Home / МАҚОЛАЛАР / Бўрилар экотизимда қандай ўрин тутади? ёки бир қўриқхона мисолида Аллоҳ таолонинг илми ва ҳикматидан бир нишона

Бўрилар экотизимда қандай ўрин тутади? ёки бир қўриқхона мисолида Аллоҳ таолонинг илми ва ҳикматидан бир нишона

Дунёда ҳар бир жонзотнинг ўз ўрни ва вазифаси бор. Ҳашоратми, ҳайвонми, қушми эканлигидан қатъи назар, Ҳақ таолонинг қудрати билан уларнинг ҳаммаси ўз зиммасидагини бажаради. Улар ҳатто инсон зотига берилмаган айрим имкониятлар билан қуролланган. Қабр ёнида ўтлаётган чорва баъзан ўз-ўзидан ҳуркиб кетиши шунга бир мисолдир. Яъни, махлуқот инсон эшитмайдиган овозларни эшитади, эҳтимол, инсон кўрмайдиган нарсаларни кўради ҳам.

Бу хусусда қуйидаги ҳадисни келтириш мумкин. Бир инжиқ туя Абу Нажжор қабиласига тегишли хурмозор кираверишига турволиб, ҳеч кимга йўл бермаётган эди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам келиб, унга тинчланишни буюрдилар. У келиб, бўйин эгди. Уни жиловладилар. Кейин айтдилар: “Адашган жинлар ва инсонлардан ташқари осмон билан ер орасидаги бутун махлуқот менинг Расулуллоҳ эканлигимни билади” (Имом Аҳмад Ҳанбал муснади, 14333).

Ҳар бир жонзот Набий соллалоҳу алайҳи васалламни билар экан, демак, Аллоҳ таоло шуни ирода этган. Уларнинг ўз вазифасини мунтазам бажариши, бу жараёнда узилиш рўй бергудек бўлса, табиатдаги мувозанат бузилиши ҳам Яратганнинг буюк ҳикматидир.

Ижозатингиз билан бу фикрга бўрилар мисолида юз берган воқеа ёрдамида тасдиқ келтирамиз.

1995 йилда Йеллоустон миллий боғига (қўриқхонасига) 14 та бўри эркин яшаш учун қўйиб юборилганида, олимлар бу воқеа бутун экотизимни бошдан-оёқ ўзгартириб юборишини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Қўриқхонага 70 йил давомида бўри ораламаган, бутун ўтган вақт мобайнида бу ерда кийиклар “ҳукмронлик” қилган эди. Оқибатда улар пала-партиш кўпайиб, маҳаллий набототга (ўсимлик дунёсига) катта зарар етказганди. Дов-дарахт ва буталар, ўт-ўлан ва гиёҳлар тугаб қолаёзган эди.

Албатта, 14 тагина бўри бу кийикларнинг ҳаммасини еб битиришга қодир эмасди. Лекин бўрилар пайдо бўлишининг ўзиёқ кийикларни эндиликда яйловларни танлашга, айримларидан нарироқ бўлишга мажбур қилди ва шундай жойларда ўсимлик дунёси барқ уриб ривожланди. 6 йил давомида дарахтлар беш карра кўпайди.

Кўп ўтмай, ёғочдан тўғончалар қурадиган қундузлар пайдо бўлди. Сув ҳавзаларида ондатра, ўрдак, балиқлар кўпая бошлади.

Бўрилар ўз рақобатчилари бўлмиш шоқоллар популяциясини камайтирди. Бу эса қуёнлар ва бошқа кемирувчилар кўпайишига олиб келдики, натижада уларнинг кушандалари – қирғийлар ва тулкилар қўриқхонага кўпроқ эътибор жалб қила бошлади.

Яна бироз муддатдан кейин боғда айиқлар ҳам пайдо бўлди. Улар бўрилардан қўрқмас, уларнинг ўлжасини осонлик билан тортиб олар эди. Тайёр хўрак айиқлар қўриқхонага ўрганиб қолиши ва ўрнашиб олишига сабаб бўлди.

Бора-бора боғда резаворлар ҳам кўпайиб кетди.

Шу тариқа тутқунликда сақланган 14 тагина бўрининг қўйиб юборилиши боғнинг умумий манзарасини, унинг ҳайвонот ва наботот оламини бутунлай ўзгартириб юборди.

Шундай қилиб, Аллоҳ таолонинг ҳикмати мана шу “бир ҳовуч” бўрининг бутун қўриқхонани “остин-устун” қилиб юборишида ҳам яққол намоён бўлди.

Мадина МАШРАБХОН

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …