Home / КИТОБЛАР / «АЛ-АДАБ АЛ-МУФРАД»

«АЛ-АДАБ АЛ-МУФРАД»

Имом Бухорий машҳур «Жомеъус-саҳиҳ» китобларида ҳам «Китобул адаб» деган қисм очиб, унинг ичида одоб-ахлоққа оид ҳадиси шарифлардан бир юз йигирма саккиз бобда уч юздан ортиғини келтирганлар.

Лекин имом Бухорий бу билан кифояланмай, «Жомеъус-саҳиҳ»га ўзларига етиб келган бошқа ҳадисларни ҳам қўшиб, «Ал-адаб ал-муфрад» номли китоб тасниф қилганлар. У киши бу мавзуни ўта муҳим ҳисоблаганларидан унга алоҳида китоб бағишлашни лозим кўрган бўлсалар керак.

Бизнинг тилимизда «одоб» тарзида талаффуз қилинишига одатланиб қолинган арабча «адаб» сўзи аслида «маъдаба» ўзагидан олингандир. «Маъдаба» эса, одамларни даъват қилинган зиёфатни англатади. Одоб ҳам одамларни доимо даъват қилинадиган маънавий маъдаба – зиёфат бўлгани учун шу номни олган.

Абу Муҳаммад ўзининг «Китобул Воъий» номли асарида: «Одоб кишиларни мақталган нарсаларга чақиргани учун «одоб» деб номланган», дейди.

Абу Зайд раҳматуллоҳи алайҳи: «Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган исмдир», деган.

Одобнинг таърифида жуда кўп гаплар айтилган. Жумладан:

«Мақтовга сазовор сўз ва амални ишлатиш одобдир».

«Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир».

«Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир».

Шу ва шунга ўхшаш барча таърифлар бир жойга тўпланса, одобнинг Исломда кўзланган таърифи келиб чиқади.

Ҳозирги кунда ғарб маданиятига тобелик таъсирида «одоб»ни «маданият» дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» дейилади.

«Ал-Адаб ал-муфрад» китоби ана шу муҳим масалага бағишлангандир. Китоб номидаги «ал-муфрад» сўзи «фард», яъни ёлғиз деган маънони англатади. Бошқача қилиб айтганда, фақат, ёлғиз одоб масаласига бағишланган китоб, десак ҳам бўлаверади.

Имом Бухорийнинг ушбу «Ал-Адаб ал-муфрад» китоби ҳам жуда мўътабар ҳисобланади. Унда имом Бухорий фақат адабга оид 1322 та ҳадиси шарифни келтирганлар ва ўз одатларига биноан, уларни 644 та бобга бўлганлар.

Бу китобда ижтимоий алоқаларга ва кишиларнинг ўзаро муомалаларига оид одобларга боғлиқ ҳадиси шарифлар келтирилган.

«Ал-Адаб ал-муфрад»да ҳам имом Бухорий «Жомеъус-саҳиҳ»даги услубни қўллаганлар. Баъзи ўринларда Қуръони Карим оятларидан ҳамда саҳобаларнинг асарларидан ҳам келтирганлар.

Яна таъкидлаб айтилиши лозим нарсалардан бири шуки, «Ал-Адаб ал-муфрад»да келган барча ҳадислар ҳам «Жомеъус-саҳиҳ»даги ҳадислар даражасида эмасдир.

Янада аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, бу китобдаги ҳадисларнинг ярми саҳиҳлик даражаси бўйича «Жомеъус-саҳиҳ»даги ҳадислар билан бир ҳил даражададир. Қолган ярми имом Муслимнинг «Саҳиҳ»идан жой олган ҳадислардан кейинги ва имом Термизий, Насаий, Ибн Можа ҳамда Абу Довудларнинг китобларидаги ҳадислардан юқори ўринда туради. Бу илмий ҳақиқатни аллома Юсуф Баннурий ҳам таъкидлаган.

Шунингдек, «Ал-Адаб ал-муфрад»да имом Бухорий «Жомеъус-саҳиҳ»да санади етказилмаган муъаллақ ҳадислардан баъзиларининг санадини охирига етказганлар. Кўплаб муҳаддислар аниқлай олмаган ровийларни ва баъзи сўзларни аниқлаб берганлар.

«Ал-Адаб ал-муфрад»да бошқа китобларда йўқ хабарлар келган. Айни пайтда ушбу китобга киритилган баъзи ҳадисларнинг яна ўхшаши бўлса, имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ана шу ўхшаш ривоятнинг ровийлар санадини баён қилиб, улар ҳам юқоридагига ўхшаш ривоятни келтирганларига ишора қилганлар. Бизнинг мақсадимиз санадларни ўрганиш бўлмагани учун уларни зикр қилмасликни маъқул топдик.

Шубҳасиз, бу китоб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг адабларини ўзида жамлаган, исломий одоб ва ахлоқларни кенг тарғиб қилган китобдир.

Кўпчилик олимларимизнинг таъкидлашларича, «Ал-Адаб ал-муфрад» китоби одоб ва ахлоқ бобида битилган энг яхши китоблардан биридир. Унда келтирилган одоб ва ахлоқларни ўзида мужассам қилиш ҳар бир мўмин-мусулмон учун зарурдир.

«Ал-Адаб ал-муфрад»ни имом Бухорийдан Аҳмад ибн Муҳаммад Баззор ривоят қилган.

«Ал-Адаб ал-муфрад» китоби бир неча бор нашр этилган. Жумладан, Тошкентда ҳам 1970 йилда нашр қилинган.

«Ал-Адаб ал-муфрад»ни Муҳибиддин Хатиб шарҳ қилгани ҳақида турли манбаларда маълумотлар бор.

«Ал-Адаб ал-муфрад»ни кейинроқ, ҳижрий 1399 санада вафот этган Ҳайдарободдаги «Усмоний» дорилфунуни устози Саййид Фазлуллоҳ Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳи шарҳ қилган. У киши ўз китобини «Фазлуллоҳис-Сомад фий тавзийҳи «Ал-Адаб ал-муфрад» деб номлаган.

Китобнинг номидан ҳам унинг тўлақонли шарҳ эмаслиги, балки тавзийҳ – ойдинлаштириш экани кўриниб турибди. Муаллиф ўз китобида «Ал-Адаб ал-муфрад»да келган ровийлар ҳақидаги маълумотларни ҳамда ҳадис ва ривоятлардаги тушуниш қийин бўлган жойларни ёритиш билан кифояланган. Шунинг учун ҳам бу китобга аҳли илмларга ёрдамчи омил сифатида қаралади.

Ушбу китобнинг муаллифи ўз муқаддимасида ўта аҳамиятли бўлишига қарамай, «Ал-Адаб ал-муфрад»нинг асл нусхаларини топишда қийналганини таъкидлаб ўтади.

Шунингдек, аллома Мунозир Аҳсан Кийлоний «Ал-Адаб ал-муфрад» ҳақида қуйидагиларни айтади:

«Энг ажабланарлиси шуки, уммат набавий ҳадис хизматига ниҳоятда берилгани ва унга оид китобларни шарҳ қилишга шавқли бўлганига қарамай, менимча, бизнинг замонимизгача ушбу нодир дурдонани шарҳ қилишга эътибор бермагандир».

Юқорида зикр қилинганларга асосланиб, сиз билан бизнинг шарҳимиз кенг мусулмонлар оммасига аталган биринчи шарҳ десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

ОТАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

– عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قَالَ: ثُمَّ …