Home / ҲАДИС / ЧИН МУСУЛМОННИНГ НАБАВИЙ ТАЪРИФИ

ЧИН МУСУЛМОННИНГ НАБАВИЙ ТАЪРИФИ

(Саҳиҳул Бухорий, Имон китоби, 4-боб, 10-ҳадис)

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو ؛ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ  صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : «الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ ، وَالْمُهَاجِرُ مَنْ هَجَرَ مَا نَهَى الله عَنْهُ » رواه البخارى. متفق عليه

Абдуллоҳ ибн Амр[1] розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қўли ва тили билан мусулмонларга озор бермаган киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳақиқий ҳижрат қилган кишидир.” Имом Бухорий ривояти. Олти саҳиҳ ҳадис тўпламлари муаллифлари бу ҳадиснинг саҳиҳлигида иттифоқдирлар.

Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ислом динига биринчилардан бўлиб кирганларни бу билан фахрланиб қолмаслиги учун ҳамда бу амалларига суяниб қолишларидан хавф қилиб, уларга мусулмонни фазилати исломни биринчи бўлиб қабул қилишда эмас, балки унинг тили ва қўлидан келадиган зарарлардан бошқа мусулмонлар саломат бўлишлигида ҳамда ўзаро муомала ва мулоқотда бошқаларнинг ҳуқуқларига тажовуз қилмасликда эканлигини баён этдилар. Шунингдек, муҳожирларни ўзининг ҳижратига суяниб қолишдан эҳтиёт бўлишга чақириб, жисмнинг ҳижратидан ҳам савоби улуғроқ ҳижрат борлигини маълум қилдилар ва ҳақиқий ҳижрат жисм ҳижрати эмас, балки Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қайтмоқ эканини уқтирдилар.

Ҳадиснинг умумий маъноси

“Қўли ва тили билан мусулмонларга озор бермаган киши ҳақиқий мусулмондир.”

Мусулмон кишининг зиммасидаги ҳаққи бошқаларга тили ва қўли билан озор бермасликдир. Кимики, ислом динининг беш арконини қоим қилса-ю, тили ва қўлини бошқаларга озор беришдан сақламаса, демак, у комил мусулмон эмас.

Ҳадис матнида аввал тил билан озор беришдан сақланиш, кейин қўл билан зиён етказишдан сақланиш айтилмоқда. Чунки, тилнинг жароҳати қўлнинг жароҳатидан қаттиқроқ ва аламлироқ бўлиш билан бирга тилнинг зарари қўлнинг зараридан кўлами ҳам каттароқдир. Аммо, ислом шариати ва таълимотида ота фарзандига одобини ислоҳ қилиш учун, ёки ўқитувчи шогирдга илм ва адабни ўзлаштириш учун, ҳукумат томонидан масъул шахснинг жиноятчини жазоламоқ учун унга жазо бермоғи бу ҳадисга дохил эмас. Чунки, бу ҳаракатларнинг замиридаги ният зулм қилиш эмас, балки жамиятнинг келажаги ва ислоҳи учун қайғуришдан иборат.

“Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтган киши Аллоҳ йўлида ҳақиқий ҳижрат қилган кишидир.”

“Ҳижрат” деб мусулмонларнинг Макка мушрикларининг зулмидан ўзларини, молларини ва динини асраш мақсадида Мадинага кўчишлигига айтилади. Шу ният билан кўчган саҳобийга “муҳожир” деб аталади. Ўша вақтда Макка мушрикларининг зулми ҳаддан ошиб, иймон-эътиқодига зарар келтирадиган даражага борди. Шу сабабли саҳобалар орасида динини асраб қолиш учун ҳатто бор мол-мулкларини ҳам ташлаб, Маккадан Мадинага кетганлари бўлган.

Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка фатҳи куни “Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқ”, деб айтган сўзларига биноан энди ҳижрат қилиш йўқдир. Лекин баъзи уламоларимиз мусулмоннинг истиқомат қилиб турган маконида дини сабабли унга нисбатан зарар ва тажовузкорлик мавжуд бўлса, унга ўша жойдан кўчиш вожиб, дейдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий мўмин-мусулмоннинг сифатларини баён қилиб бўлганларидан сўнг, ҳақиқий муҳожирнинг сифатларини ҳам баён қилдилар. Аллоҳ таоло муҳожирларнинг алоҳида даражалари ҳақида Қуръони каримнинг бир неча жойида хабар берган.[2] Расули акрамнинг бу сўзлари ҳижрат савобига ета олмаган мусулмонлар учун буюк башоратдир. Зеро, Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтиш билан ҳар бир мусулмон эркагу аёлда муҳожирлик мартабаси ва савобига етишиш имкони пайдо бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу муборак сўзлари билан муҳожирлик, ансорлик ва саҳобалик мартабасига етмаган ҳар бир мусулмоннинг қалби таскин топади. Демак, муҳожирлик мартабасига етолмаган ғарбу шарқдаги ҳар бир мусулмон киши ушбу ҳадисга амал қилиш билан, мусулмонларга тили ва қўлидан зарар беришдан ўзни тийиш билан бундай юксак мартабага етади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар.

  1. Ҳадисда мусулмонларнинг ҳақ ва ҳуқуқларини муҳофаза қилишга даъват мавжудлиги.
  2. Мусулмон киши бошқаларга хоҳ жисмоний, хоҳ маънавий бўлсин, ҳар қандай кўринишдаги бирор зарарни беришдан ўзини сақлаш кераклиги.
  3. Ҳар бир мусулмон Аллоҳ таоло ман қилган ва У зотнинг ғазабини келтирадиган амаллардан ўзини сақлаши зарурлиги.
  4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан замондош бўлмаса-да, ҳар бир мусулмон учун у зотга замондош бўлган саҳобаларнинг мартабасига етишмоқ имкони мавжуд эканлиги.
Нодир ҚОБИЛОВ
Имом Бухорий халқаро илмий- тадқиқот маркази
илмий ходими
___________________________________________________________________
[1] Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Амр ас-Саҳмий – энг кўп ҳадис ривоят қилган ровийлардан бири, Макка шаҳрида таваллуд топган, Қурайш қабиласидан, кейинчалик Шомга кўчиб борган ва ўша ерда 72 ёшида (баъзи манбаларда 69 ёшда, деб кўрсатилган) вафот этган. Отасидан олдин исломга кирган, отасининг исми Амр ибн Осс ибн Воил ибн Ҳошим ибн Саид ибн Саҳм, ота ва ўғил умматнинг олимларидан бўлишганлар. Онасининг исми Ройта бинти Мунаббаҳ ибн Ҳажжож ибн Омир ибн Ҳузайфа ибн Саъд ибн Саҳм.
[2] Тавба сураси, 117-оят, Ҳашр сураси 8-9-оятлар

Check Also

ИСЛОМДА ПАШША ТУШГАН ОВҚАТ ЁКИ ИЧИМЛИКНИНГ ҲУКМИ

Ҳадис шарҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизлардан бирингизнинг …