Home / МАҚОЛАЛАР / “КИТОБУТ ТАВҲИД” – АДАШГАН ОҚИМЛАРГА ҚАРШИ ТУРИШДА МУСТАҲКАМ ҚАЛЪА

“КИТОБУТ ТАВҲИД” – АДАШГАН ОҚИМЛАРГА ҚАРШИ ТУРИШДА МУСТАҲКАМ ҚАЛЪА

Сир эмаски, ҳозирги кунларда дунё мусулмонларининг тўқсон фоизидан кўпроғи эргашаётган аҳли сунна вал жамоага мансуб мотуридийлик ва ашъарийлик йўналишларига турли оқимлар томонидан мафкуравий ҳужумлар ташкил қилинмоқда. Улар нима қилиб бўлса ҳам мусулмонларни ҳақ йўлдан оздириб, ўзига тобеъ қилишни истаётгани аста-секин ҳаммага маълум бўлиб бораётган бўлса-да, халқимиз орасида ушбу адашган тоифаларга эргашаётганлар ва уларни қўллаб-қувватлаётганлар борлиги жуда ачинарли ҳолатдир. Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийдек буюк алломаларни яхши танимай, улар ёзиб қолдирган китобларни ўрганмай туриб, биров нима деса ишониб кетавериш, залолатга ботишнинг асосий сабабидир. Агар одамлар бу икки алломанинг илмий меросларни яхши ўрганганида, у тоифалар ўзининг разил мақсадлари йўлида ушбу буюк олимларга туҳмат қилаётганини очиқ-ойдин англаб етар эди. Бу икки буюк имомнинг китобларини кўп асрлардан буён ишончли олимлар ўрганиб чиққандан сўнг уларнинг йўллари тўғрилигини эътироф этган. Шуни ўйлаб кўришнинг ўзи ундай тоифаларнинг асл мақсадини тушуниб олиш учун етарли. Шу боис икки имом ҳақида билиш, айниқса, бизнинг диёрда амал қилиб келинаётган мотуридийлик ақидавий йўналиши асосчиси Имом Мотуридийнинг асарларини ўрганиш ва ҳаётга татбиқ этиш, уларни халқимизга ўз она тилисида содда ва тушунарли ҳолда етказиб бериш катта аҳамиятга эга. Чунки, бир нарса тўғрисида маърифатга эга бўлган киши айнан ўша нарса тўғрисида ҳар хил ёлғонларга алданиб қолмайди. Илм нур, жоҳиллик зулмат дейилгани ҳам шундан.

Ўз даврида кўплаб тоифаларни залолат ботқоғидан ҳидоят йўлига чиқарган ва ўз асарлари билан ўша даврдан то ҳозирги кунгача кўплаб мусулмонларнинг ҳидоятига сабаб бўлган Имом Мотуридийнинг тўлиқ исми Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий Самарқандийдир. Аллома 250-333 (870-944) йилларда яшаб, фаолият юритган. Ўз ватанида барчаси Абу Ҳанифага боғланадиган олимлардан ақийда, тафсир, ҳадис, фиқҳ, луғат ва бошқа муҳим диний илмларни таълим олиб, етук аллома бўлиб етишган. Алломанинг бизгача етиб келган асарларидан энг машҳурлари “Китобут тавҳид” ва “Таъвилотул Қуръон” бўлиб, бири тавҳидга иккинчиси тафсирга оиддир.

Абу Муин Насафий ўзининг “Табсиратул адилла” китобида Имом Мотуридийга тегишли бўлган китоблар орасида “Китобут тавҳид”ни ҳам зикр қилган. Унинг бу асари Имом Мотуридий “Китобут тавҳид”да баён қилган масалаларни тушиниш учун ёзилган китобларнинг энг аввалгиси ва аҳамиятлиси ҳисобланади. Шунинг учун олимлар “Китобут тавҳид”ни ўқишдан олдин “Табсиратул адилла”ни ўрганишни тавсия қиладилар.

Абу Юср Баздавий ўзининг “Усулуд дин” асарида бундай дейди: “Шайх Абу Мансур тасниф қилган китобда маъноларда бироз махфийлик, узунлик ва китобнинг тартибида бироз қийинчилик мавжуд бўлмаганда, ушбу китобнинг ўзи барчага кифоя қилар эди”.

Тавҳид илмида энг юқори чўққиларга кўтарилган буюк олимлар “Китобут тавҳид” ақида борасида ёзилган энг мукаммал ва кифоя қиладиган асар эканини эътироф этиши унинг нақадар аҳамиятли эканини билдиради.

Аллома ўз китобида кўпроқ ишора усулини қўллаган. Чунки, ишора эътиборлироқ бўлади. Айниқса, Қуръон оятлари ва ҳадисларга ишоралар борлиги аҳамиятлидир. Бу у зотнинг нақадар теран илм соҳиби эканида далолат бўлади. Асарнинг ҳамду сано қисмининг ўзидаёқ бу ҳолат яққол кўзга ташланади. Аллома ўз сўзини бошлаб, бундай дейди: “Ундан ўзгага айтиладиган барча ҳамд ҳақиқатда Унга қайтадиган Аллоҳга У ато қилган неъматларни қамраб оладиган ва зиёда қилиб беришига ҳам кифоя қиладиган ва Унинг ризосига етказадиган ҳамд бўлсин”.

Аллома ўз асарида аввал маърифат сабаблари тўғрисида сўз юритиб, ундан сўнг асосий мақсад бўлмиш Яратувчи ва унинг сифатларини баёнига киришади. Бу орада кўплаб ботил ғояларга раддия бериш билан ҳақиқатни юзага чиқаришга интилади. Бу услуб аллома кўзлаган мақсадига эришишига асосий сабаблардан бири бўлган. Яъни, ҳақиқатни юзага чиқаришнинг энг яхши йўли ҳақиқатнинг зидди бўлган ботилни асл юзини очишдир. Мотуридий ўзининг бу услубида кўплаб ақлий ва нақлий далиллардан фойдаланган. Чунки, у яшаган даврда мўътазилийлик ғоялари кўп тарқалган бўлиб, бу тоифага мансуб бўлган кишилар асосан ақлий далилларга эргашар эди. Уларнинг шиорларида “Барча ишда ақл асл бўлиб, нақл (Қуръон ва ҳадис) ақлга тобеъ”, деган ғоя бор эди. Бундан ташқари ўша даврда ҳар қандай ҳолатда оят ва ҳадисларнинг зоҳирий (юзаки) маъноларига кўра амал қилинади, деган ғоя асосида ақлий далилларни мутлақ инкор қиладиган тоифалар ҳам мавжуд эди. Аллома бу икки тоифанинг ғоялари ботил эканини исботлаш учун ўз китобида ақлий ва нақлий далилларни жамлади. Бу услуб натижа бериб, юқорида зикр қилинган адашган тоифаларнинг катта қисми Имом Мотуридийга эргаша бошлади.

Асарда даҳрийя, санавийя, дайсонийя, мўътазила, суфастоийя, сумнийя, мажусийя ва бундан бошқа кўплаб ботил фирқаларга раддиялар мавжуд. Ушбу ўринда раддиялардан баъзиларини келтириб ўтиш фойдадан холи бўлмайди. Аллома оламни қадим (ибтидоси йўқ), дейдиган тоифалардан бири бўлмиш санавийяларга раддия бериб бундай дейди: “Санавийялар (нур ва зулматни илоҳ, деб эътиқод қилувчилар) оламни қадим, деб даъво қилди. Ҳолбуки, улар ўз сўзлари билан бу эътиқодни инкор қилувчиларнинг энг аввалида туради. Чунки, улар: “Нур ва зулмат аввал бир-биридан жудо ҳолатда эди, сўнг бир-бирига аралашди ва уларнинг аралашувидан олам пайдо бўлди”, деган сўзни айтади. Ҳолбуки, аралашиш ҳодис (ибтидоси бор)дир. Чунки, ундан олдин жудолик бўлган ва нур ва зулмат олам, деб номланмаган эди.”

Оламнинг ибтидоси борлигига уни қадим дейдиганларнинг сўзини далил сифатида келтиришнинг ўзидан у зотнинг қандай истеъдод соҳиби эканини билиб олиш қийин эмас. Бу ўринда аллома “аввал жудо бўлган”, “сўнг аралашган”, деган сўзлардан оламнинг ҳодис эканини исботлаб беряпти. Бундан ташқари у зот ўз асарида “пайдо бўлди”, “вужудга келди”, деган сўзлар ибтидоси бор нарсаларга ишлатилишини баён қилган.                     Давоми бор…

Обид Хурсандов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …