Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ислом тараққиёт Банки Президенти бошчилигидаги делегация Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлди

Ислом тараққиёт Банки Президенти бошчилигидаги делегация Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлди

Бугун, 2021 йилнинг 6 сентябр куни Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилиши доирасида мамлакатимизда бўлиб турган Ислом тараққиёт Банки Президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир жаноблари ва мазкур банк Бошқарувчилар кенгаши аъзоларидан иборат делегация Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Юқори мартабали меҳмонларни марказ директори Ш. Зиёдов кутиб олиб, Марказ фаолияти ва вазифалари, яратилган шароитлар, кутубхона фонди ва музей фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Ташриф доирасида бўлиб ўтган қисқа мулоқот чоғида ислом цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган Мовароуннаҳр алломалари илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш истиқболлари тўғрисида ўзаро фикр алмашилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази жамоасининг илм йўлида эришаётган муваффақиятларини Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг яққол самараси сифатида баҳолайман ва Марказнинг ислом дини ривожи йўлида амалга ошираётган хизматларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайман, – деб таъкидлади Муҳаммад ал-Жассир жаноблари.

Ташриф якунида Ислом тараққиёт Банки Президенти Муҳаммад Сулаймон ал-Жассир жаноблари Марказнинг фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.

Юқори мартабали меҳмонга Марказ олимлари томонидан чоп этилган китоблар ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …