Home / МАҚОЛАЛАР / “ТАРИХУЛ КАБИР”ДАН ФОЙДАЛАНГАН УЛАМОЛАРНИ БИЛАСИЗМИ?

“ТАРИХУЛ КАБИР”ДАН ФОЙДАЛАНГАН УЛАМОЛАРНИ БИЛАСИЗМИ?

Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” асарини жуда кўплаб уламолар ўрганган ва шу ҳақида рисолалар ёзган. Муҳаммад Ҳаво ўзининг “Манҳажул Имомил Бухорий фил жарҳ ват таъдил” номли рисоласида, Доктор Одил Абдушакур Зарқий ўзининг “Тарихул Бухорий” китобида, Муҳаммад Абдулкарим Убайд ўзининг “Тахрижул аҳадисил марфуъатил муснада фит тарихил кабир” номли китобида, Аҳмад Абдуллоҳ ўзининг “Манҳажул Имомил Бухорий фит таълил фит тарихил кабир” номли рисоласида ва Фотима Заҳро Авотий ўзининг “Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” ва Ибн Абу Ҳотимнинг “ал-Жарҳ ват таъдил” китобларини орасини таққослаш” ҳақидаги баҳсида ўрганган.

Бу китобдан жуда кўплаб уламолар фойдаланган. Шулардан бири Имом Муслимдир. Абу Аҳмад Ҳоким: “Кимки Муслим ибн Ҳажжожнинг “Исмлар ва кунялар” китоби ҳақида ўйлаб кўрса, албатта, бу китоб Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Кунялар” китобидан бирма-бир кўчирилганини билиб олади”, деган.

“Тарихул кабир” китобидан фойдаланган кишилардан яна бири Имом Термизийдир. У киши “Ал-Илал ас-соғир” китобида бундай деган: “Китобимда зикр қилинган иллатлар, ҳадислар, одамлар ва тарихларни “Тарихул кабир” китобидан олдим ва бу маълумотларнинг кўпроғи мен Муҳаммад ибн Исмоил билан баҳс олиб борган нарсалардир”, деган.

Абу Ҳотим ва Абу Зуръа Розий ҳам “Тарихул кабир” китобидан фойдаланган. Ибн Ражаб айтади: “Сўнгра Абу Зуръа ва Абу Ҳотим Розий “Тарихул кабир” китобидан хабардор бўлганда, унинг услубида иккита китоб ёздилар. Биринчиси: “Китобул жарҳ ват таъдил”. Унда фақат исмлар қайд қилинган. Иккаласи Имом Бухорий зикр қилган маълумотларга баъзи бир жарҳ ва таъдилларни зиёда қилди. Иккаласининг китобида жарҳ ва таъдил ҳақида Имом Бухорий зикр қилмаган кўп нарсалар бор. Иккинчиси: “Китобул илал”. Иккаласи бу китобда фақат иллатлар ҳақидаги гапларни келтирган”.

Абу Ҳотим ва Абу Зуръа Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” китобини олиб ўзларига нисбат берганида, Абу Аҳмад Ҳоким иккаласини айблаган. Абу Аҳмад Ҳоким айтади: “Мен Рай шаҳрида бўлганимда, улар Абу Ҳотимнинг ўғлига Абу Ҳотимнинг “Жарҳ ва таъдил” китобини ўқиб бераётганини кўрдим. Улар ўқиб бўлганларида, мен Ибн Абдавайҳга: “Бу қанақа кулги? Мен сизларни Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Тарихул кабир” китобини шайхларингизга ўқиб бераётганларингизни кўрдим. Сизлар бу китобни Абу Зуръа ва Абу Ҳотимга нисбат бераяпсизлар-ку”, дедим. Шунда у айтди: “Эй, Абу Аҳмад! Билиб қўй. Абу Зуръа ва Абу Ҳотимга бу китоб олиб келинганида, иккаласи: “Бу зарур бўлган чиройли илмдир. Бизлар учун бу китобни ўзимиздан бошқа одамни номидан зикр қилишимиз яхши эмас”, деди. Шунда иккаласи Абу Муҳаммад Абдураҳмонни ўтқизиб олди. Ҳатто, Абу Муҳаммад иккаласидан кишилар ҳақида бирма-бир сўради. Иккаласи унга зиёда қилди ва камайтирди. Абдураҳмон эса бу китобни иккаласига нисбат берди”.

Ибн Адий ҳам ўзининг “Ал-Комил фий зуъафоир рижал” номли китобида Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” китобидан фойдаланган. Бу китобда “Тарихул кабир”дан нақл қилинган кўплаб матнлар бор. Шунингдек, Имом Дорақутний ҳам “Ал-Илал” номли китобида Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” китобидан фойдаланган.

Имом Саховий “Тарихул кабир” китобидан маълумот олиниб ёзилган китобларни жамлаган. Булар:

  1. Имом Дорақутнийнинг “Тарихул кабир китобидаги Муҳаммад исмларига илова (қўшимча)” китоби;
  2. Абу Бакр ибн Муҳибнинг “Тарихул кабир китобидаги Муҳаммад исмларига илова (қўшимча)” китоби;
  3. Ибн Абу Ҳотимнинг “Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” китобидаги хатони баён қилиш” китоби;
  4. Хатиб Бағдодийнинг “Ал-Муваззиҳ ли-авҳамил жамъи ват тафриқ” китоби.

“Тарихул кабир” китобининг атрофида қирқ бешдан кўпроқ баҳс, рисола ва китоблар ёзилган. Биргина китобнинг атрофида буқадар кўп рисола ёзилиши унинг аҳамияти ва қиймати нақадар буюклигини билдиради. Лекин бу ерда барчасини батафсил келтириш имконияти йўқ. Шунинг учун қисқа қилиб қўйидагича келтирамиз:

  1. “Тарихул кабир” китобини тадқиқ қилиш ва ўрганиш ҳақида ўн бешга яқин рисола ёзилган;
  2. “Тарихул кабир” китобини мукаммал ўрганиш учун ёзилган илова (қўшимча)лар ҳақида еттита рисола бор;
  3. “Тарихул кабир” китобидаги услуби ҳақида ўнта рисола ёзилган;
  4. “Тарихул кабир”даги ҳадислар ва ҳукмларни чиқариш ҳақида олтита рисола ёзилган;
  5. “Тарихул кабир” билан бошқа китобларнинг орасини таққослаш ҳақида иккита баҳс ёзилган;
  6. “Тарихул кабир” китоби ҳақида маълумот берадиган умумий китоблар еттитадир.

Имом Бухорий “Тарихул кабир”нинг бошида китобдаги таржимаи ҳолларнинг тартиби ҳақидаги йўлини баён қилиб берган. У киши бундай деди: “Мен бу исмларни алфавит тартибида жойлаштирдим. Лекин Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари ҳурматидан Муҳаммад исмлари билан бошладим. Муҳаммад исмларини баён қилиб бўлганимда, алфавит тартибида бошладим. Ҳарфлар охирига етганча шундай давом этдим. Мим ҳарфини ҳам ўз ўрнида келтирдим. Сўнгра Муҳаммад исмли шахсларни оталарининг исмларига кўра алфавит тартибида ҳам келтирдим. Чунки, улар жуда кўп эди. Фақат ўнта Муҳаммад исмли шахсни алфавит тартибида келтирмадим. Чунки, улар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан эди”. Алфавит тартибида келтирилмаган ўнта Муҳаммад исмли саҳоба ҳақида китобнинг бошида келтириш билан кифояланган.

Албатта, “Тарихул кабир”ни Имом Бухорийнинг ўзидан жуда кўплаб шогирдлари таълим олган ва ривоят қилган. Китобни муаллифга боғланган санад билан ривоят қилишга эътибор қиладиган барча ровийлар Имом Бухорийнинг шогирдларига бориб тақалади. Шунинг учун ҳам Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ҳамда “Тарихул кабир”ни ва унинг ровийларини ўрганиш бизга кўп манфаат келтиради. Бу олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …