Home / КИТОБЛАР / «САҲИҲУЛ БУХОРИЙ»НИНГ ҲАДИС КИТОБЛАРИ ОРАСИДАГИ МАРТАБАСИ

«САҲИҲУЛ БУХОРИЙ»НИНГ ҲАДИС КИТОБЛАРИ ОРАСИДАГИ МАРТАБАСИ

Ер юзидаги барча уламолар жумҳури: муҳаддислар, фақиҳлар, усулийлар, мутакаллимлар, наҳвийлар ва бошқалар «Саҳиҳул Бухорий» Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Каримдан кейинги энг ишончли ва саҳиҳ китоб эканига иттифоқ қилганлар. Барча уламолар бу китобни катта иноят билан қабул қилганлар ва юқори мақомга қўйганлар.Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳи ўзларининг «Саҳиҳул Муслим»га ёзган шарҳларининг муқаддимасида қуйидагиларни келтирадилар:
«Уламоларнинг фикрича, Қуръони Азиздан кейинги энг саҳиҳ китоблар Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»ларидир. Уммат бу икки китобни қабул қилиб олгандир. Бухорийнинг китоби иккисидан саҳиҳроғи ва фойдалироғидир.

Собит бўлган ҳақиқат шулки, Муслим Бухорийдан фойдаланган кишилардандир. У ҳадис илмида Бухорий беназир эканини эътироф қилган. Бухорийнинг китоби афзал экани ҳақида биз зикр қилган нарса ҳадис сирларини яхши билган ҳозиқлар жумҳури тан олган ҳақиқатдир».
Имом Дорақутний шундай дейдилар:
«Агар Бухорий бўлмаганида, Муслим кетмасди ҳам, келмасди ҳам. Муслим нима қилган? Фақатгина Бухорийнинг китобини олиб, унинг асосида баъзи ҳадисларни чиқарган ва баъзи зиёдалар киритган, холос».

Ҳофиз Шамсиддийн Заҳабий «Тарихул Ислом» китобида қуйидагиларни ёзадилар:
«Аммо Бухорийнинг «Жомеъус-саҳиҳ»и Аллоҳ таолонинг китобидан кейинги Исломнинг энг улуғ ва афзал китобидир. У китоб бизнинг вақтимизда одамлар учун энг олий санаддир. Ўттиз йилдан буён уни эшитиш олий мақом эканидан хурсанд бўлиб юрадилар. Бугун қандай бўлишини ўзингиз билиб олаверинг. Агар бир одам бу китобни эшитиш учун минг фарсах йўл юрса, сафари зое бўлмайди».
«Саҳиҳул Бухорий»нинг мартабаси қай даражада эканини уламолар, муҳаддислар ва фақиҳлар фиқҳий мазҳаблари ва ижтиҳодлари турли бўлишига қарамай, барчалари бараварига чуқур ўрганганлари, таҳлил ва шарҳ қилганлари, мухтасар ва ҳошиялар ёзганларидан ҳам билиб олиш мумкин. Уларни таърифлаш ва ўрганиш учун алоҳида китоблар ёзишга тўғри келади.

Замондош уламолардан доктор Абдулғани Абдулхолиқ ўзининг «Имом Бухорий ва унинг «Саҳиҳ»и» номли асарида «Саҳиҳул Бухорий»га боғлиқ шарҳ, ҳошия ва мухтасарлардан бир юз ўттиз биттасини келтирган.
Ушбу қисқача ва камтарона маълумотлар имом Бухорий ва у кишининг китоблари ҳақида билишимиз лозим бўлган энг мухтасар нарсалар эканини таъкидлаб ўтмоқчимиз.
Албатта, келажакда ватанимизда ҳам у кишининг ҳаётлари ва асарлари ҳақида катта ва кенг кўламдаги илмий ишлар қилинишидан ва кўпчиликка фойда келтиришидан умидвормиз.

Манба:@islomuz_kanal

Check Also

ОТАГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ

– عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قَالَ: ثُمَّ …