Home / Имом Бухорий ҳадислари / АЙЁМ ФАЗИЛАТИ: Етимнинг кафили

АЙЁМ ФАЗИЛАТИ: Етимнинг кафили

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундаймиз”, дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқлари билан ишора қилиб, орасини озроқ очиб кўрсатдилар,” дедилар. Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти.

Ислом инсонлар ер юзини обод қилиши, ўзаро аҳил бўлиб, адолатли ҳаёт кечиришлари учун уларни эзгу ва хайрли ишлар қилишга чорлайди. Мусулмон кишини ҳар томонлама етук, баркамол, гўзал ахлоқли, етимларга, бева-бечораларга ғамхўр бўлишга, уларни эҳсон қилишга ва маънавий кўмак беришга буюриб, ҳар қандай ёмон ишдан, гина, адоват, зулмдан, ўзгалар ҳақини ейишдан, ҳасад ва хасисликдан қайтаради. Муқаддас динимиз таълимотларида бу дунёда қилинган ҳар бир яхши ва ёмон амаллар учун қиёмат кунида мукофот ёки жазо олишлари айтилади.

Етимни ўз қарамоғига олиш ҳам динимиздаги кўрсатмалардан қолаверса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлишга етказадиган амаллардан ҳисобланади.

Етимни кафиллигига олган, унинг молини тасарруф қилаётган киши Аллоҳдан қўрқиши керак. Етимдан табассумини, насиҳатини, юмшоқ сўзни аямаслиги, гўзал тарбия бериш ва унга меҳрибон бўлиши лозим. Етимнинг молидан унга сарф қилиб, молини эҳтиёт қилганлар ҳам етимни кафилликка олганлар қаторига киради.

Ушбу ҳадис шарҳида Қатода раҳимаҳуллоҳ “Етимга раҳмли ота бўлинг!” деганлар.

Ибн Баттол айтадилар: “Ушбу ҳадисни эшитган кишининг зиммасида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жаннатда бирга бўлиш учун унга амал қилиш вазифаси бордир. Зеро, жаннатда бундан афзал мартаба йўқдир”.

Етимни қарамоғига олиш учун, албатта, фарзандсиз бўлиш шарт эмас. Балки, ўз болалари бор кишилар етимларни оиласига қабул қилсалар ва ўз фарзандлари қатори уларнинг бошини силасалар жуда яхши бўлади.

Етимни кафилликка олиш – балоғатга етгунича унинг нафақаси, кийими, одоби, тарбияси, унга меҳрибонлик қилишни кафолатлашдир.

Кафолатга олиш етимни ўз уйига олиб кетиш, бағрига босиш, эҳтиёжларини қондириш билан бўлади. Бунда етим кафилликка олувчининг қариндоши бўладими ёки бегонами, у етимнинг ҳақига риоя қилса кафилликка олишига ҳеч қандай монеълик йўқ. Аммо жамиятда ўзининг тайинсизлиги ва тарбиясизлиги билан танилган кишига етимнинг кафиллиги ишониб топширилмайди.

Хайрия жамиятлари орқали етимлар нафақаси учун улар балоғатга етгунича маблағ ўтказиш ҳам етимни кафилликка олишга киради.

Тоҳир ЭВАДУЛЛАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
ЎзА

Check Also

Расули акрам мўъжизалари “Саҳиҳул Бухорий”да …

ТАОМ БЕРАРМИКАН, ДЕБ САВОЛ СЎРАГАН ИНСОН VII жилд. 6452-ҳадис. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай дер …