Home / МАҚОЛАЛАР / “ИМОМ БАҲРА ОТА” ЗИЁРАТГОҲИДАГИ ЭПИГРАФИК МАНБАЛАР

“ИМОМ БАҲРА ОТА” ЗИЁРАТГОҲИДАГИ ЭПИГРАФИК МАНБАЛАР

Буюк Ипак йўлининг марказий тармоқлари Самарқанд Суғди орқали ўтгани боис марказий Суғдда жойлашган Дабусия шаҳри қадимда халқаро савдо-сотиқ муносабатларида муҳим ўрин тутган. Дабусияда нафақат савдо-сотиқ, балки меъморлик, ҳунармандлик, тўқимачилик, кулоллик ва деҳқончилик каби соҳалар ҳам анча ривож топган. Жумладан, ипдан тўқилган “ведарий” навли матоси жаҳон бозорларида жуда харидоргир бўлган. Бу газлама “Хуросон парчаси” деб ҳам аталган[1].

Ёзма манбалар, археологик маълумотлар ва илмий тадқиқотлар натижасига кўра, Дабусия шаҳрида мўғуллар истилосига қадар – XIII аср бошларигача ҳаёт қайнаган. Ундан сўнг шаҳар ҳудуди анча торайиб, у бир қалъага айланган ва Дабусқалъа номини олган. XX асрнинг 30-йилларига келиб, унинг катта қисми қабристонга айланиб кетган. Ҳозирги кунда Дабусқалъа харобалари Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёсининг чап қирғоғидаги Добусқаъла қишлоғининг шимолий томонида сақланиб қолган.

“Дабусия” сўзининг этимологиясига тўхталадиган бўлсак, “Дабус” сўзи “темир қўрғон” деган маънони билдиради. Шаҳар деворлари мустаҳкам қурилгани учун шундай аталган[2].

Ёдгорлик уч қисмдан: Арк, шаҳристон ва работдан иборат бўлган. Арк ёдгорликнинг шимоли-ғарбий бурчагида жойлашган. Аркнинг шимолидан Зарафшон дарёси оқиб ўтади, ғарбий қисми эса баланд мудофаа девори билан ўралган. Аркнинг жанубий қисми шаҳристондан чуқур хандақ билан ажратилган. Арк билан шаҳристон фақатгина шарқий томондан бир-бирига туташган[3]. Аркнинг шимолий қисмини ҳозир Зарафшон дарёси ювиб бормоқда. Дарё ювган томонда 5-6 метрлик маданий қатлам ва унда мавжуд бўлган бадраблар яққол кўриниб турибди[4].

Шаҳристоннинг жануби-ғарбий қисмида XVI-XVII асрларга оид пишиқ ғиштдан барпо қилинган мақбара мавжуд. Унинг ичкари ва ташқарисида бир нечта қабр бор. Уларнинг устига мармар тош қўйилган.

Халқ орасида мазкур қабрларга дафн қилинган шахслар ҳақида турлича қарашлар мавжуд. Айримлар мақбара ичкарисидаги қабрда Абу Ҳурайра дафн этилган, деса, бошқалар Имом Баҳра ота номли шахс дафн этилган, дейди. Бу ҳолатга аниқлик киритиш ва қабртошлардаги битикларни ўрганиш мақсадида ЎзФА Археология институти илмий ходими тарих ф.н. Комил Раҳимовнинг таклифига кўра, 2013 йил октябрь ойида илмий сафар ташкил этдик.

Ўрганиш жараёнида қуйидагилар маълум бўлди: Зиёратгоҳ атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилаётган вақтда араб хатида ёзилган тошбосма китобларнинг баъзи варақлари топилган. Улар 1850-1880 йилларда босилган туркий ва форсий тиллардаги адабиёт, ислом ҳуқуқшунослиги ва шеъриятга оид китобларга тегишли. Варақларда ҳикмат, ривоят ва ғазаллар ёзилган. Улар йиртилиб, айрим жойлари чириб кетган. Ҳатто баъзилари тупроққа қоришиб, бир-бирига ёпишиб қолган. Шу боис у саҳифалардаги ёзувларни тўлиқ ўқиб бўлмайди. Устига-устак, улар рақамланмаган ҳам. Баъзи варақларда пойгир қўйилган, баъзиларида эса йўқ.

Мақбара ичидаги қабрга ер сатҳидан пишиқ ғишт терилиб, таглик қилинган. Устидан баландлиги 183 см., эни 63 см., қалинлиги 13 см. ўлчамли мармартош жанубга сал қия ҳолатда ётқизилган. Унинг устига силлиқлаб пардозланган тўрт бурчакли катта кўк мармартош қўйилган

Кўк тошнинг узунлиги 163 см., эни 36 см., баландлиги шимолдан 50 см., жанубдан 48 см.ни ташкил этади. Тошнинг устки қисми четлари бўйлаб айланасига тўрт бурчакли шакл чизилган. Ўткир дид билан ҳошияланган сағана тоши ўртадан икки жойдан нафис нақшлар билан бирлаштирилган ва сулс хатида арабий ёзуви билан чиройли қилиб безатилган.

Қабртошда араб тилида сулс хатида: “Бу – гуноҳлари мағфират қилинган аброр банданинг қабри. Бу – жаннат боғларидан бири. У шаҳид бўлган буюк ва етук Имом Боҳирнинг жойи. “Олий жаннатда, жаннат мевалари яқин” бўлган боғча. Аллоҳ у зотга ҳижрий бир минг саккизинчи (1008/1599) йилда ўз жаннатидан жой берди”, мазмунидаги битик ёзилган.

Мақбарадан ташқарида жанубий, яъни оёқ учи тарафда яна бир қабр бўлиб, унинг устига ҳам кўкимтир мармардан тайёрланган қабртош ўрнатилган. Тошга яхши ишлов берилган бўлиб, унинг баландлиги 179 см., эни 53 см., қалинлиги 11 см.ни ташкил этади.

Қабртошда араб тилида сулс хатида: “Бу – вафот этиб, Аллоҳ раҳматига етган, мағфират қилинган банданинг қабри. Бу боғ яшилликка бурканган жаннат боғларидан бир боғ ва Ризвон боғларидан бир боғдир. Аллоҳ уни жаннат мевалари яқин бўлган, олий жаннатга жойлаштирди. (Бу) муқаддас қабр (машҳад) улуғ ва буюк амир Дўстим Чашм Абрў ибн Амир Султон Аҳмад бийники, // Аллоҳ уларнинг гуноҳларини кечирсин ва айбларини пинҳон қилсин. Набий (С.А.В.) ҳижратларидан бир минг саккиз (1008/1599) йил ўтиб (вафот этди)”, мазмунида битилган ёзув бор.

Қабртошдаги ёзувлардан мақбара ичидаги қабр Имом Боҳирники эканлиги маълум бўлса, мақбара ташқарисидаги иккинчи қабр Абрў ибн Амир Султон Аҳмадбийники эканлигини билиб олиш мумкин. Юқорида такидлаганимиздек, бу зиёратгоҳ халқ орасида “Имом Баҳра ота” номи билан машҳур.

Мақбара атрофида ҳам бу каби XVII-XVIII асрларга оид, турли ўлчамдаги мармар қабртошларни кўплаб учратиш мумкин. Улардан бирининг эни 17-20 см., узунлиги 85-90 см. бўлиб, унда қуйидаги битик ёзилган:

“Вафоти Ёқутжон Гул бинт Фулоний”

Унинг ёнидаги қабртошда эса араб тилида “Бу қабрнинг соҳиби Хонимжон бинт Хушмон Бойканий”, деган битик бор.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, Дабусқалъа ёдгорлиги ҳудудида барпо этилган “Имом Баҳра ота” мақбараси ва унинг атрофидаги қабртошлардаги битикларни таҳлил қилиш натижасига кўра, мазкур мақбара XVI-XVII асрларга оид эканлигини билиб олиш мумкин.

Кейинги йилларда “Имом Баҳра ота” мақбараси ва унинг атрофида вилоят ва туман ҳокимликлари, мутасадди ташкилотлар томонидан ободонлаштириш ишлари олиб борилган.

Ўйлаймизки, келгусида Дабусқалъа ёдгорлигида олиб бориладиган тадқиқотлар яна ҳам кенг кўламли бўлиб, бунинг натижасида шаҳар тарихининг янги қирралари очиб берилади.

[1] Беленицкий А.М. Монументальное искусство Пенджикента. –М.: 1973. –Б. 272-274.
[2] Санаев И. Бу кўҳна дунё. –Т.: Адолат, 1996. –Б. 14.
[3] Бердимурадов А.Э., Уно Такао, Раҳимов К.А. Дабусияда ўтказилган археологик тадқиқотлар. //Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар 2006-2007 йиллар 6-сони. –Т.: Фан, 2009. –Б. 5.
[4] Бердимурадов А.Э., Уно Такао, Раҳимов К.А. Дабусияда ўтказилган археологик тадқиқотлар. //Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар 2006-2007 йиллар 6-сони. –Т.: Фан, 2009. –Б. 76.
Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

БУЖАЙРИЙ НИСБАЛИ РОВИЙЛАР СИЛСИЛАСИ

IX-XII асрлар ислом оламида илм-фан ривожининг олтин даври сифатида эътироф этилган. Кўплаб манбаларда айни ўша …