Home / МАҚОЛАЛАР / ИСЛОМДА ДЎСТЛИК-БИРОДАРЛИК МЕЗОНЛАРИ ТАЛҚИНИ

ИСЛОМДА ДЎСТЛИК-БИРОДАРЛИК МЕЗОНЛАРИ ТАЛҚИНИ

“Мўминлар бир-бирига ака-укадирлар”, деб айтган Парвардигори оламга беадад шукрлар бўлсин, ҳақиқий дўстлик қандай бўлишини ўргатган суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин. Аллоҳ таоло бутун инсониятни бир ота-онадан, яъни Одам Ато ва Момо Ҳаводан яратди.

Аллоҳ таоло Қурони каримда:

 يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир.”[1]

Шунинг учун ислом динида инсон қандай ирққа мансуб бўлмасин, қайси рангда бўлмасин, тили ва масканининг фарқи йўқ, ҳамма бир ота-онадан, ҳамма бир динга эътиқод қилади, демак буларнинг барчаси оға-ини, дўстдирлар. Яъни, Аллоҳни бир деб биладиган, барча пайғамбарларни тан оладиган, Ҳақ таолога ширк келтирмайдиган барча мўмин бандалар дўстдир, бир тану бир жондир.

Аллоҳ таолонинг мана шундай кўрсатма ва амрлари асосида мўмин бандалари бир-бирларига оға-ини бўлди. Парвардигори олам одамзотни шу зайлда яратиб, инсонлар бир-бирини тушунсин, бир-бирига ёрдам берсин, аҳил яшасин деб, инсонни дўстлари ва ёру-биродарлари билан яратди. Дўстларнинг кўплиги, маҳбубу муҳибларнинг бисёрлиги, дил сўзларнинг кўплигидир. Бу ўша инсоннинг гўзал одоб, мукаммал ахлоқ соҳиби эканидан далолатдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: “Эй Абу Ҳурайра! Гўзал ахлоқли, чиройли одобли бўлгин”, дедилар. Шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: “Ё Расуллуллоҳ! Гўзал одоб, юксак ахлоқнинг меъёри, унинг қоидаси, қандай?” деб сўраганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гўзал одоб, юксак ахлоқ уч нарсада мужассам бўлади. Улар: сен билан борди келдини узган одамни сен зиёратига бормоғинг; сенга зулм қилганни кечирмоғинг, унинг гуноҳини баҳридан ўтмоғинг; сенга эҳсон бермаганга сен эҳсон беришингдир. Мана шунда юксак одобли, гўзал ахлоқли бўласан”, деб марҳамат қилдилар.

Дарҳақиқат, ҳақиқий мусулмон ҳаёти фаришталарнинг ҳаётидек соф ва покизадир. Ҳақиқий мусулмон ҳаммага фойдаси тегадиган мусулмондир. Ўзи яхши кўрган нарсани бошқа учун ҳам лозим кўриш бу дин мезони ҳисобланади. Бу муқаддас дин, покиза шариат дўстликни, биродарликни, бир-биримизга бўлган меҳру-муҳаббатни энг олий даража, улуғ ибодат даражасига кўтарди.

Ҳадиси қудсийда келтирилади: Аллоҳ таоло деди: “Менинг ризолигим учун бир-бирини яхши кўрганлар, ака-ука тутинганлар, ўтириб суҳбат қурганлар, бир-бирларига ёрдам берганлар ва бир-бирларини зиёрат қилганлар Менинг муҳаббатимни қозонгайлар”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида:“Кимки бирор бир бандани Аллоҳ йўлида яхши кўрса, тоат, илоҳий муҳаббат учун яхши кўрса. Аллоҳ таоло унинг даражасини жаннатга кўтаради. Ҳолбуки, у амали билан бундай даражага етиша олмас эди”, деганлар.

Лекин кимни дўст тутамиз, дўст тутишнинг мезони қандай? Кимни дўст тутайлик, кимни дўст тутмайлик, кимга яқин бўлайлик, кимдан узоқ бўлайлик? Кимни дўст тутсак Аллоҳ таоло жаннатдаги даражамизни кўтаради?

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши Маҳшаргоҳга дўстининг динида келади, шундай экан ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига қарасин”, дедилар.

Аллоҳ йўлида садоқатли дўстлик ҳамиша, ҳар ерда ва ҳар шароитда ишончли бўлади. Исломда дўстлик қандай бўлиши ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида: “Мусулмон мусулмон учун ака-укадир. Унга зулм қилмайди, молини ноҳақ тортиб олмайди, ҳаққини ҳам камайтирмай беради”, деб таъкидлаганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамжиҳат бўлиб яшамоқликка, бир-биримиз билан дўстлашмоқликка, ёру биродар орттирмоқликка буюрмоқда. Зеро, инсон ҳаёти дўстлар билан, биродарлар билан ҳамжиҳат бўлиб яшамоқлик ила гўзал ва мазмунли бўлади. Хиёнат бор жойда эса Аллоҳ таолонинг раҳмати ҳам, баракаси ҳам бўлмайди. Шу сабабли дўст тутинаётган кишининг сифатларида хиёнат ва ёлғончилик бўлса, ундан узоқроқ бўлган маъқул. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Икки ўртоқдан бири иккинчисига хиёнат этмас экан, уларнинг учинчи шериги Менман. Бири бошқасига хиёнат этаркан, Мен уларнинг орасидан чиққайман”.

Бир куни тасаввуф илмининг улуғларидан бўлмиш Шиблийнинг ҳузурига бир жамоат одамлар келди. Шиблий: “Кимсизлар?” деб сўраганларида, улар: “Биз сизнинг дўстларингизмиз!” деб жавоб беришди. Бу жавобни эшитган Шиблий ўгирилди ва уларга қаратиб тош отди. Улар қоча бошлаганларида ҳазрат уларга: “Нега қочаяпсизлар? Агар сизлар ҳақиқий дўстлар бўлсайдингизлар, мендан келган балодан қочмас эдингизлар!” деди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Мусулмон мусулмоннинг дўстидир. Унга зулм ҳам қилмайди, бошига машаққат тушганда ташлаб ҳам кетмайди. Кимки дўстининг ҳожатини раво қилиш учун ҳаракат қилса, Аллоҳ таоло унинг ҳожатини раво қилади. Бир мусулмон мусулмон дўстининг бошига тушган қийинчилигини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло уни қиёматдаги қийинчиликлардан қутқаради. Кимки бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло қиёматда унинг ҳам айбини ёпади”.

давоми бор

Нодир Қобилов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. -Т.: Тошкент ислом университети, 2009. Ҳужурот сураси. 13-оят.

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ БУЮК ОЛИМ БЎЛИБ ЕТИШИШИДА ОТА-ОНАСИНИНГ ЎРНИ ВА ХИЗМАТЛАРИ

Ислом динида фарзанд тарбияси ибодат даражасидаги амаллар қаторига киради. Шу сабабли донишманд ота-боболаримиз, оқила оналаримиз …