Home / АЛЛОМАЛАР / АБДУЛЛОҲ ИБН МУБОРАК (118/736 — 181/797) 3-қисм

АБДУЛЛОҲ ИБН МУБОРАК (118/736 — 181/797) 3-қисм

Иккинчиси – Санадга кучли интилиши (рағбати). Беадад шукрлар бўлсинки, Аллоҳ таоло ислом умматини (ривоятни келтиришда) санад билан сийлаб, барча бандалар ичида бу амални асосий хусусиятларидан бирига айлантирган. Аллоҳ таоло инсон зотини яратгандан буён барча умматлар орасида ислом умматидек ўз пайғамбари ривоятларидан иборат меросни муҳофаза этадиган умматни яратмаган. Агар ҳадислар санадсиз ёзиладиган бўлса, унда, албатта, саҳиҳ (ҳаққоний, ишончли) ҳадислар билан бир қаторда нафақат заифлари, балки мавзулари сохта, ҳатто тўқима аралашиб кетган ҳадислар ҳам бўлар эди. Натижада хатоликлар воқеъ бўлиб, баъзи ҳолларда Расулуллоҳ с.а.в. айтмаган ҳадислар ҳам у зотга мансуб дея тавсиф этиларди. Шу сабабли ибн Муборак ҳадис ўрганиш жараёнида санад масаласига ғоятда катта эътибор билан қарар ва «Санадсиз ҳадис ўрганган одам бамисоли нарвонсиз уйнинг томига чиқадиган кишига ўхшайди»,- деб кўп такрорлар эди. Айни шунга ўхшаш фикрни Имом аш-Шофиъий (767-820) р.а. ҳам таъкидлаб: «Санадсиз ҳадис ўрганаман деган киши тунда бир даста ўтинни кўтариб (ичида илон борлигини билмаган ҳолда) бораётган ўтинчига ўхшайди»,- деганлар. Ибн Муборакнинг санад ҳақида айтган фикрларидан энг машҳури – «Санад диннинг бир асосидир, агар санад бўлмаганда ҳар ким хоҳлаган нарсасини гапираверар эди»,- деб айтган сўзларидир. Агар қандайдир ҳадис хусусида бирор жамоат билан ўрталарида ихтилоф чиқиб қолса у: Биз билан ўша қавм ўртасида ушбу масала хусусида тўғри ва адолатли ҳукм чиқаришга асос бўладиган тиргович, яъни санад бор»,- деб таъкидлар эди.

Учинчиси – унинг жарҳ ва таъдийлдаги[1] аниқ ифодаси (расолиги). Жарҳ ва таъдил илми билан шуғулланган киши, энг аввало, ҳар томонлама мукаммал ва чуқур илмга эга, ровийлар аҳвол (ахбор)идан ҳар тарафлама хабардор ҳамда юксак даражада ақлий етукликка эга бўлиши зарур эди. Агар у кишида андак бепарволик ёки соддадиллик бўлса, ундаги мавжуд тақводорлигу художўйлик унга кифоя қилмайди, деб ҳисобланар эди. Мана шу зайлдаги истеъдодлар Ибн Муборакда тўла-тўкис мужассам бўлган эди. Юқорида зикр этилган маълумотлар унинг ҳадис илмидаги, уларни тўплашдаги бебаҳо салоҳияти ва хотирасида мустаҳкам сақлаб қолиши ҳақида айтилган кўпдан-кўп фикрларнинг тасдиғидир, албатта. Шу боисдан ҳам Имом Бухорий, Имом Муслим ва ҳадис илмининг яна кўплаб буюк алломалари журҳ ва таъдийл масалаларида Ибн Муборак айтган фикрларга таянар эдилар. Бунинг сабаби, ибн Муборак ушбу масалаларда теран илмий тамойилларга, айниқса аниқликка алоҳида эътибор билан қараган. Унинг жарҳ ва таъдийлга оид ёрқин фикрларидан олдинги саҳифаларда етарли даражада келтирилгани боис уларни такрорлашга ҳожат йўқ деб ҳисоблаймиз. Яна бир эътиборга молик нарса, – ровийнинг салоҳияти, тақвоси ва ибодатию яхши-хайрли амалларда пешқадамлиги ибн Муборакни у ҳақда (ҳақиқатни) сўзлашига ҳеч қачон тўсқинлик қилмас эди. Шунингдек, агар баъзи сабабларга кўра бу ровийдан ҳадис олиш нолойиқ бўлса, одамларни ундан ҳадис ёзиб олишдан қайтарар эди. Бу фикримизнинг тасдиғи тариқасида баъзи мисоллар келтирамиз.

Аббод ибн ас-Сақафий ал-Басрий Аллоҳнинг солиҳ бандаларидан эди. Гарчанд у шундай инсонлардан бўлса-да, Ибн Муборак уни зикр қилганида: «Хайрли амалларда ўрнак бўлишда Аббод ибн Басрийдан афзалроқ кишини билмайман»,- деб айтар эди-ю, лекин ундан ҳадис олишдан одамларни қайтарар эди. Бунинг сабаби Аббод ибн Басрий ҳадис айтганда баъзида мункар ҳадисларни ҳам ривоят қилган. Масалан, бу ҳол унинг Суфён ас-Саврийга айтган сўзида зоҳир бўлган. У: «Мен Суфён ас-Саврийга: Аббод ибн Касирнинг ҳадис ривоятидаги ҳолини сиз яхши биласиз, у ҳадис айтганда, улкан хатоларни ҳам қилади. Шунинг учун одамларга ундан ҳадис олманглар (эшитманглар), деб айтаётганимни кўргансиз»,- дедим. Суфён: «Ҳа, шундай»,- деди. Абдуллоҳ ибн Муборакнинг сўзлари: «Агар мен биронта илмий мажлисда қатнашсам-у унда Аббод ибн Касирнинг номи зикр қилиниб қолса, мен уни диний масалалардаги нуфузи учун мақтардим ва лекин «ундан ҳадис ола кўрманглар»,- деяр эдим. Ибн Муборакнинг фикрича, Аббод ибн Касийрнинг тақводорлиги ва художўйлигига ҳеч шубҳа бўлмаса-да, лекин у Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳадислари ривояти, уларнинг таҳлилию мазмун моҳиятини тўлиқ идрок этиб, уларни бошқаларга тарғиб қилиш, айниқса уларни ривоят қилишнинг ўзига хос талабларига риоя этиш борасида баъзи ҳолларда ноқисликларга ҳам йўл қўярди. Ибн Муборак кўп олимлар қатори бу талабларга қатъий риоя қилганлардан бири эди.

Айнан шундай фикрни Ибн Муборак Бақия ибн ал-Валийд деган ҳадисшунос ҳақида ҳам билдирган эди. У: «Бақия тилда ўта ростгўй бўлгани билан, лекин ҳадисларни олдинга юрадиганлардан ҳам, орқага қайтадиганлардан ҳам, яъни ишончли ровийлардан ҳам, заиф ровийлардан ҳам ҳадис эшитиб, ёзиб олаверган. Шу боис одамларни ундан ҳадис олмасликларини маслаҳат берар эдим».

Тўртинчи жиҳати – Ибн Муборакнинг ҳадис нақлида аниқлиги.

Юқорида зикр этилганидек, Ибн Муборакнинг ижобий хислатларидан бири унинг санадларни зикр этиш ва ҳадис эшитиш услубидаги олий даражали ишончлилигида яққол намоён бўлди. Бу ҳақда Нуайм ибн Ҳаммод шундай фикрни айтган: «Мен ҳеч қачон Ибн Муборакнинг “ҳаддасано (бизга ҳадис айтди)” деганини кўрганим йўқ, чунки у доимо “ахбарано (бизга хабар берган эди, етказган эди)” иборасини кўпроқ ишлатар эди. Чунки “ахбарано – бизга хабар берди” ибораси “ҳаддасано – бизга ҳадис айтди” иборасидан кенг қамровлироқдир». Ҳаддасано билан ахбаранонинг ўртасидаги фарқ шундаки, улардан биринчиси (ҳаддасано) ибораси ровий ўз шайхи (устози)дан эшитганига кўра қилган ривоятида қўлланилади, иккинчиси (ахбарано) эса шайх (устоз)га (текширтириш учун) ўқилган (у эшитган) ривоятга нисбатан бўлиб, шайх ҳадисни тинглайди, шогирд (илм толиби) эса ўқийди ёки фақат эшитиб туради. Ҳадис ривоятидаги бундай фарқ таниқли муҳаддис Имом Муслимда кўпроқ учрайди, буюк муҳаддис Имом Бухорий эса ўз асарларида иккала (ҳаддасано ва ахбарано) лафзни ҳам баб-баравар равишда қўллаган.

Бешинчиси – Ибн Муборакнинг ҳадис билан яхши фикрни (хайр ар-раъй) жаъмлашлиги. Аҳли рай билан аҳли ҳадис ўртасида кескин курашлар бўлгани ислом тарихидан яхши маълум. Шу нуқтаи назардан қараганда, ибн Муборак ҳадис билан яхши (маъқул) фикрни бирлаштирган олимлардан бири эди, у бу йўналишга мойил бўлган олим ўртада, яъни раъй (фикр) билан ҳадиснинг ўртасида бўлмоғи лозим, деб ҳисобларди. Бунинг сабабларидан бири шундаки, Ибн Муборакнинг устозлари фақат аҳл ар-раъйдан, ёйинки фақат аҳли ҳадисдан иборат бўлган эмаслар. Жумладан, у кишининг улуғ устозларидан Абу Ҳанифа аҳл ар-раъйнинг йўлбошчиси бўлган бўлса, бошқа бир йирик устози Суфён ас-Саврий эса аҳли ҳадиснинг энг нуфузли пешвоси бўлган.(давоми бор)

Ҳадис илми мактаби раҳбари
Олимхон Юсупов

 

[1] Жарҳ – Ровийнинг ривояти мардудлигини вожиб қиладиган ёки унинг мақбуллигини рад қиладиган сифатларнинг зикр қилинмоғи жарҳ (жароҳат етказувчи сифат) дейилади. Жарҳ лафзлари: Каззоб, ёлғончи, фосиқ, заиф, у ишончли эмас, ҳадиси эътиборга олинмайди, унинг ҳадиси ёзиб олинмайди, уни танимайман каби сўзлардан иборат.

    Таъдил – Ровийнинг ривояти мақбуллигини вожиб қиладиган ёки унинг мардудлигини рад қиладиган сифатларнинг зикр қилинмоғи таъдил (одиллик сифатини бериш) дейилади. Таъдилнинг лафзлари: У ишончли, ҳадисда собит, унинг зарари йўқ, унинг ҳадиси рад қилинмайди каби сўзлардан иборат.

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …