Home / МАҚОЛАЛАР / ҚУРЪОННИ ҚАЛБГА ЖО АЙЛАШНИНГ ҲАЛОВАТИ

ҚУРЪОННИ ҚАЛБГА ЖО АЙЛАШНИНГ ҲАЛОВАТИ

Қуръон  Аллоҳ таолонинг каломи, инсоният учун ҳидоят ва раҳмат  манбаидир. Инсон ҳаётда Яратганнинг розилигига эришиш учун кўплаб хайрли ва савобли ишларни амалга оширишга интилади. Савоби энг улуғ амаллардан бири Қуръонни ўрганиш, маъноларини тадаббур қилиб, ҳаётга татбиқ этишдир. Каломи шарифни ихлос ила ўқиш қалбни хотиржам қилади. Қуръон тиловат қилувчини ҳидоятга бошлайди, солиҳ амаллар қилишига сабабчи бўлади. Ҳақ таоло айтади: “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги (ҳақида) башорат берур(Исро сураси, 9-оят).

Шундай экан, қалбни Мусҳафга ошно қилиш, маъноларини ўрганиш ва бошқаларга ўргатиш ўзига хос улуғ фазилатдир. Чунки Қуръонни ўқиган, ўзгаларга ўргатган киши Аллоҳ таолонинг раҳматига эришади. Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва уни бошқаларга ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти). Кўриниб турганидек, ҳадисда Қуръонни ўрганган ва бошқаларга ўргатганлар мадҳ этилмоқда. Демак, Каломи Шарифни ўрганиб, унга амал қилиш, ўзгаларга таълим бериш мўминлар орасида энг яхши ном қозониш учун сабаб бўлар экан.

Қуръон ўрганишни бошлаган инсондан юксак сабр-матонат талаб қилинади. Бундай сифатни шакллантирган инсонда эса бошқа фазилатлар ҳам вужудга келиб мустаҳкамланади. Натижада у комил инсон бўлиб етишади. Баъзан инсон ҳаётда молу дунёси, мансаби, обрў-эътибори билан фарқланади. Аслида бу нарсалар фақатгина шу дунёда асқотади, холос. Агар у мол-давлатини хайрли ишларга сарфласа ва Қуръонни ўрганиб, уни қалбига жо айласа, ундай инсон кўпгина фазилатлар соҳибига айланади. Жамият унинг мавқеини оширади, одамларнинг ҳурмат-эътибори ошади.  

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Ичида Қуръондан бирон нарса бўлмаган кишининг қалби хароба уй кабидир” (Термизий, Доримий, Аҳмад, Ҳоким, Байҳақий ва Табароний ривояти).

 Қалб – иймон, Қуръон тиловати, хайр-саховат, зикр каби ибодатлар билан обод бўлади. Агар банда қалбини обод қилувчи амаллардан йироқ бўлса, ички дунёси  харобага айланади. Ҳадисда қалб хароба уйга ўхшатилган. Бундай уйда яшаган инсон ҳаётида файз-барака ҳам бўлмайди.

Қуръонни ўқиб, унга амал қилган инсон улуғ даражаларга кўтарилиши хусусида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Қиёмат куни Қуръон соҳибига: “Ўқи ва кўтарил, дунёда қандай ўқиган бўлсанг, шундай ўқи. Охирги оятни ўқиган жойинг (жаннатдаги) манзилинг бўлади”, деб айтилади. (Абу Довуд,Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон ривояти. Ҳадис санади ҳасан-саҳиҳ).

Бу ҳадис бизга киши Қуръондан қанча кўп ёдласа, мартабаси шунча юқори бўлишидан хабар бермоқда.

Баъзи инсонлар бир умр ҳаёт ташвишлари билан овора бўлиб, ёши бир жойга бориб қолганда қандайдир бир сабаб ила ўзини ислоҳ қилишга тушиб қолади. Ибодатлар, эҳсонлар қилади. Шу билан бирга, Қуръонни ўрганишга қаттиқ киришади. Табиийки, бу ёшда уни ўрганиш нисбатан машаққатлидир. Шу хайрли амалда қийинчиликка дучор бўлганларга қуйидаги ҳадис хушхабар бўлади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Қуръонни моҳирона тиловат қиладиган қори элчи, ёзувчи, ўта яхши фаришталар билан бир мақомдадир. Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб берилади” ( Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривоят қилган).

Шариатда мўмин банда имони билан қадрли. Лекин имон келтирса-ю Аллоҳ таолонинг китобини ўқимаса, унинг қадри пасаяди. Шунинг учун ҳадисларда Қуръон ўқимайдиган одам хурмога ўхшатилган. Унинг мазаси зўр бўлгани билан ҳиди йўқ. Бундан чиқди, Қуръон ўқимаслик, мўмин инсон учун камчилик саналар экан. Ҳозир ҳамма ҳам Қуръон ўқимайди, маъносини тушунмайди. Оқибатда мусулмон бўлгани учун эмас, мусулмон бўла туриб, Қуръонни ўқиб-ўрганмагани учун бошига ҳар хил савдолар тушади[1].

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга мойил бўлиб туради. Савоб иш қилганда, қалби ором олади, таскин топади. Гуноҳ-маъсият эса қалбни қорайтиради, кўнгилни ҳижил қилади. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Темирга сув тегса, занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?” деб сўралди. У зот: “Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш”, дея марҳамат қилдилар”. Ҳадис мазмунига кўра, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказар экан. Уни ўқигувчининг қалби яйрайди, кўнгли ҳузурланади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занглар аста-секин тозаланиб боради. Бежизга манбаларда “Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво”, деб бежиз айтилмаган.

Маълумки, темирга ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни ҳам занг босишини билиб олдик. Ҳамиша Қуръон ўқиб юрадиган инсоннинг қалби мусаффо бўлади. Бинобарин, Қуръонни қалбига жо айлаган инсон доимо яхшилик йўлида бўлади.

[1] Қуръон қалблар шифоси. Зиёвуддин Раҳим Б-9.
Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …