Home / МАҚОЛАЛАР / ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИДА ЗИЁРАТ ТУРИЗМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ (давоми)

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ТАРАҚҚИЁТИДА ЗИЁРАТ ТУРИЗМИНИНГ РИВОЖЛАНИШИ (давоми)

Ўзбекистонда зиёрат туризмининг муҳим объектларидан бири ҳисобланган Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуида ҳам Президентимизнинг 2017 йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси давом эттирилди. Жумладан, мажмуага туташ ҳудуддан 5,8 гектар ер майдони очилиб, аллома номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ва унинг қаршисида 3 та икки қаватли турар-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Амалга оширилган шу ва бошқа тадбирлар натижасида бу борада салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Жумладан, 2017 йилнинг 10 ойи давомида мамлакатимизга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2,2 млн кишини ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг шу даври мобайнида бу рақам 4,4 млн га етди.[1]. Йил мобайнида эса 5 млн. 346 минг 219 нафарни ташкил қилди[2].

Мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги тадбирлар 2019 йилда ҳам давом эттирилди. Жумладан, Ўзбекистоннинг маданий-тарихий ва диний маънавий мероси ҳамда анъаналарини ўрганиш учун ташриф буюрувчи хорижий фуқаролар учун 2 ойгача бўлган муддатга зиёрат визаси жорий этилди[3]. Шу билан бирга, Зиёрат туризмини ривожлантириш ва дунё жамоатчилигига таништиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган илмий конференциялар ўтказилди. Жумладан, 2019 йил 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқаро майдонда мамлакатнинг зиёрат туризми бўйича мавқеини ошириш мақсадида Зиёрат туризми бўйича I Халқаро форум ўтказилди. Унинг доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми марказларидан бири сифатида эътироф этилишига доир Бухоро декларацияси имзоланишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди[4]. Бундан ташқари, 2019 йилнинг 24-25 май кунлари Самарқанд шаҳрида Хитой, Россия, Франция, Италия, Жанубий Корея, Туркия, Босния ва Герцеговина, Польша, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг етакчи олимлари, туризм соҳаси мутахассислари иштирокида «Буюк Ипак йўли чорраҳасида зиёрат туризмининг ренессанси» мавзусидаги халқаро илмий конференция бўлиб ўтди[5].

Шу ва бошқа омиллар мусулмон мамлакатлардан келаётган сайёҳлар сони сезиларли даражада ошишига олиб келди. Жумладан, 2019 йилнинг ноябрь ойи кўрсаткичлари 2018 йилдагиси билан солиштирганда буни яққол кўришимиз мумкин. Хусусан, 2018 йил ноябрь ойида Покистондан 287 нафар сайёҳ ташриф буюрган бўлса, 2019 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 424 нафарни ташкил қилиб, ўсиш суръати 47,7 фоизни ташкил этди. Саудия Арабистони бўйича эса, бундан ҳам каттароқ рақамни кўришимиз мумкин. Жумладан, 2018 йилнинг ноябр ойида подшоҳликдан келганлар 36 нафар, 2019 йилнинг шу даврида 124 нафарни ташкил қилди.[6].

Сўнгги пайтларда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Унда туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган туризм маҳсулоти ва хизматларини диверсификация қилиш, рақобатбардошлигини янада ошириш, мақбул ва қулай ички ва халқаро зиёрат туризми муҳитини яратиш, транспорт йўналишларини кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш, туризм маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз манзил сифатидаги имижини мустаҳкамлашга йўналтирилган вазифалар белгилаб берилди[7].

Хулоса сифатида шуни айтишимиз мумкинки, Ўзбекистонда 2016 йилдан эътиборан туризм соҳаси мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири деб эълон қилинди. Шу тариқа туризм ва унинг муҳим йўналишларидан бири бўлган зиёрат туризмини ривожлантириш ишлари олиб борилди. Бу борада тегишли фармон ва қарорлар эълон қилинди. Шу асосда тегишли тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, зиёрат туризмини ривожлантириш, хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида турли тадбирлар, илмий семинар ва конференциялар ташкил қилинди. Хорижий мамлакатлар фирма компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонга, хусусан, мамлакатимиздаги муқаддас жойларни зиёрат қилиш учун келаётган зиёратчилар сонини сезиларли даражада ошишига олиб келди.

Жонибек ЖУМАЕВ
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази
илмий ходими
[4] https://islaminstitut.uz/?p=6867 Зиёрат туризми халқаро форуми якунлари
[5] http://zarnews.uz/post/ozbekistonda-ziyorat-turizmi-uchun-katta-imkoniyat-bor Ўзбекистонда зиёрат туризми учун катта имконият бор
[6] https://uzbektourism.uz/cyrl/research 2019 йил ноябрь ва 2018 йил ноябрь ойларида Ўзбекистон Республикасига кириб келган ташриф буюрувчилар сонининг давлатлар кесимида тақсимланиши
[7] http://muslim.uz/index.php/yangiliklar-2016/uzbekistan/item/25252

Check Also

КЎЧИРИШ АМАЛИЁТИНИНГ ТУБ АҲОЛИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ ВА МАДАНИЙ ҲАЁТИГА ТАЪСИРИ

Мустамлакачилик истило этилган мамлакат аҳолисига нисбатан зўрлик ҳисобланади. Бинобарин, зўравонлик мустамлакачилик сиёсати сифатида барча метрополияларга …