Home / ЯНГИЛИКЛАР / САЙЁҲСЕВАР ЮРТ КУН САЙИН САЙҚАЛ ТОПМОҚДА

САЙЁҲСЕВАР ЮРТ КУН САЙИН САЙҚАЛ ТОПМОҚДА

Сўнгги йилларда Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан туризмга оид қабул қилинган 30 дан зиёд фармон ва қарор ташқи ва ички туризмни кенг ривожлантириш ҳамда туризм инфратузилмасини янада яхшилашда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 9 февралдаги Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармони бу борада дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Рўйи замин сайқали бўлмиш Самарқанд улкан туристик салоҳияти билан дунё сайёҳлари эътиборини тортиб келади. Президентимиз вилоятга бу йилги ташрифи чоғида ҳудуднинг ту­ризм салоҳияти, зиёрат туризмини ривожлантиришга доир тақдимот билан танишиб, транспорт, йўл ва коммуникация тармоқларини яхшилаш, Самарқанд шаҳрини ободонлаштириш, савдо ва хизматларни кенгайтириш бўйича топшириқлар берган эди. Айни топшириқлар ижроси юзасидан вилоятда қилинаётган ишлар суръати жадал. Бугун 366 та жойлаштириш воситасидаги хоналар сони 4 761 тага, улардаги ўринлар сони эса қарийб 11 000 тага етди. Меҳмонхоналар сони 165 тага, оилавий меҳмон уйлари сони 177 тага етиб, 2018 йилдагига нисбатан қарийб 2,5 баробар кўпайди.

Вилоятда сайёҳларга қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда маданий мерос объектлари ва зиёратгоҳлар ҳолатини яхшилаш борасида кўплаб амалий ишлар бажарилди. Хусусан, 10 та зиёратгоҳ ва маданий мерос объектида умумий қиймати 4 миллиард 700 минг сўмлик реконст­рукция ишлари амалга оширилиб, барча шарт-шароит яратилди. Эркин сайёҳларнинг белгиланган туризм манзилларига қулай ҳамда юқори сифатли хизмат кўрсатилган ҳолда етиб бориши учун Самарқанд темир йўл вокзалида туризм бекати очилди.

Ҳудудда ички туризмни янада ривожлантириш мақсадида 2020 йил 15 декабрдан 2021 йил 15 январга қадар “туризм ойлиги” эълон қилиниб, вилоятдаги жойлаштириш воситалари томонидан 35 фоизгача, туроператорлар ва маданий мерос объектлари томонидан 45 фоизгача чегирмалар тақдим этилди. Бунинг натижасида ойлик доирасида 102 мингдан ортиқ маҳаллий сайёҳ ташриф буюрди.

 

ЗИЁРАТДА ИМКОНИЯТЛАРИМИЗ АНЧА КЕНГ

Таҳлилларга кўра, дунё бўйлаб ҳар йили 148 миллион сайёҳ айнан зиёрат мақсадида сафар қилади. Жорий йилда ҳам пандемия билан боғлиқ вазият қайта мураккаблашмаган тақдирда Самарқандга келувчи зиёратчилар сонини 210 мингга етказиш имконияти мавжуд.

Хусусан, Индонезия, Туркия, Покистон, Малайзия каби давлатлардан Имом Бухорий меросига қизиқувчи 100 мингдан ортиқ, Ҳиндистон, Туркия, Покистон, Бангладеш каби давлатлардан Абу Мансур Мотуридий меросига ихлосманд 26 мингдан ортиқ зиёратчи жалб этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Индонезия, Малайзия, Туркия, Татаристон ва Чеченистондан Хўжа Аҳрор Валий ва Маҳдуми Аъзам издошлари бўлган 43 минг зиёратчи, Хўжа Дониёр ҳамда яҳудийлар дини меросига талабгор 40 мингдан ортиқ зиёратчини Исроил, АҚШ, Фран­ция ва Россиядан жалб қилиш имкония­ти мавжуд.

Бунинг учун турли хорижий ҳамкорлар билан музокаралар ўтказилмоқда. Хусусан, Индонезиянинг йирик туризм уюшмалари ҳисобланган ASITA ва SAPUHI билан ҳамкорликда Самарқандга ҳар ҳафтада 2 та авиарейс ташкил этиш имконияти ўрганилмоқда. Бу билан 500 нафаргача сайёҳни Самарқандга олиб келиш, уларга 2 кун давомида зиёрат объектларида зиёрат турларини ташкил этиш бўйича битимлар имзоланган бўлиб, Жакарта — Самарқанд — Жакарта чартер рейсини йўлга қўйиш юзасидан “Uzbekistan Airways” билан музокаралар олиб борилмоқда.

Худди шундай ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалалари Ҳиндистон, Эрон, покистонлик шериклар билан ҳам муҳокама қилиняпти.

 

МЕҲМОНЛАР МУНОСИБ КУТИБ ОЛИНАДИ

Мавжуд режаларга кўра, сайёҳларнинг белгиланган туризм манзилларига қулай, хавфсиз ҳамда юқори сифатли сервис кўрсатилган ҳолда етиб бориши, эркин сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонасига туташ ҳудудларда ҳам туризм бекатлари ташкил этилади.

Имом Мотуридий мақбарасини мотуридия тариқати давомчиларининг зиёрат марказига айлантириш учун унинг атрофидаги 8 нафар буюк уламонинг қабрлари қайта тикланиб, ободонлаштирилади. Имом Бухорийнинг устози Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон Доримий қўним топган зиёратгоҳни обод қилиш, Имом Бухорий мажмуасида бир вақтнинг ўзида 900 сайёҳга хизмат қилувчи меҳмонхоналар ҳамда 3000 зиёратчига мўлжалланган, “ҳалол” стандартига эга умумий овқатланиш корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш, Самарқанд қоғози устахонаси, ипак маҳсулоти ишлаб чиқариш, ҳунармандлик расталарини ташкил этиш режалаштирилган.

Шунингдек, туризм йўналишларини диверсификациялаш ҳамда вилоятда хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг қолиш муддатларини узайтириш мақсадида 2021-2022 йилларда бир нечта туризм маҳалласи ва туризм қишлоғи бунёд этилади. Айни пайтда эса, Конигил туризм қишлоғидаги 2-босқич қурилиш-бунёдкорлик ишларида 92 та туристик объект ва хизмат кўрсатиш нуқтасини ҳунарманд ва тадбиркорларга бериш бўйича амалий ишлар бошланди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий, Ислом Каримов кўчалари туризм кўчасига айлантирилиб, Мирзо Улуғбек, Давлатобод ва Озод Шарқ кўчалари кесишган ҳудудда “pub street” лойиҳаси амалга оширилади.

Айтиш жоизки, ҳозир вилоятнинг тоғли ҳудудларида туризмнинг экстремал ва тоғ туризми йўналишларини ривожлантириш бўйича қатор ишлар бажарилмоқда. Жумладан, Ургут туманида Қоратепа-Омонқўтон тоғ туризми кластери ташкил этилади. Умумий қиймати 2 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида “Дўстлик” болалар оромгоҳида 100 ўринли болалар спорт-соғломлаштириш оромгоҳи, 75 ўринга эга 20 та кемпинг, 100 ўринга мўлжалланган меҳмонхона комплексини барпо этиш ишлари бошлаб юборилган.

Қоратепа сув омбори ҳудудида замонавий дам олиш маскани ташкил этилиб, унда меҳмонхоналар, овқатланиш шохобчалари, спорт майдончалари қад кўтаради. Нуробод туманидаги Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи ҳудудида эса, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида осма дор йўли қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

“Тепақул” ҚФЙда бир кунда 500 нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳга хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган дам олиш маскани барпо этилаётган бўлса, Жомбой туманидаги Зарафшон миллий табиат боғи ҳудудида 15 та тадбиркорлик субъекти томонидан экотуризм дам олиш масканлари ташкил этилиб, ташриф буюрувчилар учун замонавий енгил конструкцияли кемпинглар, чўмилиш ҳавзалари, овқатланиш шохобчалари, кузатиш миноралари каби объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилади.

Умуман, Самарқандда 2021-2022 йилларда маҳаллий ва хорижий ташаббускорлар томонидан жами қиймати 3 триллион 337 миллиард сўмлик 12б та лойиҳа амалга оширилиши ҳамда 3 074 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилмоқда.

— Самарқандда зиёрат туризмини ривожлантириш ва вилоятга ташриф буюрувчи зиёратчиларга барча шарт-шароитларни яратиш бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан биридир. Биз айнан шу йўналишда ишлаяпмиз. Ўйлайманки, яқин келажакда Самарқанд зиёрат туризми йўналишида дунё етакчилари қаторидан жой олади, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари, Туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Ботир Нуруллаев.

Мухтасар айтганда, Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижроси Самарқанднинг туристик салоҳиятини тўла намоён этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси
2021 йил 23 июнь, № 126 (382)

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …