Home / АЛЛОМАЛАР / ФИРАБРИЙНИНГ МАШҲУР ШОГИРДЛАРИНИ БИЛИБ ҚЎЙИНГ

ФИРАБРИЙНИНГ МАШҲУР ШОГИРДЛАРИНИ БИЛИБ ҚЎЙИНГ

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Бухорийнинг ўзидан жуда кўп одам эшитган. Бу ҳақда Имом Бухорийнинг энг машҳур шогирди Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (231/845-320/932): “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши тинглаган”, деб айтади. Ҳақиқатан, “Саҳиҳул Бухорий” версиялари орасида Имом Фирабрийнинг ривояти жуда машҳур бўлиб кетган. Бунинг сабаби унинг узоқ умр кўргани ва китобининг нусхаси тўлиқ бўлганидир.

Имом Бухорийнинг вафотидан кейин “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхаси шогирди Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг қўлида қолган. Шу тариқа “Саҳиҳул Бухорий”нинг Имом Фирабрий ривояти машҳур бўлган. Ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни жуда кўп шогирдлар таълим олган ва асар матнини устозининг қўлидаги асл нусхадан кўчирган. Бирорта таҳқиқчи ва аҳли илм улар ёзган нусхаларга шак-шубҳа қилмаган ва эътироз билдирмаган.

Ибн Рушайд Сабтий бундай деб айтади: “Бугун машриқ ва мағрибда “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишда санади Имом Бухорийга боғланган йўл Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг йўлидир. Ривояти комиллиги, муаллифга яқинлиги ва ровийларининг машҳурлиги учун одамлар унга суянади. Унинг қўлида “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусхаси бўлган ва ундан Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг шогирдлари кўчириб олган. Бу эса Абу Абдуллоҳ Фирабрийни қўллаб-қувватлайдиган ҳужжат ва унинг тўғрилигига шаҳодатдир. Сўнгра “Саҳиҳул Бухорий” китоби Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан мутавотир йўл билан нақл қилинган. Мусулмонлар буни маҳкам ушлаган ва унга ижмоъ боғланган. Натижада аниқ ҳужжат бўлган”.

Тарих кейинги авлодлар учун Имом Фирабрийнинг шогирдлари орасидан бугунги кунимизгача исмлари ва кўчирган нусхалари машҳур бўлганларини сақлаб қўйган. Улар: Ибн Сакан Саид ибн Усмон Баззоз Мисрий (294/906-353/964), Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад Марвазий (301/913-371/981), Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад Журжоний (ваф. 373/983), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад Мустамлий (ваф. 376/986), Абу Али Муҳаммад ибн Умар Шаббавий, Сарахснинг хатиби Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳаммувайҳ Сарахсий (ваф. 381/991), Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий Кушмиҳаний (ваф. 389/999), Шайх Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб Кушшоний (ваф. 391/1000) ва Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ахсикатий. Булар иккинчи табақадаги ровийлар ҳисобланади.

Ибн Сакан Мисрий Бағдодий

Абу Али Саид ибн Усмон ибн Саид ибн Сакан Баззоз Мисрий Бағдодий. Ибн Сакан номи билан танилган бўлиб, 294/906 йилда таваллуд топган. Ибн Сакан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилиш билан машғул бўлган. У Бағдодда Абул Қосим Бағавий ва Ибн Абу Довуддан, Ҳарронда Ҳофиз Абу Арубадан, Дамашқда Аҳмад ибн Умайр ибн Жавҳодан ҳадис тинглаган. Миср ва Нишопурда жуда кўп муҳаддис билан учрашган. Ундан Абу Сулаймон ибн Забр, Абу Абдуллоҳ ибн Манда, Абдуғани ибн Саид Аздий, Али ибн Муҳаммад Дақоқ ва бошқалар ҳадис ўрганган.

Ибн Сакан “Саҳиҳул Бухорий”ни Хуросонда Имом Фирабрийдан тинглаган ва Мисрга уни ўзи билан бирга олиб кетган. Имом Заҳабий: “Ибн Сакан “Саҳиҳул Бухорий”ни Мисрга олиб борган ва ривоят қилиб берганларнинг аввалгисидир”, деган. Демак, у бу китобни Мисрга биринчи бўлиб олиб борган.

Ибн Сакандан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийлар орасида Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Асад Жуҳаний машҳур бўлган. У 343/954 йили Мисрда ўзининг уйида “Саҳиҳул Бухорий”ни Ибн Сакандан тинглаган. Ибн Сакан 353/964 йилда вафот этган.

Абу Зайд Марвазий

Абу Зайд Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Марвазий Фашаний Шофеъий 301/913 йилда туғилган. У Аҳмад ибн Муҳаммад Мункадирий, Муҳаммад ибн Абдураҳмон Дағулий ва Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Саъдийдан ҳадис эшитган. Абу Зайд Марвазий Марвдан Нишопурга, у ердан Макка ва Бағдодга кўчиб ўтган. Макка ва Бағдод шаҳарларида “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан тинглаган. Ўша давр олимлари: “Бу ривоят – Абу Зайд Марвазий улуғ бўлгани учун ривоятларнинг улуғроғидир”, деган.

Абу Зайд Марвазий “имом, моҳир, таҳрирчи, тадқиқотчи, парҳезкор, ибодатгўй, кўриш қобилияти ўткир, диққат билан текширувчи, тақводорлиги ва парҳезкорлиги ҳамда зоҳирий илмлари билан машҳур”, деб васф этилган. Ундан Ҳоким, Абу Абдураҳмон Суламий, Абу Ҳасан Дорақутний, Абу Бакр Барқоний ва бошқалар ҳадис ўрганган. Лекин Абу Зайд Марвазийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилишга катта эътибор берганларнинг энг улуғлари Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Иброҳим Асилий, Абу Ҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Холф Маъофирий ва Абу Нуъайм Аҳмад ибн Абдуллоҳ Миҳроний Исфаҳонийдир.

Абу Зайд Марвазий 371/981 йилда вафот этган.

Абу Аҳмад Журжоний Маккий

Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Юсуф Журжоний Маккий Бағдодда Имом Бағавий ва унинг табақасидаги ровийлардан ҳадис тинглаган. Абу Аҳмад Журжоний Ироқ, Шом, Миср, Хуросон ва Мовароуннаҳрга сафар қилган.

Имом Самъоний: “Абу Аҳмад Журжоний Басра ва Шерозда Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ўрганган”, деб айтади.

Ҳофиз Абу Нуъайм ва Имом Қобисий “Саҳиҳул Бухорий”ни Абу Аҳмад Журжонийдан ривоят қилган.

Абу Аҳмад Журжоний 373/983 йилда вафот этган.

Абу Исҳоқ Мустамлий

Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Аҳмад ибн Иброҳим Балхий Мустамлий кўплаб уламолардан ҳадис ўрганган. “Саҳиҳул Бухорий”ни 314/926 йилда Имом Фирабрийдан тинглаган.

Абу Исҳоқ Мустамлий “Саҳиҳул Бухорий”ни кўп марта айтиб берган. Ҳофиз Заҳабий: “Абу Исҳоқ Мустамлий сиқа (ишончли) ва соҳиби ҳадис бўлган”, деб айтади. Ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилганлардан бири Абу Зар Ҳаравийдир. Абу Зар Ҳаравий “Саҳиҳул Бухорий”ни 374/984 йили Балхда Абу Исҳоқ Мустамлийдан тинглаган. Бу китобнинг ривоятлари орасида Абу Зар Ҳаравийники тўлиқроғидир.

Абу Исҳоқ Мустамлий 376/986 йилда вафот этган.

Абу Али Шаббавий

Абу Али Муҳаммад ибн Умар ибн Шаббувайҳ Шаббавий Марвазий “Саҳиҳул Бухорий”ни 316/928 йилда Имом Фирабрийдан тинглаган.

Бу китобни бир неча шаҳарда, жумладан, 378/988 йили Марвда айтиб берган. Саид ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Сайрофий ва Абдураҳмон ибн Абдуллоҳ Ҳамадоний ундан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийлар ҳисобланади.

Абу Муҳаммад Сарахсий

Имом ва муҳаддис Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Ҳаммувайҳ Сарахсий “Саҳиҳул Бухорий”ни 316/928 йили Имом Фирабрийдан тинглаган. Ундан Абу Зар Ҳаравий ва Абу Ҳасан Абдураҳмон ибн Муҳаммад ибн Музаффар Довудий “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган.

Имом Сарахсий 381/991 йилда вафот этган.

Абу Ҳайсам Кушмиҳаний

Муҳаддис Абу Ҳайсам Муҳаммад ибн Маккий ибн Муҳаммад Марвазий Кушмиҳаний “Саҳиҳул Бухорий”ни Ироқ, Ҳижоз, Марв ва Фирабр шаҳарларида ўрганган. У “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан бир неча марта тинглаган.

Имом Самъоний: “Абу Ҳайсам Кушмиҳаний машриқ ва мағрибда “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти билан машҳур бўлган. Чунки, у Хуросонда бу китобни ҳикоя қилганларнинг охиргисидир”, деган.

Абу Зар Ҳаравий, Абу Саҳл Муҳаммад ибн Аҳмад Ҳафсий ва Карима бинти Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳотим Марвазия “Саҳиҳул Бухорий”ни Абу Ҳайсам Кушмиҳанийдан ривоят қилган ровийлар ҳисобланади. Карима Марвазия “Саҳиҳул Бухорий”ни Абу Ҳайсам Кушмиҳаний ва бошқалардан тинглаган. Имом Заҳабий: “Карима Марвазия ривоят қилганда ривоятни асли билан солиштириб кўрарди. У яхши тушунарди ва биларди”, деган.

Абу Ҳайсам Кушмиҳаний 389/999 йилда вафот этган.

Абу Муҳаммад Фирабрий

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилган фирабрлик ровийлардан бири унинг набираси Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрийдир (ваф. 371/981).

Имом Самъоний “Ансоб” асарида унинг таржимаи ҳолини келтирган: “Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрий бобоси Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрийдан “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” китобини ривоят қилган. Ундан Имом Ғунжор ривоят қилган. У 371/981 йилда вафот этган”.

Уламоларнинг таржимаи ҳоллари баён этилган китобларда уники топилмайди. Лекин Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” ёки “Маноқиби Бухорий” деб номланган рисоласини Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг йўлига кўра ривоят қилган. У эса ушбу рисолани бобоси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилган.

Имом Заҳабийнинг “Сияру аъламин нубало” асарида “Шамоили Бухорий” рисоласини устоз Абу Тоҳир Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Миҳравайҳ Форсийга боғланган санад билан ривоят қилгани келган. Абу Тоҳир Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Миҳравайҳ эса: “Бизга Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий бу рисолани ривоят қилиб берган”, деб айтади. Сўнгра Имом Заҳабий: “Мен бу китобда нимани ривоят қилаётган бўлсам, уни Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийдан мана шу санад билан ривоят қилаяпман”, деб айтади.

Хатиб Бағдодий “Тарихи Бағдод” асарида Аҳмад ибн Али Форсийнинг Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан Имом Бухорийнинг фазилатларини баён қилган баъзи ривоятларни зикр қилган. Ибн Асокир ҳам ўзининг “Тарихи Дамашқ” асарида шунга ўхшаш ривоятларни ёзган.

Ибн Асокир ўз асарларида Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аббос Зоббийни ҳам Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ҳадис ривоят қилган, деб зикр қилган. Юқоридаги маълумотларга кўра, Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини ва Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” рисоласини бобоси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилган.

Муҳаммад ибн Холид Фирабрий

“Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилган фирабрлик ровийлардан яна бири Муҳаммад ибн Холид ибн Ҳасан Фирабрийдир.

Имом Хаттобий Муҳаммад ибн Холид ибн Ҳасан Фирабрийни ҳам “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийлардан, деб ҳисоблайди.

Ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғани ибн Нуқта ўзининг “Такмилатул икмол” китобининг Фирабрий бобида уни Фирабрга нисбат бериб, Фирабрий деб атаган.

Имом Хаттобий “Саҳиҳул Бухорий”га ёзилган “Аъломул ҳадис” номли шарҳининг аввалида уни бу китобни Имом Фирабрийдан ривоят қилган ровийлар қаторида зикр қилган. Демак, ушбу маълумотларга кўра, у кишини ҳам “Саҳиҳул Бухорий”нинг ровийларидан бири деб ҳисобласак бўлади.

Абу Бакр Иштихоний Самарқандий

Имом фақиҳ Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Мат Иштихоний Самарқандий “Саҳиҳул Бухорий”ни 319/931 йилда (Имом Фирабрийнинг вафотидан бир йил олдин) Имом Фирабрийдан тинглаган.

Имом Довудий бундай дейди: “Мен Иштихонда Ибн Матнинг ҳузурига кирганимда, у менга: “Сен “Саҳиҳул Бухорий”ни эшитганмисан”, деди. Мен: “Ҳа”, дедим. У: “Кимдан”, деб сўради. Мен: “Исмоил Ҳожибийдан”, дедим. Шунда у: “Уни мендан ҳам эшитгин. Албатта, мен уни (иккинчи марта) мустаҳкамлаб берайин. Мен фиқҳни ўргангандим ва “Саҳиҳул Бухорий”ни тинглаган пайтимда катта фақиҳ эдим. Исмоил эса, елкада кўтариб юриладиган ва ўзи юролмайдиган ёш бола эди. Менинг тинглашим билан унинг тинглаши тенг бўладими?” деди. Мен “Саҳиҳул Бухорий”ни Ибн Матдан ҳам тинглаганман”.

Абу Бакр Иштихоний Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий ва Абу Бакр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Одам Шошийдан ҳадис ривоят қилган. Ундан Абу Саъд Идрисий, Али ибн Сахтам Самарқандий, фақиҳ Абу Наср Довудий ва бошқалар ҳадис ўрганган.

Ибн Асир Жазарий: “У шофеъий мазҳабининг имомларидан бўлган ва “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилган. 381/991 йилнинг ражаб ойида вафот этган”, деган.

“388/998 йилда вафот этган”, деган гап ҳам бор. Абу Саъд Идрисий “Тарихи Самарқанд” асарида бундай дейди: “Абу Бакр ибн Мат Иштихоний – шайх, фазилатли, тақводор ва фиқҳда шофеъий мазҳабининг имомларидан. Биз ундан Иштихонда бир неча марта ҳадис ёзиб олганмиз. У Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий, Ҳасан ибн Соҳиб Шоший ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. У 388/998 йилнинг ражаб ойида Иштихонда вафот этган”.

Шайх Абу Али Кушшоний

Шайх, асосий таянч ва самимий уламо Абу Али Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абу Наср Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳожиб ибн Хамона Кушшоний (Кушшон Самарқанддан 12 фарсах масофада жойлашган шаҳар) “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан 320/932 йилда тинглаган ва бу табақадаги ровийларнинг энг охиргиси ҳисобланади.

Ундан олий санадни талаб қиладиган жуда кўп уламолар “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган, жумладан, Ҳофиз Ҳасаннинг укаси Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад Холал, Абу Саҳл Аҳмад ибн Али Абюрдий, Абу Абдуллоҳ Ғунжор ва бошқалар ҳадис тинглаган.

Имом Самъоний: “У кушшонлик шайх, сиқа (ишончли), солиҳ ва машҳур уламо бўлган. Одамлар унинг олдига келиб, ҳадис тинглаган”, деб айтган.

Имом Заҳабий: “У шайх, асосий таянч ва самимий киши бўлган”, деган. Яна Имом Заҳабий: “У узоқ умр кўрган шайх ва (олий санад билан) “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийларнинг энг охиргиси эди”, деган.

Абу Саъд Идрисий: “Абу Али Кушшоний 391/1000 йилда вафот этган”, деган. Муътамин Сожий эса: “У 392/1001 йилда вафот этган”, дейди.

Абу Али Кушшонийнинг таржимаи ҳолини ёзган жуда кўп уламолар уни Имом Фирабрийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган ровийларнинг энг охиргиси, деб айтган. У “Саҳиҳул Бухорий”ни 320/932 йилда (Имом Фирабрий вафот этган сана) тинглаган. Дарҳақиқат, Абу Али Кушшоний узоқ умр кўрган, 391/1000 йилгача яшаган. Яъни, Имом Фирабрийнинг вафотидан кейин 70 йил “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилган. Шунинг учун ҳам унинг санади энг олий бўлган. Уламолар турли жойлардан келиб, унинг олдида тўпланган.

Ибн Макула: “У Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини Фирабрийдан ўрганган. Мен уни “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилганларнинг энг охиргиси, деб ҳисоблайман”, деган.

Имом Самъоний: “У ривоят қилаётган вақтда дунёда “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қиладиган бирор киши қолмаган эди”, деган. Яна Имом Самъоний: “У дунёда “Саҳиҳул Бухорий”ни Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилган ровийларнинг энг охиргисидир”, деган.

Шунинг учун жуда кўп уламоларнинг Абу Али Кушшонийдан ривоят қилганини кўрамиз.

Абу Али Кушшонийдан “Саҳиҳул Бухорий”ни ривоят қилганлардан бири жуда кўп китоблар муаллифи Абул Аббос Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Муътаз ибн Муҳаммад ибн Мустағфир ибн Фатҳ Насафий Мустағфирийдир (ваф. 432/1040). “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти мана шу силсила воситаси орқали Ибн Ҳажар Асқалоний ва Шаҳобиддин Қасталонийга боғланади.

Ундан ривоят қилганлардан яна бири Абу Абдуллоҳ Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Ҳасан Холал Бағдодийдир (ваф. 430/1038). У “Саҳиҳул Бухорий”ни Мовароуннаҳрда Абу Али Кушшонийдан тинглаган. Хатиб Бағдодий ундан ривоят қилган “Саҳиҳул Бухорий”даги баъзи ҳадисларни ўзининг “Ал-Жомиъ ли-ахлоқир ровий” ва “Асмоул мубҳамот” китобида келтирган. Шунингдек, ундан Абул Ҳасан Али ибн Ҳусайн ибн Айюб Баззор ҳадис ривоят қилган. “Саҳиҳул Бухорий”нинг ривояти мана шу йўл орқали Қози Иёзга боғланади.

Абу Наср Ахсикатий

Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ахсикатий. Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний бу муҳаддисни “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан ривоят қилган ровийлар орасида зикр қилган. Абу Наср Ахсикатийдан бу китобни ривоят қилган ровийлардан бири Исмоил ибн Исҳоқ ибн Исмоил Саффор Зоҳиддир.

* * *

Таъкидланганидек, номи зикр қилинган алломалар “Саҳиҳул Бухорий”ни Имом Фирабрийдан тинглаган иккинчи табақадаги ровийлар ҳисобланади. Асарни муаллифга боғлаб ривоят қилган машҳур ва ишончли ровийларнинг санадлари бевосита шу алломаларга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам бу ровийларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бундай тадқиқотлар Имом Бухорий ҳаёти ва фаолияти, ҳадисшунослик илми ва тарихига оид янги маълумотларни юзага чиқаришга хизмат қилади.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ИМОМ БУХОРИЙНИНГ КЎП ТАНИЛМАГАН ШОГИРДИ

Илм аҳли ўз китобини етказишда жорий қилган одатга мувофиқ, Имом Бухорий ҳам “Саҳиҳул Бухорий”ни айтиб …