Home / МАҚОЛАЛАР / Ислом шиорлари ўйинчоқ эмас, уларни камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Ислом шиорлари ўйинчоқ эмас, уларни камситишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!

Юксак тараққий этган ахборот технологиялари асрида яшаяпмиз. Тонгда уйғонишимиз билан “ақлли” телефонни қўлига олиб, ижтимоий тармоқларга кирамиз. Бу – дунёдаги аксарият одамнинг одати. Шу тариқа ҳар ким истаса-истамаса, ўзини ахборот майдони ичра кўради. Кимлардир бу майдонда – тарқатувчи, кимлардир – оддий иштирокчи, кимлардир – ўша ахборотларнинг қурбони, кимлардир эса – шунчаки кузатувчи…

Афсуски, ахборот тарқатиш борасидаги мутлақ эркинлик баъзида тарбиясизликка сабаб бўлиб қолмоқда. Хусусан, сўнгги пайтларда тарқатилаётган лавҳалар орасида ҳақоратли сўзлар, туҳматли иборалар, муайян шахсларни обрўсизлантириш қасд қилинган тасвирлар кўпайиб бормоқда. Энг ёмони, уларнинг аксарияти бир гуруҳ троллар ёки “фейк”, яъни сохта аккаунтлар томонидан уюштирилмоқда. Бу қилмишлар ортида қандай ғаразлар ётгани жумбоқ…

Айниқса, бундай номақбул хатти-ҳаракатлар исломий қадриятлар борасида ҳам учраётгани кишини янада кўпроқ ташвишга солмоқда. Муборак Рамазон ойларида ижтимоий тармоқларда на динимизга ва на одобимизга тўғри келмайдиган видеотасвирлар тарқади. Уни ҳамма кўрди. Аммо… “интернет усталари”дан нечовларининг хаёлига рўза, ифтор ҳам ислом шиорларидан бири экани келди? Илло, айрим интернет фойдаланувчилари рўза ҳам – ислом шиори эканини билганларида эди, балки бундай қилмаган бўлардилар. 

Аллоҳ таоло ислом шиорларини қадрлашга тарғиб қилган ва уларни топташ, масхара қилишдан қаттиқ қайтарган. Жумладан, Ҳақ таоло Қуръони каримда: “(Гап) шудир. Яна кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, (бу) дилларнинг тақвосидандир” (Ҳаж сураси 32 оят), – деб хитоб қилган.

Бу ҳақда кейинги вақтларда олиму зиёлиларимиз турли сабаблар билан кўп ва хўб ёзишга, Аллоҳ таолонинг ушбу амрини бот-бот бизларга эслатиб туришга мажбур бўляптилар.

Ислом таълимотига кўра “шиор” сўзи “нишон”, “белги”, “аломат” маъноларини билдиради. Яратган Парвардигоримиз Аллоҳ таолонинг динининг кўзга кўринган ва шон-шавкатининг аломати бўлган нарсалар шиор ҳисобланади.

Масалан,

  • Каломуллоҳ, яъни Қуръони карим, унинг тиловати, азон,
  • Аллоҳ таоло фарз қилган – намоз, рўза, закот, ҳаж каби динимиз устини бўлган ибодатлар,
  • шариатимизда улуғланган зотлар – пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, авлиёлар, уламолар, илм аҳллари,  
  • шариатимизда қадрланган – Каъбатуллоҳ, Макка мукаррама, Мадина мунаввара, Мино, Арафот, Қуддуси шариф каби жойлар,
  • барча масжидлар ва замонлар – Жума куни, Рамазон ойи, муқаддас ойлар,
  • ибодат воситалари бўлмиш тасбиҳ, салла ва жойнамоз каби нарсаларни тушуниш мумкин.

Аввалроқ айтганимиздек, сўнгги пайтларда баъзи инсонларнинг Рамазон ойида ижтимоий тармоқлар орқали рўза ва ифторларга турли масхараомуз муносабатда бўлиб, бу ишининг оқибатини билмасдан гуноҳ орттириб олаётгани эса ачинарли ҳолат, билимсизлик, авомлик, борингки, жоҳиллик деса ҳам бўлаверади.

Аллоҳ таолонинг шиорларини оёқости қилиш, улардан бирортасини масхара қилиш, камситиш, беҳурмат қилиш, хўрлаш, менсимаслик, хор қилиш мўмин кишининг кофир бўлишига сабаб бўлади.

Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатнинг шиорини паст санаганларни қаттиқ қоралаб бундай деганлар: Аниқ биламанки, умматим ичидаги баъзи кимсалар Қиёмат кунида Тиҳома тоғи каби улкан ҳасанотлар билан оппоқ бўлиб келишади, лекин Аллоҳ таоло уларнинг амалларини тўзиган чанг каби қилиб қўяди.

Шунда Cавбон разияллоҳу анҳу: “Ё Раcулаллоҳ, бизга уларни cифатлаб, очиқ баён қилиб берсангиз, билмасдан ўшалардан бўлиб қолмайлик!” – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Улар cизларнинг биродарларингиз, cизларга ўхшаган одамлардир. Улар ҳам cиз каби тунлари ибодат қилади. Лекин улар шундай одамларки, ёлғиз қолган вақтларида шариатнинг шиорларини топтайдилар, – дедилар (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Динимиз уламолари ўзларининг фатволарида бундай дейишган: “Ким азонни масхара қилса ёки Қуръони каримни енгил санаб оёқ ости қилса, ёки шаръий илмларни ёхуд уламоларни масхара қилса, ибодатларни енгил санаб бажармаса, ёки масжидни масхара қилса, кофир бўлади” (“Ғамзу уюнил басоир шарҳ ашбоҳ ван-назоир” китоби).

Ота-боболаримиз Ислом одобига жиддий эътибор берганидан хабаримиз бор ва уларнинг одоб-ахлоқи билан баъзи-баъзида мақтаниб ҳам қўямиз…

Ота-оналаримиз шариатимиздаги мустаҳаб ва одоб амалларига ҳам ниҳоятда қаттиқ эътиборли бўлганлар. Улар одоблари гўзаллигидан тасбеҳлари кўксиларидан пастга тушмаган… Жойнамозларини ҳам эҳтиёткорона, оёқ остида қолдирмасдан, меҳр билан алоҳида баланд жойларга қўйганлар… Масжид атрофидан меҳр билан оҳисталик билан ўтганлар… Азон айтилаётганда меҳр билан эшитганлар, беҳуда сўз сўзламаганлар… Араб ёзувидаги матнлар битилган ашёларни меҳр билан эҳтиётлаб сақлаганлар… Нима сабабдан?.. Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир нарсага АЛОҲИДА ОДОБ билан муомала қилганлар! Чунки улар динга алоқаси бор ҳар бир нарсага ЎЗГАЧА МЕҲР билан муносабат қилганлар! У одоб – БЕТАКРОР ОДОБ!!! У меҳр – БЕҚИЁС МЕҲР!!!

Имом Абу Довуд Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ўзи ҳақ бўлcа ҳам талашиб-тортишмаган киши учун – жаннат чеккароғидан уй берилишига, ҳазиллашиб бўлса-да ёлғон гапирмаган киши учун – жаннатнинг ўртасидан уй берилишига, хулқини гўзал қилган киши учун эса – жаннатнинг энг юқори қисмидан уй берилишига мен кафилман” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Минг афсуски, ҳозирги кунда баъзилар шундай чиройли ишларга, жаҳон мамлакатлари ва ўзга диёрлар ичинда “ўзбек халқининг ноёб ва гўзал одоблари” деб тан олинган одобларига беписанд бўлиб, “ҳеч нарса қилмайди” қабилидаги гапларни айтиб, ота-оналаримиз бетакрор ва беқиёс меҳр билан бажариб келган бетакрор ва беқиёс динимизнинг бетакрор ва беқиёс одобларини йўққа чиқаришга уринмоқдалар. Ваҳоланки, шайтон мусулмон кишининг биринчи бўлиб имонига ҳужум қилмайди, балки биринчи бўлиб мусулмон кишини мустаҳаб ва одоб бўлган амалларга беэътибор қилишга уринади. Агар ғолиб чиқса, дастлаб суннатга, кейин вожибга, сўнг фарз амалларга бепарво қарашга уринади. Агар мусулмон кимсани фарз амалга ҳам эътиборсиз қилишга эришса, алалоқибат, Аллоҳ сақласин, имонига ҳам ҳужум қилиб, натижада имондан ажратади!!!

Шундай экан, ҳар биримиз ота-боболаримизнинг йўналишларини маҳкам ушлаб, барча мустаҳаб ва одоб амалларга тўла амал қилиш ҳамда динимиз шиорларига одоб ва ахлоқ билан муомала қилишимиз – бетакрор динимиз талабидир!!!

Демак, юқоридаги ҳукмлар рўза ва ифтор билан боғлиқ ғалати ҳолатларни тарқатаётган кишиларга сабоқ бўлиши керак. Улар ҳам исломий қадриятларга путур етказиш эвазига кўнгилхушлик ила омманинг эътиборини жалб қилиш оғир гуноҳ эканини англаб етсинлар.

Яна бир жиҳат, сўз эркинлиги дегани – исталган нарсани ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмасдан айтиш, ёзиш, тарқатиш дегани эмас. Балки ҳар бир сўз учун жавоб бера олиш масъулиятидир.

Оғзига келганни демоқ – нодоннинг иши,

Олдига келганни емоқ – хайвоннинг иши,

деб бежиз ёзилмаган. 

Ҳар бир интернет фойдаланувчиси айтаётган гапи, тарқатаётган ахбороти учун Аллоҳ таоло олдида ҳам, мўмин-мусулмонлар олдида ҳам, жамият аъзолари ва давлат қонунлари олдида ҳам жавобгардир! Бу меъёр дунёвий қонун-қоидаларда ҳам, диний таълимотимизда ҳам қатъий белгилаб қўйилган!

Бир сўз билан айтганда, “фейк” аккаунтлар ёки троллар юритувчилари муборак динимиз шаънига доғ солувчи лавҳалар, бузғунчи шарҳлар, ҳақоратли сўзлар, таҳқирлашлари учун икки дунёда ҳам жавоб берадилар.

Илоҳо ўзларимизни ҳам, фарзанд-зурриётларимизни ҳам меҳрибон Парвардигоримиз буюрган, жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам тавсия этган, ўтмишда ўтганларимизни руҳлари шод бўладиган, халқимиз хурсанд бўладиган, ота-оналаримиз рози бўладиган йўллардан юришимизни насиб этсин!

Иброҳимжон ИНОМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Манба: muslim.uz

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …