Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / “ЗАРАФШОН  ВОҲАСИ ТАРИХИ ВА МАДАНИЯТИ” СЕМИНАРЛАРИ БОШЛАНДИ

“ЗАРАФШОН  ВОҲАСИ ТАРИХИ ВА МАДАНИЯТИ” СЕМИНАРЛАРИ БОШЛАНДИ

Аввал хабар берилганидек, 6 апрель куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида  “Зарафшон  воҳаси тарихи ва маданияти” мавзуи доирасида қатор илмий маърузаларни ўзида мужассам этган  онлайн-семинарларнинг иккинчи босқичи бошланди.

Zoom видеоконференция дастури орқали ўтказилган навбатдаги илмий анжуманда Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти тадқиқотчиси, тарих фанлари доктори Ўктамбек Султоновнинг “Мовароуннаҳрда Сиддиқийлар насабини қонунийлаштиришнинг уч версияси” мавзуидаги маърузаси тингланди.

Семинарда Ўзбекистон ва Германия илмий доиралари вакиллари билан бирга АҚШ, Миср ва  Покистондан шарқшунос ва исломшунос  олимлар иштирок этди.

 Маърузачининг таъкидлашича,  мазкур мавзу мусулмон генеалогияси ва сакрал хонадонлари тарихи ҳақида бўлиб, бугунги кунда мусулмон генеалогияси, саййид-шариф муаммолари ислом насабшунослари асарлари ва шажаралар асосида ўрганиб келинмоқда.

– Шу пайтгача бир гуруҳ олимлар томонидан Али ибн Абу Толиб ва қисман қурайшийлар хонадонига мансуб саййидлар ҳаёти ва илмий мероси ўрганилган. Менинг анча вақтдан бери олиб бораётган тадқиқотим эса Марказий Осиё ва бобурийлар салтанатида Абу Бакр Сиддиқ авлодлари тарихига бағишланган, – деди  Ўктамбек Султонов.

Олимнинг таъкидлашича, Хумболдт фонди лойиҳаси сифатида бажарилган ушбу тадқиқот Тошкентда дафн этилган асли бағдодлик мутасаввиф Шайх Зайниддин Куйи Орифоний (XIII аср) хонадони мисолида сиддиқийлар тарихини ўрганишдан иборат. Афсуски, мавзу билан боғлиқ айрим хулосаларни асослашда далиллар етишмаётгани сабаб ишни якунлаш бироз кечикмоқда. Ана шундай муаммолардан бири сиддиқийлар легитимацияси билан боғлиқдир. Ушбу маърузадан кўзланган мақсад ҳам ана шу йўналишдаги тадқиқотлар сарҳисобини иштирокчиларга тақдим этиш, учраётган баъзи муаммолар тўғрисида ўзаро маълумот алмашиб, олимларнинг бу борадаги  фикр-мулоҳазаларини ўрганишдан  иборат.

Очиқ ва самимий мулоқот тарзида ўтган семинар қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди. Мавзу юзасидан  иштирокчиларни қизиқтирган саволларга илмий далиллар билан атрофлича жавоб қайтарилди.

Семинар сўнгида ташкилотчилар томонидан навбатдаги илмий мулоқот шу йилнинг май ойида ташкил этилиши ва унда америкалик олим, Ҳофстра университети профессори Александр Наймаркнинг маърузаси тингланиши айтиб ўтилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …