Home / АЛЛОМАЛАР / Самарқанд зиёратгоҳлари туркумидан / АБУЛҲАСАН АНДОҚИЙНИНГ ҲАЁТ ЙЎЛИ

АБУЛҲАСАН АНДОҚИЙНИНГ ҲАЁТ ЙЎЛИ

Тарихдан маълумки, юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби тасаввуф йўналишида ҳам кўпгина алломалар етишиб чиққан. Шулардан бири Абулҳасан Андоқийдир. У машҳур фиқҳ олими Абулкарим ибн Ҳанифа Андоқийнинг набираси бўлади. Тўлиқ исми Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Ҳусайн Андоқий бўлиб, 460/1067-552/1159 йилларда яшаган ва ўша даврда илм ўчоқларидан бири ҳисобланган Бухорода кўпгина уламолардан таҳсил олган. Шулардан бири – ўз даврининг авлиёси саналмиш Юсуф Ҳамадонийдан ҳам таҳсил олган ва унинг иккинчи халифаси даражасига кўтарилган.

Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг шогирду муридлари кўп бўлиб, улардан энг суюклиси Абдуллоҳ Баррақий, Хожа Ҳасан Андоқий, Аҳмад Яссавийдир. Ҳатто силсилаи шарифда тўққизинчи ҳалқа пири муршиди Хожа Юсуф Ҳамадоний уларни ўзига маънавий фарзанд деб қабул қилган. У вафоти олдидан “Мен вафот этганимдан сўнг жасадимни Абдуллоҳ Баррақий ювсин, Абдулхолиқ Ғиждувоний суясин, қабримни Андоқий қазисин, Аҳмад Яссавий қабримда “Ан-Нозиот”ни ўқиб турсин” деб васият қилган экан.

Абулҳасан Андоқий Бухоро фиқҳ мактаби ривожига улкан ҳисса қўшган Шамсул аимма (имомлар қуёши) номини олган Абу Муҳаммад Абдулазиз Ҳалвоийдан фиқҳ ва ҳадис илмларидан таълим олган.

Аллома ўз даврининг тариқат, тасаввуф илми машойихларидан эди. Бутун умрини илм олиш ва муридларига таълим-тарбия бериш билан ўтказган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатларига қатъий риоя этарди. Инсонларни Аллоҳга ибодат қилишга, риёзатни лозим тутишга даъват этарди.

Андоқий устози Юсуф Ҳамадоний билан Хоразм, сўнгра Бағдодга бирга борган. Самъонийнинг ёзишича, “Биринчи марта у кишини Марвда Шайх хонақоҳида, кейинчалик Бухорода кўрдим ва у зотдан кўп ривоят ёзиб олдим. Абулҳасан Андоқий мени ниҳоятда ҳурмат қилар эди. У кишидан шайх Юсуф Ҳамадоний ривоят қилган ҳадислардан таълим олдим”.[1]

Абулҳасан Андоқий тасаввуфнинг хожагон тариқатига асос солишда Абдухолиқ Ғиждувонийга катта ёрдам берган. Шу тариқа тариқат илмининг етук машойихларидан бирига айланиб, Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг назарига тушган, меҳрини қозонган.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Андоқий таълимоти жаҳоний тариқат бўлиб, буни бутун дунё тасаввуф аҳли, барча тасаввуфшунос олимлар эътироф этади. Жумладан, олмон нақшбандийшунос, тасаввуфшунос олими Юрген Паул ўзининг “Die politische und soziale Bedeutung der Naqschbandiyya in Mittelasie im 15 Jahrhundert” (“XV асрда Ўрта Осиёда нақшбандиянинг сиёсий ва ижтимоий аҳамияти”) асарида хожагон-нақшбандия, шунингдек, яссавия тариқатларига мансуб 96 пирнинг номини келтириб, Хожа Юсуф Ҳамадоний ва Хожа Абдуллоҳ Баррақийдан кейин Абулҳасан Андоқийни қайд этган.

Ҳазрат Андоқий 1158 йили Рамазон ойининг охирги учинчи ўн кунлигида, Лайлатул Қадр кечасида вафот этган. У зотнинг қабри Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманига қарашли Андоқсой маҳалласи Андоқсой қишлоғида жойлашган. Мустақиллик давригача шунчаки тош билан айлантириб қўйилган хароба ҳолатда бўлган. 1995 йилдан 2015 йилгача Андоқсой қишлоғи аҳли томонидан ҳашар йўли билан, уни обод қилиб, мақбара барпо этилган.

[1] Абдулкарим Самъоний. “Ал-Ансоб” (“Насабнома”). – Т.:  2017. – Б. 10.

Бахтиёр Иботов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

СУҒДЛИК ФАҚИҲ – ИМОМ АЛИ СУҒДИЙ

Ислом фиқҳига оид китобларда Қорахонийлар даврида Самарқандда илмий фаолият олиб борган машҳур алломалардан бири Имом …