Home / АЛЛОМАЛАР / БОҒИСТОНИЙЛАР ХОНАДОНИ

БОҒИСТОНИЙЛАР ХОНАДОНИ

Ислом тарихида ислом илмларининг маълум бир йўналишида олимлар сулоласи шаклланган. Шу ўринда буюк мутасаввиф Шайх Умар Боғистоний (ХIII-ХIV аср) ва унинг ўғли Шайх Хованди Таҳур (ХIV аср), нақшбандия тариқатининг йирик сиймоси Хожа Убайдулло Аҳрор (1404-1491) номларини алоҳида қайд этиш мумкин. Бу улуғ сиймолар бевосита Шайх Умар Валий Боғистоний хонадони вакиллари саналади. Тарихий манбаларда Боғистонийлар хонадони сифатида эътироф этилган.

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Нанай ва Бирчмулла қишлоқлари оралиғида Боғистон қишлоғи, яъни «боғлар ўлкаси» жойлашган. Боғистон Умар Валий мажмуаси ёки Мозори Шахмар бува зиёратгоҳи бўлиб, у Мозорсой ва Пском дарёлари кесишган жойда, қишлоқнинг ғарбий қисмида жойлашган[1].

Тасаввуф аҳллари орасида Тошкент вилоятининг Боғистон қишлоғида туғилган, Баҳоуддин Нақшбанднинг эҳтиромига сазовор бўлган Шайх Умар Боғистоний ҳам бор. У ўз даврининг йирик олими ва шайхи эди. Шайх Умар Боғистонийнинг туғилган йили номаълум, вафоти эса 691/1291 йилда юз берган[2].

Шайх Умар Боғистоний илм ўрганиш ниятида Бухорога боради ва у ерда Шайх Ҳасан Булғорий билан учрашиб, мурид бўлади. Шайх Умар Боғистоний уч йиллик хизмат ичида Ҳасан Булғорийдан таълим олади ва касбу камолот ҳосил қилади. У Шайх Ҳасан Булғорий қўлида валоят даражасини топгани туфайли ўз пири каби Шайх номига мушарраф бўлган[3].

  Шайх Умар Боғистоний тасаввуфда камолга етгандан кейин ватани Боғис­тонга қайтиб келади ва халқни илму ирфонга тарғиб қила бошлайди.

У Шайх Хованди Таҳурнинг отаси. Шайх Хованди Таҳур тариқат илмининг илк сабоқларини ўз отасидан олган. Шайх Умар Боғистонийнинг насабномасига қараганда, ўн олти ота-бобо билан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин чаҳорёрларнинг иккинчиси – Ҳазрат Умар ибн Хаттобга бориб туташади.

Бу ҳақда Мавлоно Муҳаммад Қозининг “Силсилат ул-орифин ва тазкират ус-сиддиқин” асарида ҳам таъкидланган: “Бизнинг Ҳазрати Хожамиз (Хожа Аҳрор)нинг оналари Хожа Довуднинг қизлари бўлган. У Шайх Хованди Таҳурнинг ўғиллари бўлган. У зот эса Ҳазрати Шайх Умар Боғистонийнинг фарзанди. Улар эса ўн олти восита ила Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳумага етишадилар. Хожа Довуднинг оналари эса ота тарафдан саййида (саййидзода) бўлган. Шайх Хованди Таҳурнинг оналари ҳам саййидалардан бўлган”[4].

Шайх Хованди Таҳурнинг дунёга келишлари ва исмлари ҳақида турли ривоятлар мавжуд. Шундай ривоятлардан бирини XVII асрда яшаб ўтган олим Шайх ас-Сиддиқий (ваф. 1087/1676) «Ламаҳот мин нафаҳот ал-қудс» асарида бундай келтиради: «Шайх Зайниддин Кўйиорифон Тошкандий айтганларки, фарзанд талаб бўлганлар бизнинг мозоримизни зиёрат қилиб, шу ерда Яратгандан фар­занд тиласа, албатта, ниятига етгусидир». Шунга биноан Шайх Умар Боғистоний умр йўлдошлари билан Шайх Зайниддиннинг мозорларига зиёратга келиб, қабрлари олдида Аллоҳ таолодан фарзанд сўраганлар. Вақт-соати келиб, Аллоҳ таолонинг инояти билан улар фарзандли бўлишади. Шайх Умар уни Шайх Зайниддин мозорларига олиб борадилар. У ерда кабутарлар чақалоқни кўриб, «ат-таҳур, ат-таҳур» деб сайрай бошлашади. Шайх Умар буни туғилган ўғлига башорат деб билади ва чақалоққа “Таҳур” дея исм қўяди.

Ушбу воқеани рус шарқшуноси А.Семёнов 1914 ва 1916 йиллари ёзган мақолаларида ҳам қайд этган. Шайх Умар чақалоқни Зайниддин мақбарасига олиб келганда, бу ерда юрган бир тўда кабутарлар ҳавога кўтарилади ва уларнинг учиши, овозидан «таҳур» сўзи қулоққа чалинади. Шайх Умар ўғлига қўйган Хованд исми ёнига Таҳурни ҳам қўшади. Хованд сўзи «худованд» сўзининг қисқартмаси бўлиб, художўй деган маънони англатади.

Тарихчи Фахриддин Али Сафий Шайх Хованди Таҳур ҳақида “…ўз отасининг тарбияти ва иноятининг сояси остида валоят аҳлининг олий даражасига етишди…”[5] деб ёзган. “Рашаҳот” асарида ёзилишича, Шайх Умар Валий Боғистоний  камтарона ҳаёт кечириши билан одамларга ибрат бўлган. У деҳқончилик ва боғдорчилик ишлари билан шуғулланган ва ўз касб-коридан ҳалол тирикчилик қилган. У катта мулла ёки катта сўфий бўлишни ўзига шараф деб билмаган ва шуҳрат орқасидан қувмаган: оддий, бироқ ҳақиқий инсон бўлишга интилганки, биз буни ўғли Хованди Таҳурга қилган насиҳатидан кўрамиз.

Фахриддин Али Сафийнинг «Рашаҳот» китобида унинг ўз ўғли Хованди Таҳурга айтган қуйидаги сўзларини келтиради: «Таҳур, мулла бўлма, сўфи бўлма, у бўлма, бу бўлма, мусулмон бўл»[6]. Шайх Умар Валий Боғистонийнинг ушбу сўзлари ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Шу насиҳат ўлароқ Шайх Хованди Таҳур соҳиб каромат шайхлар орасида юксак мақомга эришган.

Шайх Умар Боғистонийнинг бирор бир асар ёки китоб битганлари ҳақида маълумот йўқ. Лекин у зотнинг ҳикматли сўзлари ёзма ва оғзаки ҳолда сақланиб қолган.

Жумладан, бир ривоятда бундай дейилади: «Бир киши тариқат сирларини ўрганиш учун олис ердан Шайх Умарнинг олдиларига келади. Шайх Умар у кишидан сўрайдилар:

– Сен яшайдиган жойда масжид борми?

Айтади:

– Бор.

Яна сўрайдилар:

– Ислом аҳкомларини биласанми?

Айтади:

– Биламан.

Шунда Шайх Умар айтадилар:

– Ундай бўлса, бу ерга келиб нима қилардинг? Ибодат аҳкоми маълум бўлса, ибодат жойи маълум бўлса, қайтиб бор-да, ўша ишинг билан шуғулланавер».

Мазкур мазмунда Шайх Умар Валий Боғистонийнинг қуйидаги ҳикматли сўзлари ҳам омма орасида кенг тарқалган:

«Биз муриднинг кўнглини бошқа нарсалардан бўшатиб, уни тавҳид (ёлғиз Аллоҳ) томонига қаратамиз. Буларнинг ҳаммасини Аллоҳ қилади, биз сабабчимиз холос»[7].

Шайх Умар Валий мақбараси сўлим боғда жойлашган. Қадимий боғда икки муқаддас даргоҳ мавжуд: Шайх Умар Валий мозори ва Шайх Довуд мозори. Бинонинг кириш қисмида қайроқ (тошдан қабртош) ўрнатилган, унда араб тилидаги ёзувлар бор. Шайх Довуднинг мақбараси табаррук арча дарахти остидан жой олган. Маҳаллий аҳолининг ривоятига кўра, боғдаги дарахтларнинг Хожа (Хўжа) Аҳрор[8]нинг ўзи ўтқазган ва унинг яхши ниятлари тимсоли ҳисобланади. Шу боис, бугунга қадар маҳаллий аҳоли қадимий дарахтларни боқий ҳаёт ва серҳосиллик тимсоли сифатида ардоқлашади[9].

Маълумки, тариқатда пирлар камолга эришган, пири комил бўлишлари керак, шундагина улар муридини  камолотга етказа оладилар. Агар пир ноқис бўлса, муриди ҳам камолотсиз қолади.

Шайх Хованди Таҳурнинг қуйидаги сўзлари ҳам ҳақиқий инсонийлик ва олижаноблик туйғуларини уйғотади: “Бор­ғил-да, душманнинг кўнглини топ.  Дўст­нинг кўнглини синашга эса қандай эҳтиёж бор?!”. Яъни, душманнинг кўнглини топиб тинчлик йўлини тут, дўстларни эса синашга эҳтиёж йўқ, чунки улар бундай синовлардан ўтишган. Агар сен душман деб санаган одамнинг кўнглини топа оладиган киши бўлсанг, дўстлар кўнглига аллақачон йўл топгансан. Шундай экан, дўстларни заруратсиз имтиҳон қилма, чунки бу нарса уларда шубҳа уйғотади ва натижада дўстликка путур етади.

Бундай олижаноб фикрлар хожа Ҳофиз Шерозий шеъриятида ҳам учрайди[10]

Осойиши ду гити тафсири ин ду ҳарф аст,

Бо дўстон мурувват, бо душманон мадоро.

Мазмуни: “Икки жаҳоннинг осойишталиги бу икки сўзнинг маъносидан иборат: дўстларга мурувват кўрсатиш-у, душманлар билан  муроса қилиш”.

Шайх Хованди Таҳур нафақат насрда, балки назмда ҳам ижод қилганлар. Унинг байтларини Хожа Аҳрор ­Валий қуйи­дагича келтирадилар[11]:

Нигоҳбони ду чашм аст чашми дилдори,

Нигоҳдор назар аз руҳи дигар ёри.

Ҳоло мабод, ки чашмаш ба чашми ту нигарад,

Даруни чашми ту бинад хаёли ағёри.

Мазмуни: «Дилдорнинг кўзи икки кўзинг­ни кузатиб турувчидир. Нигоҳингни ўзга ёр жамолига тушишидан  сақла. Эҳтиёт бўлки, кўзи кўзингга боққанда, кўзингда бошқанинг хаёли борлигини кўрмасин».

Шер зод бешаи ишқам қавий дар кори хеш,

К-ав ҳарифи ман, биё то зўрбозу бингарад.

Мазмуни: “Ишқим чангалзори ўз ишида пухта шерни туғди, Эй, рақибим, кел, унинг курашини кўр”.

Шайх Хованди Таҳур ҳақидаги маълумотлар бир неча манбаларда учрайди. Улардан XV ва XVII аср бошларида битилган Саййид Абдулаввалнинг «Масмуот» («Эшитилганлар»), Муҳаммад Қозининг «Силсилат ул-орифин» («Орифлар силсиласи»), Али Сафийнинг «Рашаҳот айнил-ҳаёт» («Ҳаёт чашмасининг қатралари»), Олий шайх Сиддиқийнинг «Ламаҳот мин нафаҳотил-қудс» («Табаррук шабадалардан лаҳзалар»). Булардан таш­қари XIX аср­да номаълум муаллифнинг икки бетдан иборат рисоласи ҳамда Муҳаммаджон Ўразаевнинг «Ҳазрати Шайх Хованди Таҳур» номли бир бетли, ўзбек тилидаги маълумотлари ҳам борлиги хабар қилинади. 1915 йилда эса, А.А.Семёнов «Тошкентлик Шайх Хованди Таҳур ва унга нисбат бериладиган кулоҳ» номли мақолани ҳам нашр эттирган.

ХХ асрнинг ўрталарида академик М.Е.Массон «Шайх Хованди Таҳур» ёдгорлик мажмуасида тадқиқотлар олиб борган ва ўзининг китобида Шайх Хованди Таҳур ва шу ном билан аталувчи ёдгорлик мажмуаси ҳақида маълумотлар берган. Архитектор олим Абдужаббор Яҳёев ҳам мажмуадаги ёдгорлик биноларини ўрганиб мақолалар ёзган.

Маълумотларга қараганда, Шайх Хованди Таҳур қабрлари устига XV аср бошларида Хожа Аҳрор Валий  томонидан мақбара қурилган. Мақбара хароба ҳолга тушиб қолганда, XVIII–XIX асрларда қайта таъмирланган.

Шайх Умар Валий Боғистоний хонадони яна бир вакили Хожа Аҳрор ҳазратлари нақшбандия тари­қати­нинг йирик намояндаси, айни пайтда ушбу тариқат­­нинг «Дил ба ёру, даст ба кор» («Қалбинг Аллоҳда, қў­линг меҳнатда бўлсин») деган пурҳикмат шиорини амалда юксак мақомга  етказган шахс сифатида бутун ислом оламида шуҳрат эътироф қилинади.

Аҳли тариқат пешвоси, яхшиларнинг қутби ва авлиёси, халқнинг раҳнамоси ва ғамхўрига айланган бу бетакрор шахс ҳақида бир неча манбаларда қимматли маълумотлар келтирилган. Жумладан, Фахриддин Али Сафий  “Рашаҳот” асарида хабар беришича, Хожа Аҳрорнинг катта бобоси Хожа Шаҳобиддин Шоший деҳқончилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланган. Ўлими яқин эканлигини ҳис қилган Хожа Шаҳобиддин ўзининг барча қавм-қариндошларини рози-ризолик сўраш учун чақиртиради. У пайтда Хожа Аҳрор жуда кичик бўлиб, уни хирқа (дарвешлар кийими)га ўраб олиб келишади. Хожа Шаҳобиддин гўдак Убайдуллоҳга назари тушиб, ҳаяжонланиб, кўзлари ёшга тўлиб,  боланинг пешонасига қўлларини теккизиб, бундай дейди: “Бу бола келажакда дунёни эгаллайди, шариатни тарқатади, тариқатга ривож беради, ҳукмдорлар унинг айтганларини бажарадилар. Ўтган барча шайхлар кўрсата олмаган кароматларни башорат этади”[12].

Хожа Аҳрор ҳижрий 806 йил рамазон ойида (1404 милодий йил, март) Шош – Тошкент вилояти музофотларидан бири бўлган  Боғистонда дунёга келган. Унинг отаси Хожа Маҳмуд ва боболари маърифатли кишилар бўлиб, деҳқончилик ва тижорат билан шуғулланишган. Онаси эса Хожа Довуднинг қизи бўлган. Хожа Довуд эса Шайх Хованди Таҳурнинг ўғлидир.

Хожа Аҳрор бошланғич маълумотни Тошкент мад­расаларида олади. 20 ёшдан ўтганда, тоғаси Хожа Иброҳим уни Самарқандга олиб боради. Бу ерда у турли фанлардан таълим олади. Хожа Аҳрор кўпинча тасаввуф илмига қизиқар эди.  Бу қизиқиш уни Ҳиротга етаклайди. Шу мақсадда 24 ёшида Ҳиротга бориб, тасаввуф тариқати вакиллари билан учрашади. Улардан бири табризлик машҳур ориф ва шоир Саййид Қосим Анвор (ваф. 1433) эди. Шунингдек, Хожа Аҳрор Баҳоуддин Умар (ваф. 1453), Шайх Зайниддин Хавофий (ваф. 1439) ҳузурида ҳам бўлади[13].

Султон Абу Саъид Мирзо ва унинг ўғли Султон Аҳмад Мирзо ҳукмронлиги даврида Хожа Убайдуллоҳнинг мавқеи ошади. Бу борада Амин Аҳмад Розий “Ҳафт иқлим” асарида бундай ёзган: “Хожа Носириддин Убайдуллоҳ Туркистон ва Мовароуннаҳрнинг тамоми машойихларидан кўра обрў, буюклик, эргашувчиларининг ва бойлигининг кўплиги жиҳатидан устун, мумтоз ва мустасно бўлган эдилар. Ёшлигида Мавлоно Яъқуб Чархий ва Мавлоно Низомиддин Хомушдан иршод топганлар… Чунончи, замона султонлари ва фармони ўтувчи хоқонлари унга нисбатан иродат ва ихлосини зиёда қилганлар. Ҳар бир гап у томонидан айтиладиган бўлса, яширин дуру гавҳар янглиғ ҳушли қулоқларига зеб қилиб олганлар. Хусусан, Мирзо Султон Абу Саид мулку миллатнинг жами ишларида у билан машварат қиларди, савобнамо раъйига қарши бормасди. Олдиларида ниҳоятда ниёзмандлик ила пиёда юрарди”[14].

Хожа Аҳрор қаламига мансуб уч рисола бизгача етиб келган. Улардан бири «Фақарот ул-орифин» («Орифлар сўзларидан парчалар») номи билан машҳур бўлиб, унда Хожа Аҳрорнинг  ва баъзи бошқа тасаввуф намояндаларининг тариқатга оид фикрларидан намуналар келтирилган. Иккинчи рисола – «Волидия»[15] («Отага бағишлов») деб аталган бўлиб, унда тариқат йўлига кирган  кишининг одоб-ахлоқи, фақр ва фано тушунчалари ҳақида сўз боради. Ушбу рисолани Заҳириддин Муҳаммад Бобур форс тилидан ўзбек тилига шеърий таржима қилган. Учинчи рисола – «Ҳавроия» деб аталиб, машҳур мутасаввиф шоир Абу Саъид Абулхайрнинг «Ҳавро» («Ҳурлар» ёки «Фаришталар») сўзи билан бошланувчи бир рубоийсини шарҳлашга бағишланган.

Шунингдек, Хожа Аҳрорнинг ўз замондошларига ­ёзган бир неча руқъа-номалари ҳам бизгача етиб келган. Улардан энг муҳими, «Мажмуаи муросалот» деб номланган. Тўплам Алишер Навоий буйруғи билан тузилган ва шунинг учун «Навоий тўплами» ҳам деб аталади. Ўз навбатида тарих фанлари доктори А.Ўринбоев америкалик олима, Нью-Жерси университети профессори Жо Энн Гросс билан ҳамкорликда бу номаларни инглиз тилига ўгирган. Унинг «Хожа Убайдуллоҳ Аҳрорнинг хатлари ва унинг муридлари» номли китоби 2002 йилда Голландиянинг дунёга машҳур «Брилл» наш­риётида чоп этилган.

Хулоса қилиб айтганда, Шайх Умар Валий Боғис­тоний хонадони вакиллари нафақат юртимизда, балки бутун Марказий Осиёда авлиё сифатида улуғланган. Бу ҳолатни қуйидаги омилларда кўриш мумкин:

Шайх Умар Валий Боғистоний хонадони  ўзининг камтарона ҳаёт йўллари, илмий-маънавий ўгитлари билан инсонларни меҳр-оқибат, ҳалоллик, камтарлик, саховат, комиллик каби қадриятларга чорлашган. Мазкур хонадон вакиллари нақшбандия тариқатининг «Дил ба ёру, даст ба кор» («Қалбинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин») деган сўзларини ўзининг ҳаёт мезонига айлантирган. Хожа Аҳрор эса бу пурҳикмат шиорни амалда юксак мақомга  етказган.

Шайх Умар Боғистоний хонадони  улуғ сиймолари ибратли ҳаёт йўли ва сермазмун фаолияти, илмий-маънавий ўгитлари, насиҳатлари билан ҳозирги кунда ҳам комил инсон тарбиясида муҳим аҳамият касб этади.

[1] Тошкент атрофлари бўйлаб – По окрестностям Ташкента – Round outskirts of town Tashkent / Составители: В. Артемьев, А.Урманова при участии Н.Нижевской, В. Газиева. – Т.: Ташкентбошпланлити, 2012. – С.89.
[2] Қаранг: Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айнил-ҳаёт (Оби ҳаёт томчилари) / Нашрга тайёрловчилар М. Ҳасаний ва Б. Умрзоқ.  – Т.: Абу Али ибн Сино, 2004. 270–272-бетлар; Маҳмуд Ҳасаний, Каромат Қиличева. Шайх Хованди Таҳур. -Т.:2004. Б.5.
[3] Маҳмуд Ҳасаний, Каромат Қиличева. Шайх Хованди Таҳур. -Т.:2004. 6-б.
[4] Мавлоно Муҳаммад Қози. “Силсилат ул-орифин ва тазкират ус-сиддиқин”.  Шарқ қўлёзмалари маркази, қўлёзма № 6114.  41 а- саҳифа.
[5] Маҳмуд Ҳасаний, Каромат Қиличева. Шайх Хованди Таҳур. -Т.:2004. 11-б.
[6] Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айнил-ҳаёт (Оби ҳаёт томчилари) / Нашрга тайёрловчилар М. Ҳасаний ва Б. Умрзоқ.  – Т.: Абу Али ибн Сино, 2004. 271-бет. Яна қаранг: Маҳмуд Ҳасаний, Каромат Қиличева. Шайх Хованди Таҳур. – Т.: 2004.
[7] Қаранг: Фахруддин Али Сафий. Рашаҳоту айнил-ҳаёт (Оби ҳаёт томчилари) / Нашрга тайёрловчилар М.Ҳасаний ва Б.Умрзоқ.  –Т.:Абу Али ибн Сино, 2004. -Б.270–272.
[8]8 Хожа Аҳрор Шайх Умар Валий Боғистонийнинг авлоди саналади. Шайх Хованди Тоҳур Шайх Умар Валийнинг фарзанди бўлиб, Хожа Аҳрорнинг онаси Хожа Довуднинг қизи бўлган. Хожа Довуд эса Шайх Хованди Таҳурнинг ўғлидир.
[9] Атрофлари Тошкент буйлаб – По окрестностям Ташкента – Round outskirts of town Tashkent / Составители: В. Артемьев, А.Урманова при участии Н.Нижевской, В.Газиева. –Т.: ТАШКЕНТБОШПЛАНЛИТИ, 2012. 89-с.
[10] Валихўжаев Б.  Шайх Хованди Таҳур // Мулоқот, 1998, 2-сони.  53-б.
[11] Фахруддин Али Сафий. Шайх Хованди Таҳур // Рашаҳоту айнил-ҳаёт. . -Т.: Абу Али ибн Сино, 2004.  274-б.
[12] Қаранг:  Рашаҳот. Лакҳнав нашри. -Б.218-219; Каримов Э. Хўжа Аҳрор ҳаёти ва фаолияти. -Т.: Маънавият, 2003. -Б.13.
[13] Ислам на территории бывшей Российской империи. Энциклопедический словарь. Т.I. -М.: Восточная литература, 2006. -С.43; Қаранг: Маънавият юлдузлари. Хожа Аҳрор /А.Ўринбоев. –Т.: Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2001. -Б.204 – 208.
[14] Амин Аҳмад Розий. Ҳафт иқлим. Шарқ қўлёзмалари маркази қўлёзма № 617. 520b саҳифа.
[15] Қаранг: Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор. Рисолаи волидия / Нашрга тайёрловчи: Ҳ.Ҳасанов. –Т.: Тошкент ислом университети, 2004. -52 б; Мирзо Кенжабек. Дунёнинг муршиди. -Т.: Фан, 2004. -52 б.
Неъматулло МУҲАМЕДОВ
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги IRCICA” кафедраси мудири,
тарих фанлари доктори, доцент

Check Also

АБУ БАКР АҲАВАЙНИЙ – МОҲИР ЖАРРОҲ ВА ФАЙЛАСУФ

Абу Бакр Аҳавайний – Сомонийлар даврида яшаган файласуф ва тиббиёт олими. Бухорода табиблар оиласида туғилган. …