Home / АЛЛОМАЛАР / ИМОМ БУХОРИЙГА ЭНГ СЎНГГИ ХИЗМАТНИ КЎРСАТГАН САХОВАТ СОҲИБИ

ИМОМ БУХОРИЙГА ЭНГ СЎНГГИ ХИЗМАТНИ КЎРСАТГАН САХОВАТ СОҲИБИ

Тарихий манбалардан Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангий Самарқандийни қидирганимизда, албатта, Имом Бухорийнинг Хартанг қишлоғига келгани ва умрининг охирги кунларини шу ерда ўтказгани ҳақидаги маълумотларга дуч келамиз. Демак, Ғолиб ибн Жаброилни Имом Бухорийнинг мана шу қишлоқда ўтказган кунлари ҳақидаги маълумотларсиз ўрганиб бўлмайди.

Имом Бухорий Бухородан чиққанда, самарқандликлар унга мактуб ёзиб, Самарқандга чақирди. Аллома шу шаҳарга қараб йўлга чиқди. Самарқанддан уч фарсах масофадаги Хартанг қишлоғига етганда, самарқандликлар орасида ихтилоф чиққани ҳақидаги хабар келди. Бу қишлоқда унинг қариндошлари бор эди. Шу сабабли иш аниқ бўлгунча қариндошлариникида қолди.

Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангий Имом Бухорийнинг қариндошларидан бири бўлган.

Ибн Адий айтади: “Абдулқуддус ибн Абдужаббор Самарқандийнинг бундай деганини эшитдим: “Муҳаммад (ибн Исмоил Бухорий) Хартангдаги қариндошлариникига келганда, бир кеча намозни ўқиб бўлиб: “Эй Аллоҳим! Кенг ер менга торлик қилиб қолди. Менинг жонимни қабз қилиб, Ўз ҳузурингга олгин”, деб дуо қилганини эшитдим. Бир ой ўтмасдан вафот этди. Унинг қабри Хартангдадир” [1].

Шундан фараз қилиш мумкинки, Имом Бухорий Хартанг қишлоғига келганда, қариндоши Абу Мансурнинг уйида меҳмон бўлган ва чамаси бир ойча яшаган.

Хатиб Бағдодий “Ал-Муттафиқ вал муфтариқ” асарида Абу Мансурнинг таржимаи ҳолини келтирган. Хатиб Бағдодий айтади: “Азҳарий менга: “Бизга Абу Саъд Идрисий айтиб берган эди”, деб хабар қилди: “Ғолиб ибн Жаброил Хартангий Самарқандий, куняси Абу Мансур бўлган шайхдир. Муҳаммад ибн Исмоил унинг уйига меҳмон бўлиб тушган ва унинг хонадонида вафот этган. Ғолиб ибн Жаброил унинг дафн маросимини ўтказган. Муҳаммад ибн Исмоилнинг нусха кўчирувчиси Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий ўшани Ғолиб ибн Жаброилдан ҳикоя қилган”.

Идрисий айтади: “Унинг муснад ҳадиси борлигини билмайман. У илм аҳлидан бўлган, дейилади. Ундан Муҳаммад ибн Исмоилнинг фазилатлари ҳақидаги ҳикоялар ривоят қилинган. Менга Ғолиб ибн Жаброил Имом Бухорийдан озгина кейин вафот этди ва унинг ёнига дафн этилишини васият қилди, деб айтилди” [2].

Абдулкарим Самъоний “Ансоб” асарида бундай дейди: “Хартанг Самарқанддан уч фарсах масофада жойлашган қишлоқ. Имом Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий шу ерда вафот этган. Зиёрат қилиш учун у ерга тўрт марта борганман. Ушбу қишлоққа нисбат берилган машҳур кишилардан бири Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангийдир. Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий Хартангга келганда, унинг уйига тушган ва хонадонида вафот этган. У Имом Бухорийнинг дафн маросимини ўтказган. Айтилишича, у (Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангий) илм аҳлидан бўлган. Ундан Имом Бухорийнинг фазилатлари ҳақидаги ҳикоялар ривоят қилинган. У Имом Бухорийдан озгина кейин вафот этган ва қабри ёнига дафн этилишини васият қилган. Имом Бухорий 256/870 йили Рамазон ҳайитига ўтар кечаси вафот этган” [3].

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Уйига Абу Абдуллоҳ Бухорий меҳмон бўлиб тушган Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброилнинг бундай деганини эшитдим: “У киши бизникида бир неча кун яшади. Сўнг бетоб бўлиб, аҳволи оғирлашди. Ҳатто Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийни олиб кетиш ҳақида Самарқанд шаҳрига элчи юборилган эди. Элчи етиб келиши билан сафарга тайёргарлик бошланди. У киши икки маҳсисини кийиб, салласини ўради. Мен унинг бир қўли (елкадан тирсаккача бўлган қисми)дан ушладим ва иккинчи қўлидан ушлаб олган одам билан бирга уловига миндириш учун етаклаб бордик. У чамамда йигирма қадам ёки шунга яқинроқ юрди. Шунда у (Имом Бухорий) раҳимаҳуллоҳ: “Мени қўйинглар, мен заифлашиб қолибман”, деди-да, бир неча бор дуо қилди. Сўнгра ҳолсизлиги янада кучайиб, ерга чалқанча бўлиб ётди-да, риҳлат қилди.

У кишининг баданидан таърифга тил ожиз бўладиган даражада кўп тер чиқди. Кафанлаганимизгача шу тер тўхтамади. У киши бизга: “Мени қомис (кўйлак) ва имома (салла)си бўлмаган учта оқ кийим билан кафанланг”, деб васият қилган эди. Биз айтганидек қилдик. У кишини дафн қилганимизда, қабри тупроғидан мушкдан-да хушбўйроқ ўткир ҳид атрофга тарала бошлади ва бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сўнг осмонда Имом Бухорий қабри узра оппоқ чўзиқ доира кўтарилди. Одамлар ихтилофга тушди ва ажабланди. Афсуски, улар қабр тупроғини олиб кета бошлади. Ҳатто қабр очилишигача борди. Биз ҳарчанд қабрга қўриқчилик қилишга уринмайлик, бунинг уддасидан чиқа олмадик.

Шунда қабрга ҳеч ким тегмаслиги учун атрофига ёғочдан панжара ўрнатдик. Сўнг бидъатчилар марқад атрофидаги тупроқларни олиб кета бошлади, лекин қабрнинг тупроғига тегина ололмади. Хушбуй ҳид таралаши анча вақтгача давом этди. Шаҳар аҳолиси ажабланиб, буни гапиришдан тўхтамади. У кишининг мартабаси вафотидан кейин душманларининг наздида ҳам аниқ-равшан бўлди. Баъзи душманлари қабрига келиб, қилган ёмон ишларидан пушаймонини айтди ва тавба қилди”.

Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангий Имом Бухорийдан кейин жуда кам умр кўрди. Вафотидан кейин ўзини Имом Бухорийнинг ёнига дафн этишни васият қилди” [4].

Ушбу маълумотлардан Имом Бухорийнинг котиби ва хос шогирди Абу Жаъфар Варроқ Бухорий устози билан бирга Самарқандга келмаганини билиб олиш мумкин. Чунки у Имом Бухорийнинг Хартанг қишлоғига келгани, қариндошлариникида қолгани, шу ерда бетоб бўлиб, вафот этгани ва шундан сўнг содир бўлган ажойиб воқеалар ҳақидаги маълумотларни Ғолиб ибн Жаброилдан ҳикоя қилган.

Тарих китобларида зикр қилинган маълумотлардан қўйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:

* Имом Бухорий Бухородан чиқиб, Самарқандга йўл олган ва баъзи сабабларга кўра Хартангда яшайдиган қариндошларидан бири Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброилнинг уйида қолган.
* Шу ерда бетоб бўлиб, вафот этган ва дафн қилинган.
* Абу Мансур Ғолиб ибн Жаброил Хартангий Самарқандий илм аҳлидан бўлган ва Имом Бухорийнинг дафн маросимини ўтказган.
* Абу Мансурдан Имом Бухорийнинг фазилатлари ҳақидаги ҳикоялар ва вафот этганидан кейин содир бўлган ажойиб воқеалар ривоят қилинган.
* Абу Мансур Хартангий Имом Бухорийдан кейин жуда кам яшаган ва вафотидан сўнг буюк муҳаддиснинг ёнига дафн этилган.
 
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР
[1]. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъламин нубало: 25 жилдли. – Байрут: Дору муассасатир рисола, 1992. Ж: 12. Б: 466.
[2]. Ҳофиз Абу Бакр Аҳмад ибн Али ибн Собит Хатиб Бағдодий. Ал-Муттафиқ вал муфтариқ: 2208 бетли. Доктор Муҳаммад Содиқ Ойдин Ҳомидий таҳқиқи. – Дамашқ: Дорул қодирий, 1417/1997. Б: 1764.
[3]. Имом Абу Саъд Абдулкарим ибн Муҳаммад ибн Мансур Самъоний. Ансоб: 13 жилдли. – Ҳайдаробод: Даиротул маъориф ал-Усмония, 2016. Ж: 5. Б: 79.
[4]. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий. Шамоили Бухорий. Абу Муовия Байрутий нашри. – Байрут: 2019. Б: 71-74. Шамсиддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Усмон Заҳабий. Сияру аъламин нубало: 25 жилдли. – Байрут: Дору муассасатир рисола, 1992. Ж: 12. Б: 466-467. Абу Фазл Шиҳобуддин Аҳмад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Ҳажар Киноний Асқалоний. Тағлиқут таълиқ ала Саҳиҳил Бухорий: 5 жилдли. Саид Қазфий таҳқиқи. – Дамашқ: Ал-Мактабул исломий – Дору Аммор. 1405/1985. Ж: 5. Б: 441. 
Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …