Home / АЛЛОМАЛАР / Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий” асарини калом илмида тутган ўрни

Саъдуддин Тафтазонийнинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий” асарини калом илмида тутган ўрни

Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний (722-792ҳ./1322-1390м.) раҳимаҳуллоҳ ўз даврининг энг машҳур алломаларидан бири, Самарқандда илмий фаолият олиб борган улуғ олим  ҳисобланади. Тафтазоний тахаллуси билан машҳур бўлган улкан аллома наҳв, сарф, мантиқ, риторика, калом, фиқҳ, тафсир ва бошқа илм соҳалари бўйича замонининг пешқадами эди. Юқорида қайд қилинган фан соҳаларига тааллуқли бўлган асарлари жамоатчилик томонидан кенг қабул қилинди. Бу асарлар узоқ вақт давомида диний ўқув юртларида асосий қўлланма бўлиб хизмат қилди. Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ мусулмон уламолари орасида шу қадар кенг шуҳрат қозондики, унгача яшаб ўтган олимлар “мутақаддимин”, ундан кейингилари эса “мутааххирин” деб атала бошланди. Бу ҳол Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг мусулмон оламида тутган мавқеи нақадар юксак эканини тасдиқлайди[1].

 Аллома Саъдуддин  Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг бизгача етиб келган ва ҳозиргача кўпчилик томонидан катта эътибор билан ўрганиб келинаётган китобларидан бири “Шарҳ ақоид ан-Насафий” номли асаридир. Бу китоб Нажмуддин Абу Ҳафс  Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” матнига ёзилган шарҳдир. “Ақоид ан-Насафий” матнига ёзилган шарҳларнинг энг машҳури Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий” асаридир. Манбаларда ушбу икки китобнинг номлари “ал-Ақоид ан-Насафия” (العقائد النسفية), “Ақоид ан-Насафий” (عقائد النسفي) ва “Шарҳ ал-ақоид ан-Насафия  (شرح العقائد النسفية), “Шарҳ ақоид ан-Насафий” (شرح عقائد النسفي) тарзида учрайди. “Ақоид ан-Насафий” асарига кўп уламолар томонидан шарҳлар ёзилган, лекин Тафтазонийнинг шарҳи улар ичидаги шуҳратлиси ва уламолар томонидан қабул қилиниш, муҳимлик, кераклиги жиҳатидан катта аҳамиятга эга бўлган. Асар бир қанча шаръий илм даргоҳларида дарслик сифатида ўқитилган. Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ китобни 768/1367 йилнинг шаъбон ойи Хоразмда ёзиб тугатган[2].

Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг бу китоби ўз давридаги ақида илмига оид илмий баҳсларнинг самарасини акс эттирган китобдир. Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ ўз китобининг аввалида ақида илми тарихи ва унга одамларнинг ҳожати тушганлиги ҳақида қисқача тушунтириш беради. Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ ўз шарҳининг бошида, Мотуридий ақидавий мазҳабидаги бошқа олимлар каби, маърифат ҳосил қилиш воситаларини баён қилиш жараёнида ақлнинг тутган ўрни ва аҳамиятини тушунтиради.  “Шарҳ ақоид ан-Насафий” китобининг дастлабки мавзулари жуда ҳам қийин тил ва услубда келган. Бу ҳам ўша замон  илмий муҳитининг таъсиридир. Муаллиф мазкур вақтнинг услуби ва тили ҳамда истилоҳларини ишлатишга мажбур бўлган. Айниқса, Аллоҳ таолонинг борлиги ва зоту сифатини, оламнинг қадим эмаслигини баён қилиш жараёнида кўпроқ файласуфларнинг иборалари ва услуби ила бўлган. Бу бобларда оят ва ҳадислар деярли келтирилмаган.  Аммо кейинроққа келиб услуб ҳам, гап-сўзлари ҳам осонлашиб боради. Оят ва ҳадислардан ҳужжат-далиллар келтириш ҳам кўпайиб борган. Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ аввал фақат ақлий далиллар келтирган бўлса ҳам, кейинроқ оят ва ҳадисдан келтирган далилларини қувватлаш учунгина ақлий далиллар келтирган. Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ файласуфлар, мўътазилийлар,  жабрийлар ва қадарийлар каби турли фирқа ва гуруҳларнинг фикрларини келтириб, уларга  Аҳли сунна ва жамоанинг раддияларини бериб борган[3].

 Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий” асарига уламолар катта қизиқиш билан қарашган ва унга ҳошиялар битишган. Ушбу асар ўз давридаги ақида илми борасидаги илмий баҳсларнинг самарасини акс эттирган китобдир. Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ ушбу асарга шундай баҳо беради: “Абу Ҳафс Насафийнинг “Ақоид ан-Насафий” асари калом илмини ўрганишда энг фойдали ва қулай манбадир”. Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ Имом Мотуридий ақидасига эргашган ва унинг таълимотини кенг ёйишга хизмат қилган. Аллома мотуридия ва ашъариялар ўртасидаги хилофли масалаларда мотуридий уламолар томонида турар эди.

    Асарни ёзишда Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ матн ибораси билан шарҳ иборасини узиб қўймасдан бир-бирига мос тарзда аралаштириб ёзган. Гоҳида матндан олдин мим ҳарфини, шарҳдан олдин шин ҳарфини, ёки матн устига чизиқ қўйган. Бу аксар шарҳ ёзувчиларнинг услубий йўлидир. Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ ҳам бу шарҳида ўша услубни қўллаган. Қўлёзма асари боб ва фаслларга ажратилмаган дейилади. Шунинг учун муҳаққиқлар фаслларга тақсимлашга эътибор беришган.

  “Ақоид ан-Насафий” асари мотуридий мазҳабига мағиз бўлиб намоён бўлди ва Тафтазонийнинг қўлида мазҳабнинг муфассал қилувчи ва қолиби бўлиб номаён бўлган. Ақоид шарҳи ҳошиялар билан нашр қилинган. Асар 1260/1844 йил Калкуттада Мавлавий Ходим Ҳусайн ал-азим Ободий ҳошияси билан, 1286/1869 йил Лакнаҳурда Хиёлий ҳошияси илова қилиниб, 1321/1903 йил Мисрда, 1331/1913 йил Шокир матбаасида, 1897 йил Қозонда Шарҳ ал-Исом ҳошияси билан, 1898 йил яна Қозонда Мавло Муслиҳиддин Мустафо Кусталий ҳошияси билан, 1313/1896, 1323/1905 йилда Остонада, 1322/1904, 1323/1905 йил эса Лакнавда “Шарҳ ақоид ан-Насафий” ва “Ал-Хиёлий шарҳ ақоид ан-Насафий маа ҳошия Мулло Абдулҳаким Сиёлкутий” билан нашр этилган.  

  Ҳозирга келиб, ушбу асар ва унга ёзилган ҳошиялар нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам тадқиқ қилинмоқда. Ушбу асарнинг нуфузи шундаки, унда мотуридия таълимоти қисқа сатрлар ва шарҳлар орқали баён қилиб берилган. Бу ўқувчига қулайлик туғдириши билан бир қаторда, мотуридия таълимотини изчил равишда ўрганишга имконият яратади.

 Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ ақоид ан-Насафий” китоби Мотуридий ақидавий мазҳабида ёзилган китоблар ичида энг машҳурларидан бири ҳисобланади. Уни кўпгина юртларда дарслик қилиб олинган. Бизга етиб келган асарлар ичида кўп учрайдигани ҳам айни шу китобдир.

Аллома  Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ қолдирган илмий мерослари диний ва дунёвий фанларга катта ҳисса қўшган. Алломанинг бундай асарларини ўрганиш, таълим-тарбия, инсонийлик ва меҳр оқибат тушунчаларини ифода этишда катта рол ўйнайди. Шу нуқтаи назардан қараганда, Тафтазоний каби алломаларнинг илму ирфонларини кенг ўрганиб, уни оммага, ёшларга етказиш муҳим аҳамиятга эга. 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказий
Каломшунослик шўъбаси илмий ходими
Шоназаров  Абдувоси

 

[1] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. Тошкент: 2011.  Б. 90.

[2] Саъдуддин Тафтазоний. Шарҳ  ақоид ан-Насафий.   Лакнав: 1322/1904.  Б. 128.

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар. Тошкент: 2011.  Б. 94.

Check Also

АРБИНЖОН ВА УНГА ЁНДОШ ҚИШЛОҚЛАРДАН ЧИҚҚАН РОВИЙЛАР

Арбинжон шаҳри тарихда “Арбинжон”, “Арбинжони”, “Арбинж”, “Рабинжон” ва “Арабнажн” номлари билан аталган[1]. Аксар араб манбаларида …