Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Мотуридий илмий меросининг халқаро миқёсдаги яна бир эътирофи

Имом Мотуридий илмий меросининг халқаро миқёсдаги яна бир эътирофи

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари жорий йил 16 июнда  онлайн тарзда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан ўтказилган “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусидаги халқаро илмий-амалий симпозиум ишида иштирок этди.

Тадбирда маҳаллий олимлар билан бирга Миср Араб Республикаси, Иордания, Туркия, Германия, Швеция, Франция, Босния ва Герцеговина, Россия, Малайзия, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон давлатларидан мотуридийшунос ва исломшунос олимлар қатнашди.

Анжуман аввалида қатор ҳамкор ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари нутқ сўзлаб, Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти моҳияти, унинг замонавий дунё маънавий қиёфасидаги юксак аҳамиятини эътироф этишди.

Шундан сўнг симпозиум шўъбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди.

Симпозиум ишида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов “Мотуридийликка оид янги манбалар таҳлили” мавзусида, марказ директорининг ўринбораси Отабек Муҳаммадиев “Алоуддин Усмандий Самарқандийнинг мотуридийлик таълимоти ривожида тутган ўрни” мавзусида, ҳамда марказ илмий ходими Оловхон Неъматов “Имом Мотуридий қарашларида гуноҳи кабира қилган мўминлар масаласи” мавзуларида маърузалар қилишди.

Бўлиб ўтган анжуман халқаро миқёсда Имом Мотуридий илмий меросини яна бир эътироф этиш, мотурудийлик таълимотининг аҳамиятли жиҳатларига эътибор қаратиш ва ислом оламида мўътадил таълимотни халқаро жамоатчиликка етказишга замин яратди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …