Home / ҲАДИС / ЕТИМНИНГ БОШИНИ СИЛАГАНЛАР ПАЙҒАМБАР БИЛАН ЁНДОШДИР (Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад” асари асосида)

ЕТИМНИНГ БОШИНИ СИЛАГАНЛАР ПАЙҒАМБАР БИЛАН ЁНДОШДИР (Имом Бухорийнинг “Адабул муфрад” асари асосида)

Муқаддас ислом динида жамиятнинг ҳар бир қатламига алоҳида эътибор билан қаралади. Катта ёки кичик бўлсин, эркак ёки аёл бўлсин, ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир. Барча жамиятларда шундай одамлар борки, болалигидан тақдир тақозоси билан ота-онаси, яъни боқувчисидан ажралиб, етим қолади. Халқ орасида ота-онаси вафот этиб, ёлғиз қолган бола “чин етим”, онаси билан қолган бола “гул етим”, отаси билан қолган бола “шум етим”, ота-онаси ё икковидан бири ташлаб кетган бола “тирик етим” деб аталади.

Араб тилида “يتيم” – “етим” деб отаси вафот этиб, онаси билан қолган, балоғат ёшига етмаган болага айтилади. Вояга етса, етимликдан чиқади. Чунки, бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ҳадис ривоят қилинган:

عن عليّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قال: حفظت عن رَسُول اللَّهِ ﷺ “لَا يُتْمَ بَعْدَ احْتِلَامٍ، وَلَا صُمَاتَ يَوْمٍ إلَى اللَّيْلِ” (رَوَاهُ أبُو دَاوُدَ – 2873.)

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ёдлаб олдим: Эҳтилом (балоғатга етган)дан сўнг етимлик йўқдир. Кундузи то кечгача сукут қилиб, (бошқа диндагиларда бўлгани каби) жим туриш ҳам йўқдир” (Абу Довуд ривояти, 2873-ҳадис).

Бу ҳадисда эҳтиломдан сўнг етимлик ҳукми жорий бўлмаслиги, яъни етимликдан чиқиш айтилмоқда.

Одатда етимлар ёш, ожиз ва заиф шахс бўлгани учун уларда ота-она ўрнини босувчи кишининг эътибор ва кўмагига эҳтиёж кучли бўлади. Шу боис ислом динида етимларга таом, кийим-кечак, таълим-тарбия бериш ўзига тўқ кишиларнинг зиммасидаги бурч ҳисобланади. Бу амаллар ҳатто ибодат даражасига кўтарилган. Етимга эътибор, аввало, унга моддий ва маънавий кўмак бериш, дилини оғритмаслик, ҳаққини емаслик ва балоғат ёшига етганидан кейин мол-мулкини ўзига қайтариб бериш каби ишларни ўз ичига олади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримниннг Нисо сураси 6-оятида бундай марҳамат қилади:

﴿وَابْتَلُوا الْيَتَامَىٰ حَتَّىٰ إِذَا بَلَغُوا النِّكَاحَ فَإِنْ آنَسْتُم مِّنْهُمْ رُشْدًا فَادْفَعُوا إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ وَلَا تَأْكُلُوهَا إِسْرَافًا وَبِدَارًا أَن يَكْبَرُوا وَمَن كَانَ غَنِيًّا فَلْيَسْتَعْفِفْ وَمَن كَانَ فَقِيرًا فَلْيَأْكُلْ بِالْمَعْرُوفِ فَإِذَا دَفَعْتُمْ إِلَيْهِمْ أَمْوَالَهُمْ فَأَشْهِدُوا عَلَيْهِمْ وَكَفَىٰ بِاللَّهِ حَسِيبًا﴾

Етимларни то балоғат ёшига етгунларича имтиҳон қилиб (текшириб) туринглар. Агар уларнинг эс-ҳушлари жойида эканини кўрсангиз, молларини ўзларига топширинглар. У молларни исроф қилиб ва (эгалари) катта бўлиб қолмасин, деб шошилиб еб қўйманглар. (Етимни оталиққа олган киши) агар бой бўлса, (етимнинг молидан) парҳез қилсин. Бордию камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни, қилган хизматига яраша) олиб есин. Мол-мулкларини ўзларига қайтарганингизда эса гувоҳ келтиринглар. Аллоҳнинг Ўзи етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир.

Етимни қарамоғига олиб, боққан кишининг фазилати ва унга бериладиган ажру савобнинг улканлиги ҳақида “Адабул муфрад”даги 133-ҳадисда бундай дейилган:

 عَنْ أُمِّ سَعِيدٍ بِنْتِ مُرَّةَ الْفِهْرِيِّ، عَنْ أَبِيهَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم: أَنَا وَكَافِلُ الْيَتِيمِ فِي الْجَنَّةِ كَهَاتَيْنِ، أَوْ كَهَذِهِ مِنْ هَذِهِ. شَكَّ سُفْيَانُ فِي الْوُسْطَى وَالَّتِي تَلِي الإِبْهَامَ.

Умму Саъид бинт Мурратал Фахрий отасидан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Eтим болани кафилликка олган киши жаннатда мен билан худди ушбу иккиси каби (яқин бўлади). Ёки бу билан бу каби”, дедилар”.

Ровий: “Суфён ўрта ва бошмолдоқдан кейинги бармоқ борасида шак қилди (иккиланди)”, дейди.

Хонадонларнинг энг яхшиси етимга яхшилик қилган уй эканлиги борасида 137-ҳадисда бундай дейилади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: خَيْرُ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُحْسَنُ إِلَيْهِ، وَشَرُّ بَيْتٍ فِي الْمُسْلِمِينَ بَيْتٌ فِيهِ يَتِيمٌ يُسَاءُ إِلَيْهِ، أَنَا وَكَافِلُ الْيَتِيمِ فِي الْجَنَّةِ كَهَاتَيْنِ يُشِيرُ بِإِصْبَعَيْهِ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон хонадонлари орасида энг яхшиси етимга яхшилик қилганидир. Мусулмон хонадонлари орасида энг ёмони етимга ёмонлик қилганидир. Мен ва етимни кафилликка олган киши жаннатда мана бу иккисидаймиз”, деб икки бармоқлари ила ишора қилдилар”. Яъни, икки бармоқларини бирлаштириб кўрсатдилар.

Бу икки ҳадисдан шуни хулоса қилиш мумкинки, ким етим болани кафилликка олиб, кийим-кечак, озиқ-овқат билан таъминлаб, яхши тарбия бериб вояга етказса, жаннатда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида туриш бахтига мушарраф бўлар экан. Ҳар бир мўмин-мусулмон шундай бахтга эришиши учун, аввало, етимларнинг ҳолидан хабар олиб туриш, уларга кўмак бериш ва уларни тарбиялаш каби ишларга катта аҳамият бериши лозимдир.

Машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу етим болаларга қандай эътиборда бўлгани 134-ҳадисда бундай баён қилинади:

عَنِ الْحَسَنِ ، أَنَّ يَتِيمًا كَانَ يَحْضُرُ طَعَامَ ابْنِ عُمَرَ ، فَدَعَا بِطَعَامٍ ذَاتَ يَوْمٍ ، فَطَلَبَ يَتِيمَهُ فَلَمْ يَجِدْهُ ، فَجَاءَ بَعْدَمَا فَرَغَ ابْنُ عُمَرَ ، فَدَعَا لَهُ ابْنُ عُمَرَ بِطَعَامٍ ، لَمْ يَكُنْ عِنْدَهُمْ ، فَجَاءَه بِسَوِيقٍ وَعَسَلٍ ، فَقَالَ: دُونَكَ هَذَا ، فَوَاللَّهِ مَا غُبِنْتَ يَقُولُ الْحَسَنُ : وَابْنُ عُمَرَ وَاللَّهِ مَا غُبِنَ.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳ алайҳдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу таом ейдиган вақт бир етим бола келиб, у жаноб билан бирга овқатланар эди. Кунларнинг бирида у таом келтиришни буюрди. Етимни излаб, уни топа олмади. Бола Ибн Умар розияллоҳу анҳу таомни еб бўлганидан кейин келиб қолди. У боланинг таомини олиб келишни буюрди. Аммо таом тугаб қолган эди. Унга талқон билан асал келтирилди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Мана буларни тановул қила қол! Аллоҳга қасамки, сен зиён қилмадинг”, деди”.

Бу ҳадисни ривоят қилган Ҳасан Басрий раҳматуллоҳ алайҳ: “Аллоҳга қасамки, Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам зиён қилмади”, деб айтган.

Зиён қилмадинг, яъни таомдан кеч қолган бўлсанг-да, сенга афзалроғи тегди – бу талқон билан асал биз еган таомдан яхшироқдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам зиён қилмади, чунки у нафақат егулик топиб берди, балки яхши гап билан боланинг кўнглини ҳам кўтарди. Шу билан катта савобга эга бўлди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳеч қачон ўзи ёлғиз таом емаган. Қачон дастурхонга ўтирса, ёнига ё етим, ё фақир киши келмагунча унга қўл узатмаган.

Хонадонларнинг энг яхшиси қайси ёки энг ёмони қайси эканини ҳам айнан соҳибларининг етимларга муносабати орқали аниқлаш мумкин экан. Бу борада 140-ҳадисда бундай дейилган:

عَنْ أَسْمَاءَ بْنِ عُبَيْدٍ قَالَ: قُلْتُ لِابْنِ سِيرِينَ: عِنْدِي يَتِيمٌ، قَالَ: اصْنَعْ بِهِ مَا تَصْنَعُ بِوَلَدِكَ، اضْرِبْهُ مَا تَضْرِبُ وَلَدَكَ.

Асма ибн Убайддан ривоят қилинади: “Ибн Сирийнга: “Менинг ҳузуримда бир етим бор”, дедим. Шунда у: “Ўз болангга нима қилсанг, унга ҳам шуни қилгин. Болангни нима учун урсанг, уни ҳам шунинг учун ургин”, деди”.

Яъни, қарамоғингдаги етимни баайни фарзандинг каби кўргин. Ўз фарзандингга қандай қарасанг, етимга ҳам шундай қарагин, дейилмоқда.

Етим болаларининг тарбияси ва уларнинг келажагини ўйлаб, турмуш қурмаган бева аёлнинг фазли борасида 141-ҳадисда бундай дейилади:

عَنْ عَوْفِ بْنِ مَالِكٍ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: أَنَا وَامْرَأَةٌ سَفْعَاءُ الْخَدَّيْنِ ، امْرَأَةٌ آمَتْ مِنْ زَوْجِهَا فَصَبَرْتَ عَلَى وَلَدِهَا ، كَهَاتَيْنِ فِي الْجَنَّةِ .

Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен билан эридан бева қолиб, болаларини сабр билан тарбия қилаётган ва турли машаққатларга учраганидан ранги сарғайиб кетган аёл жаннатда бундай бўламиз”, деб икки бармоқларини бир-бирига жипс қилиб кўрсатдилар”.

Бу ҳадисда етим болаларини ташлаб кетмай, уларнинг тарбияси, келажагини ўйлаб, бева ҳолида бўлса ҳам турмуш машаққатларига сабр қилган аёлларга катта савоб, улуғ мартаба ва фазл борлиги зикр қилинмоқда.

Етимнинг одоби борасида эса 142-ҳадиси шарифда бундай дейилган:

عَنْ شُمَيْسَةَ الْعَتَكِيَّةِ قَالَتْ: ذُكِرَ أَدَبُ الْيَتِيمِ عِنْدَ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا، فَقَالَتْ: إِنِّي لِأَضْرِبُ الْيَتِيمَ حَتَّى يَنْبَسِطَ.

Шумайса Атакийядан ривоят қилинади: “Оиша розияллоҳу анҳо ҳузурида етимга одоб бериш ҳақида гапирилди, шунда у: “Мен етим болани кейинчалик хурсанд бўлсин, деб ураман”, деди.

Бу ҳадисда етим бола одобсиз, ахлоқсиз бўлиб, гапга кирмаса, уни тарбиялаш учун уриш мумкинлиги зикр этилмоқда. Албатта, бу ерда уриш деганда, ўта ҳафиф, фақат тарбиявий аҳамиятга молик бўлган жисмоний жазо назарда тутилган. Халқимизда ҳатто болани эркалаб ҳам юмшоқ жойига шапатлаб қўйиш одати бор.

Юқорида келтирилган ҳадислар орқали етимларни қарамоғига олиш, кийим-кечак, озиқ-овқат билан таъминлаш ва уларга чиройли тарбия бериш катта савобли, улуғ мартабага элтувчи ва юксак фазилатли иш эканини билиб олдик. Шунинг учун ҳам ҳамма вақт мусулмон жамиятида етимларнинг боши силаниб, ҳақлари ўз вақтида чиройли адо қилинган. Бугунги кунда ҳам ўзига тўқ кишилар етимларнинг ҳаққини унутмаган ҳолда, ўз вақтида адо қилишни ҳеч вақт унутмаслиги лозим.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ИСЛОМДА ПАШША ТУШГАН ОВҚАТ ЁКИ ИЧИМЛИКНИНГ ҲУКМИ

Ҳадис шарҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизлардан бирингизнинг …