Home / МАҚОЛАЛАР / ИЛМ ТАЛАБИДАГИ САФАРЛАР ИБТИДОСИ

ИЛМ ТАЛАБИДАГИ САФАРЛАР ИБТИДОСИ

Илм ўрганиш исломнинг шиори бўлиб, инсониятнинг энг юқори поғонага кўтарилиш воситасидир. Ислом илм талаб қилишга ундайди, уламоларнинг зикрини улуғлайди ва илмга интилишни ибодат деб билади. Илм талабида сафар қилиш билим олишнинг энг муҳим сабабларидан бири саналади.

Билим олиш фазилат, шон-шарафдир. Ҳаётини шунга сарфлаган киши ҳеч қачон ютқазмайди, унинг илми умри бўйи қилган инфоқ-эҳсонидан кўра фойдалироқ бўлади. Салаф алломалар унинг фазилати ва шарафини яхши билган. Шунинг учун улар ҳамма нарсани илм олишга сарфлаган. Шу йўлда ёзнинг иссиғи-ю қишнинг совуғига, очарчилигу чанқоққа ҳам рози бўлган. Улар бу ишнинг қадр-қимматини билганидан ойлар ва йиллар давомида оила ва фарзандларидан йироқларда юрган. Биргина ҳадис ёки бирор соҳада етук устозни топиш, ё бир масалани билиб олиш йўлида минглаб фарсах йўл юриб, сафар ва мусофирлик машаққатини чеккан.

Илм излаш фазилати ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ибратли ҳадислар ёзиб қолдирилган. Абу Дардодан ривоят қилинади: “Унинг олдига Дамашқдалигида Мадинадан бир одам келибди. Шунда Абу Дардо: “Нега келдинг, эй биродарим?” деди. У: “Менга Расулуллоҳдан бир ҳадис айтганингиз етиб келди”, деди. “Бошқа ҳожат билан келмадингми?” деди. “Йўқ”, деди. “Тижоратга келмадингми?” деди. “Йўқ”, деди. Яна: “Фақат шу ҳадис талабида келдим”, деди. Абу Дардо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: “Ким илм талабида бир йўлдан юрса, Аллоҳ унга ана шу илм сабабли жаннатга йўлни осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар ўз қанотларини илм толиблари учун рози бўлган ҳолда қўяди. Албатта, илм толиби учун осмондаги ва ердаги бор нарса, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан афзаллиги ўн тўрт кунлик ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир”, деди” (Термизий ривояти).

Баъзи олимлар илм талабида бўлиш ҳақида сўз юритар экан, илм ўргансанг, у сени кичиклигингдан улуғ қилади, катта бўлганингда сени тўғри йўлга чорлайди, дейди.

Сафар қадим замонлардан илм олишдаги энг афзал усуллардан ҳисобланади. Бунинг ёрқин мисоли Мусо алайҳиссаломнинг илм талабида Хизр алайҳиссалом олдига боришидир.

Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусо Бану Исроилнинг бир жамоаси ичида эди. Бир киши келиб: “Ўзингдан илмлироқ бирор кишини биласанми?” деди. Мусо: “Йўқ”, деди. Аллоҳ азза ва жалла Мусога ваҳий қилди: “Йўқ, бандамиз Хизр бор”. Шунда Мусо унга учрашиш йўлини сўради. Аллох у кишига балиқни белги қилиб берди. Унга: “Балиқни йўқотган пайтингда ортингга қайт, унга албатта йўлиқасан”, дейилди…”, дедилар (Бухорий ривояти).

Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссалом билан учрашишни жуда хоҳлаган. Белгиланган жойга борган ва сафар қийинчиликларга дош берган. Хизр алайҳиссалом билан устоз шогирд даражасида бўлган.

Мусо Хизрдан афзал ва юқори мартабали бўлишига қарамасдан ундан хушмуомалалик ва камтарлик билан сўради: “Мусо унга: “Сенга ўргатилган рушддан менга ҳам ўргатмоғинг учун сенга эргашсам майлими?” деди(Каҳф сураси, 66-оят). Мусонинг бундай қилиши олим билан учрашиб, унинг илмидан баҳра олиш бўлган. Бу қиссани Аллоҳ таоло ажиб кўринишда, илоҳий оҳанглар билан тасвирлаб берган.

Шу тариқа илм талабида сафарда бўлиш олимларнинг ўзига хос белгисига айланган. Инсон илмга ташналикнинг муайян даражасига етса, бу йўлдаги машаққатлар уни асло тўхтата олмайди.

Саҳобалар одамларнинг илм ва амал жиҳатидан комили, пайғамбарлардан кейин одамзотнинг афзали бўлишига қарамасдан, илм излашга харис бўлган. Сафарнинг ҳар қандай машаққатларига тайёр бўлган.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо битта хадис учун бир ойлик масофани босиб, Абдуллоҳ ибн Унайс розияллоҳу анҳунинг ҳузурига боргани бунга жуда яхши мисолдир. Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитмаган ҳадис менга етиб келди. Шунда бир туя сотиб олиб, сафарга чиқдим. Бир ой юриб, Шомга келдим. Абдуллоҳ ибн Унайснинг олдига бордим. Эшикбонга: “Унга: “Жобир эшикнинг ортида”, деб айт”, дедим. Шунда у: “Ибн Абдуллоҳми?” деди. “Ҳа”, дедим. Кейин бориб унга (Абдуллоҳ ибн Унайсга) хабар берди. У кийимини тўғрилаб туриб, келиб, мени қучоқлади. Мен ҳам уни қучоқладим. Сўнг: “Сизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қасос ҳақида бир ҳадис эшитганингиз менга етиб борди. Уни эшитишимдан олдин вафот этишингиздан ёки ўзим бу дунёни тарк этишимдан қўрқдим”, дедим (шунда у ҳадисни айта бошлади)…” (Бухорий ривояти).

Саҳобалардан кейин уларнинг издошлари ҳам илм талабида сафар қилишдек фазилатли амалиётни кенгайтирган. Чунки улар имон ва ҳидоятдан кейин одамзот илм учун энг катта шараф эканини жуда яхши билган. Хусусан, Аҳмад ибн Ҳанбал “Муснад” асарини қирқ йил давомида Миср, Ироқ, Шом, Хуросон, Ҳижоз ва Яманга сафар қилиб ёзган. Фақат ҳадис тўплаш билан чекланмасдан унинг иснод, иллат ва туруқларини чуқур тадқиқ қилган. Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ва бошқа муҳаддислар, уламоларнинг ҳаёт йўлларига қарасак, уларнинг ҳаммаси узоқ йиллар мобайнида илм сафарида бўлганини кўрамиз. Улар Аллоҳнинг важҳидан бошқа мол-дунё, мансаб ёки одамлар мақтови учун бу ишни қилмаган. Сафарлари улар учун дарс ва сабоқ бўлган. Ҳаётий тажрибасини оширган. Натижада инсонлар наздида улуғ мартабаларга эришган, уларнинг муҳаббати ва эътиборига сазовор йирик олим бўлиб етишиб чиққан.

Қодирхон МАҲМУДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …