Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Қирғизистонлик ёшлар – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида

Қирғизистонлик ёшлар – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида

Жорий йил 24-31 май кунлари Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида мазкур жамғарманинг Қирғизистондаги стипендиат-талаба ёшлари учун мамлакатимизга зиёрат-тур ташкил этилди.

Тадбир доирасида қирғизистонлик меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ҳам бўлди. Марказ директори Ш.Зиёдов меҳмонларга дастлаб юртимизда диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, Марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, бу ерда илмий-тадқиқот, халқаро ҳамкорлик йўналишида олиб борилаётган ишлар тўғрисида сўзлади.

Муассасанинг анжуманлар залида Марказ раҳбарияти ва қирғизистонлик талаба ёшлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда даставвал Марказ фаолиятини акс эттирувчи видеоролик намойиш этилди. Мулоқот давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Айтиш жоизки, қардош юрт ёшлари учун ташкил этилган бу каби зиёрат-турлар Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги ва минтақавий муносабатлар ривожида муҳим ўрин тутади. Зеро, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, яқин қўшнилик муносабатларини мустаҳкамлаш Ўзбекистон сиёсатининг муҳим бўғинларидан саналади.

Қирғиз Республикаси иқтидорли талабаларининг Ўзбекистонга саёҳати ташкил этилиши икки давлат ёшларининг бир-бирини яхшироқ билиши, “халқ дипломатияси” равнақ топиши ва минтақавий ҳамкорлик янада ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси ўртасида ҳамкорликка оид меморандум имзоланган бўлиб, икки муассаса томонидан илмий-тадқиқот йўналишида биргаликда муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказ олими – йирик анжуманда

Бугун, 24 апрел куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом дини асл манбаларини талқин …