Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирларида Марказ нашрларининг тақдимоти ўтказилди

“Китобхонлик ҳафталиги” тадбирларида Марказ нашрларининг тақдимоти ўтказилди

Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йил 5-9 апрель кунлари Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Фанлар академияси, МТРК, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамкорлигида бутун юртимиз бўйлаб “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилмоқда.

Мамлакатимизда илк маротаба ташкил қилинаётган мазкур оммавий маърифий-маданий анжуман доирасида ўттиздан ортиқ етакчи нашриёт уйларида сўнгги йилларда чоп этилган юзга яқин китобнинг тақдимоти, улуғ мутафаккир Алишер Навоийнинг 580 йиллиги, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг 80 йиллиги, халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг 80 йиллиги, шунингдек, ўзбек эстрада санъатининг асосчиси Ботир Зокировнинг 85 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказиш режалаштирилган.

5 апрель куни Пушкин номидаги Самарқанд вилоят ахборот-кутубхона марказида ҳафталикнинг кўҳна кент томонидан ўтказилиши режалаштирилган бадиий-ижодий кечалари, маданий-маърифий тадбирларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда мактаб ўқувчилари, талабалар, шоир ва ёзувчилар, ноширлар, ташкилотчи идоралар мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир доирасида аҳоли ва ёшлар орасида китоб мутолаасини тарғиб этиш ва китобхонлик маданиятини шакллантириш мақсадида “Ўқинг, янги китоблар!” кўргазмаси ўтказилди. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Нашрлар бўлими ходимлари муассаса томонидан нашр этилган янги китоблар кўргазмаси билан иштирок этди.

Тадбирда иштирокчилар ўртасида “Ўқиган энг яхши асарингиз қайси?” мавзуида сўровнома ўтказилди. Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра музейи ҳамкорлигида “Санъат оламига саёҳат” кўчма кўргазмаси ташкил қилинди.

Ҳафталик доирасида, шунингдек, “Энг яхши китобхон оила” танлови, “Севган кутубхонамга китоб тақдим этаман” акцияси, турли ижодий кечалар, илмий ва бадиий адабиётлар тақдимоти бўлиб ўтади.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …