Home / КИТОБЛАР / КИТОБНИНГ НАҚЛ ҚИЛИНИШИ

КИТОБНИНГ НАҚЛ ҚИЛИНИШИ

Барчамизга маълумки, имом Бухорийнинг шоҳ асарлари бўлмиш «Саҳиҳул Бухорий», яъни «Жомеъус-саҳиҳ» китоби бутун Ислом умматининг иттифоқи ила Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримдан кейинги энг тўғри, энг саҳиҳ китоб деб эътироф қилинган.
Имом Бухорий ана шу машҳур «Жомеъус-саҳиҳ» китобларида ҳам «Китобул адаб» деган боб очиб, унинг ичида одоб-ахлоққа оид ҳадиси шарифларни келтирганлар.
Албатта, ҳадиси шарифлар Набийимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққандан сўнг саҳобалар томонидан катта эътибор ва эҳтимом билан қабул қилиб олинган ва сўнгра улардан кейин келган авлодларга ишончли асосда нақл қилинган.

Ана шу нарса муҳаддисларимизга, шу жумладан, имом Бухорийга ҳам етиб келган. Ровийларнинг, яъни ҳадисни нақл қилувчи шахсларнинг шахсиятини чуқур ўрганиб, уларнинг умрида ёлғон гапирмаганларига, эшитган нарсаларини унутиш одатлари бўлмаганига, хиёнат ва бошқа бир салбий сифатлари бўлмаганига ишончлари комил бўлгандан сўнг ва ана шу шахс кимдан ривоят қилган бўлса, уларнинг учрашгани тўғрисида гувоҳ ҳам топилганидан сўнггина имом Бухорий бу ҳадисни қабул қилганлар ва ўзларининг китобларига киритганлар.

Демак, имом Бухорийдан Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломгача бўлган силсила жуда аниқ равишда ўрганилган. Маълумки, мазкур ровийлар силсиласи «санад» дейилади. Санадда бир неча кишилар бўлади.
Имом Бухорийнинг «Жомеъус-саҳиҳ»ида «силсилаи заҳабия» деган санадлар бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан имом Бухорий ораларидаги ровийлар уч кишидан иборат. Яъни имом Бухорий билан Расулуллоҳ алайҳиссолату вассаломнинг ўрталарида уч киши бор. Ана шундай, яъни уч кишигина ривоят қилган ҳадисларни тўплаб, «Сулосияти Бухорий» номли китоб ҳам қилинган.
Бошқа ҳадисларда ровийлар сони тўрт, беш, олти, етти кишигача етган ҳолатлар ҳам бор. Лекин биз ҳозир айтмоқчи бўлган гапимиз имом Бухорийдан буёғи – бизгача етиб келиши қандай бўлгани ҳақида. Бу улкан илмий иш дақиқ илмий ҳаракат асосида, мусулмон уммати учун жуда аниқлик билан қўллаб келинган услуб орқали етказилган.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, катта илмий баҳслардан кейин, ишончли бўлгани аниқланганидан сўнг имом Бухорий ҳадисларни китобларига ёзганлар ва мазкур китобни кўпчиликка, яъни оддий одамларга, тенгдошларига, шогирдларига ва бошқаларга ўқитганлар.
Имом Бухорий Бухорога келганларида Масжиди Калон жуда катта масжид бўлган. Бу ерда дарс ўтганларида маълум бир масофада мубаллиғлар, яъни етказувчилар туриб, имом Бухорийнинг оғизларидан чиққан ҳар бир нарсани халққа етказиб турганлар. Ҳамма эшитиб, ёдлаб, ёзиб борган.

Ана шу тариқа имом Бухорий ўз китобларини ўқитганларидан сўнг шогирдларидан ким бу китобни ёзган бўлса ёки имомнинг қўлларидаги нусхадан кўчирган бўлса, имом Бухорийнинг олдиларида ўтириб, муҳаддисларнинг «муқобала» деб атайдиган услубини қўллаб, солиштириб чиққан. Ҳар бир сўзнинг устознинг сўзига тўғрими, йўқми эканини аниқлаган.
Солиштириб чиқиб, хато бўлса, бир аломат қўйиб туриб, чеккасига тўғрилаб ёзилган. Шундай дақиқ бўлганки, агар бирор сўз ёки бирор қатор нотўғри кўчириб қолинган бўлса ёки такрор бўлса, уни ўчириб юбориш мумкин бўлмаган.
Қайси бир қўлёзмада бирон нарса ўчирилган бўлса, бу ерда хиёнат бор экан деб, ҳеч ким қабул қилмаган. Ўша хато унинг устига чизиб қўйиш билан тўғриланган. Устига чизилган, тагида нима борлигини ҳамма билади. Демак, у ерни ўқимайди. Лекин ўчиб кетган бўлса-чи? Эҳтимол, керакли нарса ўчирилгандир, деган шубҳа билан у қабул қилинмаган.

Шунинг учун ана шу кўчириб олинган нусхани устознинг ўзи ўтириб, охиригача кўриб чиққан. Солиштириш пайтида шогирднинг нусхасини устоз қўлига олади, устознинг нусхасини шогирд қўлига олади-да, солиштиришади. Охирги ҳарфигача тўғри бўлгандан кейин устоз «Мен ўз шогирдим Фалончи ўғли Фистончига фалон кунлари, шунча муддатда ўзимнинг китобимни ўқитдим. У кўчириб олди, текширдим, ҳеч қандай хатоси йўқ, бунга ижозат бераман» деган ижозатнома ёзиб берган.

Бу борадаги китобларни ўқитиш, сақлаш, қўлёзма китобни уйда сақлашнинг ҳам махсус қонун-қоидалари бўлган. Масалан, сандиқнинг ичида китобдан бошқа нарса бўлмаслиги керак. Ўзидан бошқа одам сандиқни очмаслиги керак. Сандиқ қулфли туриши керак ва шунга ўхшаш бир қанча шартлари бор. Ушбу шартлардан бирортасига амал қилинмаса, тамом, ўша қўлёзманинг қадри кетади, унга ҳеч ким ишонмайдиган бўлиб қолади.
Демак, қўлёзмалар шу тарзда имом Бухорийдан бизгача бирин-кетин ўтиб келган. Охири келиб чоп этилган бўлса, қайси қўлёзмадан қилингани очиқ-ойдин ёзиб қўйилган.
Ана шундай усулда ҳар бир ҳадис ўқувчига, ҳар бир ҳадис эшитувчига ўзининг силсиласи пайдо бўлади. Ҳадис тўғрисида гап кетаётганда ҳадиснинг бу тарафида ҳадис ўрганаётган толиби илм турса, у тарафида Расулуллоҳ алайҳиссолату вассалом туришларини унутмаслик керак бўлади. Биз ўрганаётган «Ал-Адаб ал-муфрад» китобининг аввалида ҳам ана шу нарсага ишора бор.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

ОТАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

– عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قَالَ: ثُمَّ …