили нашр этила бошлаган. 1941-1963 йиллар оралиғида аллома Абдураҳмон ибн Яҳё Муаллимийнинг таҳқиқи билан саккиз жуз (4 жилд)да чоп этилган.

  1. “Ат-Тарих ал-авсат” (Ўрта тарих). Уни Имом Бухорийдан Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Абдусалом Нишопурий ва Абу Муҳаммад Занживайҳ ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Нишопурий ривоят қилган. Бу китобнинг қўлёзма нусхаларидан бири Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳрида сақланади.
  2. “Ат-Тарих ас-сағир” (Кичик тарих). Бу китобни Имом Бухорийдан Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдураҳмон ибн Халил ибн Ашқар ривоят қилган. Бу китоб ҳам илк бор 1325/1907 йили Ҳиндистонда чоп қилинган.
  3. Ал-Жомиъ ал-кабир (“Катта тўплам”). Бу китоб ҳақида Ибн Тоҳир хабар бериб кетган. Лекин биз у ҳақда маълумотга эга эмасмиз ва бирор нусхаси борлигини ҳам билмаймиз. “Кашфуз зунун”нинг муаллифи зикр қилган нарса билан кифояланамиз, холос.
  4. “Холқу афъолил ибод” (“Бандалар феълларининг яратилиши”). Уни Имом Бухорийдан Юсуф ибн Райҳон ибн Абдусамад ва муҳаддиснинг машҳур шогирди Фирабрий ривоят қилган. Бу китобнинг номидан унда баҳс юритилган масала кўриниб турибди. У қадимдан кўплаб тортишувларга сабаб бўлган “банданинг амалини ким халқ қилади – яратади?” деган масалага бағишланган.

Ибн Ҳажар: “Бу китоб мавжуд ва бизга эшитиш ва ижоза орқали ривоят қилинган”, дейди. Саҳобалар ва тобеинлар ботил фирқаларга оят ва ҳадислар билан раддия берганини яхши биламиз. Имом Бухорий ҳам бу китобда уларнинг йўлини тутган.

“Холқу афъолил ибод” илк марта 1306/1888 йили Деҳли ва Жиддада чоп қилинган.

  1. “Китобуз зуафо ас-сағир” (“Заиф ровийлар ҳақида кичик китоб”). Бу асар кўпроқ “Китобуз зуафо” номи билан зикр қилинади.

Унда Имом Бухорий назарида ҳадис ривоят қилувчилар орасида заиф – кучсиз ҳисобланган шахслар ҳақида маълумотлар берилган. Бу китобни Имом Бухорийдан Абу Бишр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳаммод Давлобий, Абу Жаъфар Мусаббиҳ ибн Саид, Одам ибн Мусо Хуворий ва бошқалар ривоят қилган.

  1. “Ал-Муснад ал-кабир” (“Катта муснад”) ва “Ат-Тафсир ал-кабир” (“Катта тафсир”). Бу икки китобнинг номи ҳақидагина маълумот бор. Улар бизгача етиб келмаган.

Имом Бухорийнинг шу номдаги китоблари бўлганини шогирди Фирабрий зикр қилганини биламиз, холос.

  1. “Китобул ҳиба” (“Хайр-эҳсон ҳақида китоб”). У ҳақида Имом Бухорийнинг котиби Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий қуйидагиларни айтади: “Имом Бухорий ҳиба ҳақида бир китоб ёзди. Унда беш юзтача ҳадис бор. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий: “Вакиънинг ҳиба ҳақидаги китобида фақатгина иккита ёки учта муснад ҳадис бор. Ибн Муборакнинг китобида эса бештача бор, холос”, деди”.

Кўриниб турибдики, Имом Бухорийнинг китоби билан Вакиъ ва Ибн Муборакнинг асарларини солиштириб ҳам бўлмайди. Афсуски, бу китобнинг бирор нусхаси борлигини билмаймиз.

  1. “Асомис саҳоба” (“Саҳобаларнинг исмлари”). Бу китобни Абул Қосим ибн Мунда Ибн Форис орқали Имом Бухорийдан ривоят қилган. Бу ҳақда Абул Қосим Бағавий ўзининг “Мўъжамус саҳоба” китобида айтган. Бундан олдин бу мавзу (саҳобаларнинг исмлари)да бирор китоб ёзилганини билмаймиз. Бундан кейин Абул Қосим ибн Мунда, Ибн Абдулбарр, Ибн Асир, Ҳофиз ибн Ҳажар ва бошқалар саҳобаларнинг исмлари, сийратлари ва тарихи ҳақида ёзгани маълум.
  2. “Китобул вуҳдон” (“Ягоналар ҳақида китоб”). Бу асардан Ибн Мунда кўп маълумотларни нақл қилган. Имом Бухорий унда фақатгина битта ҳадис ривоят қилган саҳобаларни санаб ўтган. Бу китобни Ибн Ҳажар “Фатҳул Борий”га ёзган муқаддимаси – “Ҳадюс сорий”да зикр қилган.

Имом Насоий ва Имом Муслим ҳам “Китобул вуҳдон” ёзган. Лекин бирор киши Имом Бухорийдан олдин бу мавзуда қалам тебратмаган.

  1. “Китобул мабсут” (“Муфассал китоб”). У ҳақда Халилий ўзининг “Иршод” номли китобида хабар берган ва уни Имом Бухорийдан Абу Ҳассон Маҳиб ибн Сулайм Бухорий ривоят қилганини айтган.

 Хусусан, Халилий “Иршод”да: “(Маҳиб ибн Сулайм) Бухорий ишончли киши бўлиб, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан жуда кўп нарсаларни ривоят қилган. Ундан “Мабсут”ни ва ўзидан бошқа ҳеч ким ривоят қилмаган бошқа китобларни ривоят қилган”, деган. Бу китобнинг мавзуси ҳақида бирор нарса маълум эмас. Фақат шуниси аниқки, Имом Бухорий унда ҳадислардан истинбот қилинган (яъни, ҳадислар орқали далил ва тасдиғи чиқариб олинган) фиқҳий масалаларни баён қилган.

  1. “Китобул илал” (“Иллатли ҳадислар ҳақида китоб”). Бу ҳадис ва ровийлардаги иллатлар ҳақидаги китобдир. У ҳақда Абул Қосим ибн Мунда хабар берган. У буни Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдундан, у Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Шарқийдан, у Имом Бухорийдан ривоят қилган. Бу ўта нозик ва жуда шарафли илмдир.
  2. “Китобул куна” (“Кунялар ҳақида китоб”). У ҳақда Абу Аҳмад Ҳоким хабар берган. У ўзининг китобларида бу китобдан нақл қилиб келтиради. Муҳаддислар бу илмга жуда муҳтождир. Бу китобда ровийларнинг кунялари бошқаларники билан адашиб кетмаслиги учун муфассал баён қилинган. Буни билмаган киши, ҳатто, етук муҳаддислар ҳам баъзида хатога йўл қўйиши эҳтимолдан холи эмас.
  3. “Китобул фавоид” (“Фойдалар ҳақидаги китоб”). Бу китоб ҳақида Имом Термизий “Сунани Термизий”нинг “Фазилатлар китоби”да хабар берган. Лекин Муҳаддислар имоми ўзининг китобида келтирган фойдалар нималардан иборат эканлигини, афсуски, биз билмаймиз. Маълум бўлгани шуки, Имом Бухорий бу китобда ҳадис иллатларига тааллуқли нозик маълумотларни келтирган.
  4. “Ал-Адаб ал-муфрад” (“Одоб дурдоналари”). Жуда мўътабар китоб ҳисобланади. Унда Имом Бухорий фақат одоб-ахлоққа оид 1322 та ҳадиси шарифни келтирган ва ўз одатига биноан, уларни 644 та бобга бўлган. 

Кўпчилик олимларимизнинг таъкидлашича, “Ал-Адаб ал-муфрад” одоб ва ахлоқ бобида битилган энг яхши китоблардан биридир. У Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий”дан кейин турадиган иккинчи буюк асаридир. Уни Имом Бухорийдан Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Жалил Баззор ривоят қилган.

“Ал-Адаб ал-муфрад” бир неча бор нашр этилган. Жумладан, Тошкентда ҳам 1970 йилда офсет усулида босилиб чиққан.

  1. “Жузъу рафъил ядайн” (“(Намозда) икки қўлини кўтариш ҳақида рисола”). Уни Имом Бухорийдан Маҳмуд ибн Исҳоқ Хузоъий ривоят қилган. У Имом Бухорийнинг шогирди ва Бухорода буюк муҳаддисдан ҳадис ўрганган талабаларнинг охиргиларидандир. Ибн Ҳажар бу китоб ҳақида: “У мавжуд ва бизга эшитиш ва ижоза орқали ривоят қилинган”, деган. “Рафъул ядайн фис солат” биринчи марта Ҳиндистонда нашр қилинган.
  2. “Биррул волидайн” (“Ота-онага яхшилик қилиш”). Бу китобни Имом Бухорийдан Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Диллувайҳ ривоят қилган. Таассуфки, ҳозирги кунда бирор нусхаси борлиги аниқ эмас.
  3. “Китобул ашриба” (“Ичимликлар (шарбатлар) китоби”). Уни Имом Дорақутний ўзининг “Ал-мўъталаф вал мухталаф” номли асарида зикр қилган.
  4. “Қазоёс саҳоба ват тобеийн” (“Саҳоба ва тобеинлар ҳукмлари”). Бу Имом Бухорий ёзган энг биринчи асардир. Ўшанда у ўн саккиз ёшда эди. Яъни, 212/827 йили “Ат-Тарих ал-кабир” китобидан олдин ёзган. Бу жуда фойдали китоб бўлгани аниқ. Чунки умматнинг қалби саҳобалар ҳақидаги маълумотларни кўриш билан хотиржам бўлади. Лекин, афсуски, бу китобнинг бирор нусхаси бизгача етиб келганини билмаймиз.
  5. “Китобур риқоқ” (“Нафосат ҳақидаги китоб”). У ҳақда “Кашфуз зунун”нинг муаллифи хабар берган.
  6. “Ал-Жомиъ ас-сағир” (“Ҳадисларнинг кичик тўплами”). Бу асар ҳақида Ҳожи Халифа: “Ҳофиз ибн Ҳажар айтганидек, бу китобни Имом Бухорийдан Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Ашқор ривоят қилган. Бу Имом Бухорийнинг мавжуд китобларидандир”, деган. Афсуски, бу иқтибосда “мавжуд” сўзи ўша даврнинг ўзигагина тегишли бўлиб қолган.
  7. “Жузъул қироати холфал имом” (“Имомнинг орқасида туриб қироат қилиш”). Уни Имом Бухорийдан шогирди Маҳмуд ибн Исҳоқ Хузоъий ривоят қилган. Китобнинг номидан имомнинг ортида туриб қироат қилиш масаласи ҳақида экани аён бўлиб турибди. Ибн Ҳажар: “Бу китоб мавжуд ва бизга эшитиш ва ижоза йўли билан ривоят қилинган”, деган.

***

Юқорида зикр этилган маълумотлардан қўйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:

  • Имом Бухорий ҳадис илмида мўминлар амири бўлиши билан бирга, ислом илмларининг бошқа соҳаларини ҳам мукаммал эгаллаган.
  • У ислом илмларининг деярли ҳар бир соҳасига оид китоб ёзган.
  • Китобларининг баъзиси ўша илм бўйича ёзилган асарларнинг энг аввали ҳисобланади.
  • Асарларининг айримлари бизгача етиб келган бўлса, афсуски, айримлари етиб келмаган.
  • Бизгача етиб келган асарлари уламолар томонидан тўлиқ таҳқиқ этилган, ўрганилган ва дунёнинг кўплаб шаҳарларида қайта-қайта нашр қилинган.
Абдувоси ШОНАЗАРОВ, 
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

Тарозидан уриб қолувчиларга вайл бўлсин

(Абу Ҳафс Насафийнинг “Ат-Тайсир фит тафсир” асари асосида) Ижтимоий ҳаётда одамлар бир-бири билан олди-сотди қилиб, …