Home / МАҚОЛАЛАР / “Амад ал-ақсо” асарининг икки нодир қўлёзма нусхаси

“Амад ал-ақсо” асарининг икки нодир қўлёзма нусхаси

Мовароуннаҳрда бундан бир неча юз йил аввал, яъни  IX-XII асрларда биринчи ренессанс рўй берди. Айнан ўша даврда давлат юритишдаги сиёсат ўзгариши билан бир қаторда илм-фаннинг турли соҳаларидаги ютуқлар яққол кўзга ташланди. Айниқса янги соҳалар – тафсир, ҳадис, калом, фиқҳ, тилшунослик, математика, астрономия, кимё, тиббиёт, ҳуқуқ, геодезия ва географияга қизиқиш кучайди. Натижада турли соҳаларда ижод қилган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Муҳаммад Мусо Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Маҳмуд Замахшарий, Абул Муин Насафий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Қошғарий каби юзлаб аждодларимиз серқирра истеъдод соҳиблари бўлиб етишдилар.

Шундай алломалардан бири Абу Зайд Дабусий бўлиб, унинг тўлиқ исми Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо Дабусийдир[1]. У 367/978 йили Самарқанд суғди ҳудудидаги Дабусия шаҳрида туғилиб, 430/1039 йил Бухорода вафот этган.

 Аллома ҳанафий мазҳабининг йирик вакили, фақиҳ, Бухоронинг етти машҳур қозиси (қузоти сабъа)дан бири бўлган. У бошланғич таълимни Дабусиядаги олимлардан олган. Сўнгра Бухоро ва Самарқанд  шаҳарларига бориб, у ердаги олимлар қўлида таҳсилни давом эттирган.

Абу Зайд Дабусийнинг фиқҳ илми соҳасидаги устози Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр Шаъбий Уструшанийдир. Ўз навбатида Абу Жаъфар Уструшаний фиқҳ илмини Бухоро фиқҳ мактаби вакили Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Каморий Бухорий ва Ироқ фиқҳ мактаби вакили Абу Бакр Жассос Розийдан ўрганган. Шундай қилиб, Дабусий устози Уструшанийдан Мовароуннаҳр ва Ироқ мактабларининг усул ва ананаларини мукаммал ўзлаштирган. Натижада Бухорода қози вазифасига тайинланган ва етти қози қаторидан ўрин олган.

Абу Зайд Дабусий ўзидан бой илмий мерос қолдирган. Унинг “Тақвимул адилла фи усулил фиқҳ” (“Усулул фиқҳдаги далилларни тўғирлаш”), “Таъсисун назар” (“Қарашларни асослаш”), “Амадул ақсо” (“Энг олис мақсад”), “Асрор фил усул вал фуру” (“Усул илми ва тармоқларининг сирлари”), “Анвору фи усулил фиқҳ” (“Усулил фиқҳдаги нурлар”), “Хизанатул ҳуда” (“Ҳидоятга элитувчи хазина”), “Шарҳул Жомиъул акбар” (“Катта тўплам шарҳи”), “Тажнису Дабусий” (“Дабусийнинг тажниси”) ва “Нузуму фил фатаво” (“Фатаволардаги тартиб қоидалар”) номли асрлари бўлган.

Уанинг асарлари кейинги даврларда яшаб, ижод қилган алломалар учун дастуруламал бўлиб хизмат қилган, десак, адашмаган бўламиз.

Бугунги кунда аллома асарларининг қўлёзма нухалари Шарқ ва Ғарб мамлакатлари китоб фондларида сақланмоқда. Бу борада Зафар Нажмиддинов ўзининг “Абу Зайд ад-Дабусий меросининг мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожида тутган ўрни” номли монографиясида батафсил маълумот бериб ўтган.

Алломанинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш борасида дунёнинг турли минтақаларидаги олимлар томонидан кўплаб тадқиқотлар олиб борилган. Жумладан, америкалик Жорж Мақдисий, Арон Зайсов ва Браннон Вилер, саудиялик Абдураҳим Солиҳ Муҳаммад Ёқуб ва Шарафиддин Али Ғалай, туркиялик Юсуф Зиё Кавакчи, Бунжай Башоғлу, Ҳакки Айдин, Абдуллоҳ Севим, Фуад Сезгин, А.Акгундуз, Юсуф Килич, Шукру Ўзен ва Ферҳат Кожа каби тадқиқотчиларни санаб ўтиш мумкин.[2] Юртимизда мустақилликдан сўнг тадқиқотлар олиб борган юридик фанлари доктори Абдулҳаким Жузжоний ва Зафар Нажмиддиновни ҳам келтириб ўтиш мумкин. Абдулҳаким Жузжонийнинг “Бухоролик буюк фақиҳ – Абу Зайд Дабусий” номли рисоласи (Тошкент 2007 й.) ва Зафар Нажмиддиновнинг “Абу Зайд ад-Дабусий меросининг мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожида тутган ўрни” номли монографияси (Тошкент 2019 й.) шулар жумласидандир.

Шу ўринда Абу Зайд Дабусийнинг тасаввуф илмига оид “Амадул ақсо” асарининг Туркиядаги Сулаймония кутубхонасининг Лалели фондида № 1337 рақам остида ва Роғиб пошо фондида № 647 рақам остида сақланаётган қўлёзма нусхалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Мазкур асар нисбатан кам ўрганилганлигига қарамай, унинг илмий-тарбиявий аҳамияти жуда юқоридир. У ўзига хос услуби билан тасаввуфга ва одоб-ахлоққа оид бошқа асарлардан алоҳида ажралиб туради.

Қўлёзма насх хатида қўчирилган. Асар 138 варақдан иборат бўлиб, унинг мистараси 21 қаторни ташкил этади. 3а саҳифасида китоб ва муаллифнинг номи қуйидагича келтирилган:

كتاب الامد الاقصى للقاضى الامام الذاهد ابى زيد عبدالله بن عمر بن عيسى الدبوسي …

Қозий, имом, зоҳид Абу Зайд Аббуллоҳ ибн Умар ибн Исо Дабусийнинг “Амадул ақсо”китоби … .[3]  

 Ундан сўнг асарнинг феҳристи – мундарижаси қизил сиёҳ билан ёзилган. Мундарижадан билиш мумкинки, асар 11 та китобдан иборат бўлиб, унинг 7-китоби 3та, 9-китоби 4та, 10-китоби 1та фаслга бўлинган. Қолган китоблар эса фаслларга ажратилмаган.

Мундарижадаги  китоб ва фасллар тартиби қуйидагича:

“Амадул ақсо” китобининг феҳристи – فهرست كتاب امد الاقصى

  1. Ўз нафсига қарши курашиш (жиҳод қилиш) китоби – كتاب جهاد النفس -3
  2. Яратишнинг аслидаги ҳикматлар китоби – كتاب حكم اصل الخلق – 4
  3. Тўрт фасл китоби – كتاب الفصول الاربعة -8
  4. Бандалик китоби – كتاب العبودية – 14
  5. Фақирлик китоби – كتاب الفقر – 18
  6. Буйруқ китоби – كتاب الامر – 30
  7. Зиндон ва подшоҳлик китоби – كتاب السجن و المملكة – 42
  8. Дунёни зикр этиш фасли – فصل ذكر الدنيا – 49
  9. Тижорат фасли – فصل التجارة – 53
  10. Муомалалар фасли – فصل المعاملة – 58
  11. Тарози китоби – كتاب الميزان – 59
  12. Одамларнинг диний нуқтаи назардан бўлиниш китоби –

 كتاب اقسام الناس في الدين – 62

  1. Доимо рост гапирувчилар фасли – فصل الصديقين – 77
  2. Вазир ҳақидаги фасл – فصل في الوزير – 79
  3. Зоҳид ҳақидаги фасл – فصل في الزاهد – 80
  4. Қизиққан нарсани ўрганиш ҳақидаги фасл – فصل في الراغب ما سعى – 81
  5. Қийинчилик ва ҳийла (унинг чораси) китоби – كتاب المحنة و الحيلة – 83
  6. Ҳийла қилиш фасли – فصل الحيلة – 92
  7. Даъват, туш кўриш ва башорат қилиш китоби[4]

كتاب الدعوة و الرؤية و البشارة – 93

Асардаги китоб ва фаслларнинг номлари ҳам матндан ажралиб туриши учун қизил сиёҳ билан ёзилган.

  Роғиб пошо кутубхонасида № 647 рақам остида сақланаётган қўлёзма 1158/1745 йили насх хатида кўчирилган бўлиб, умумий ҳажми 207 варақдан иборат. Мистараси 19 қаторни ташкил этади. Асар муқаддимасининг 2а саҳифасида китоб ва муаллифнинг номи қуйдагича келтирилган:

كتاب الامد الاقصى للقاضى الامام الذاهد ابى زيد عبدالله بن عمر بن عيسى الدبوسي…

Қозий, имом, зоҳид Абу Зайд Аббуллоҳ ибн Умар ибн Исо Дабусийнинг “Амадул ақсо”китоби … .[5] 

Ушбу саҳифанинг ҳошиясида асар ичидаги китоб ва фасллар феҳристи келтирилган. Мундарижа билан асар матнидаги китоб ва фасллар номида бироз фарқ бўлгани учун биз қуйида уларни матндаги тартиб бўйича келтирдик. Асар 11 та китоб, 9 та фаслдан иборат бўлиб, унинг 7-китоби 4 та, 9-китоби 4та, 10-китоби 1та фаслга бўлинган. Қолган китоблар эса фаслларга ажратилмаган. Асардаги “Ўз нафсига қарши курашиш (жиҳод қилиш) китоби”дан то “Буйруқ китоби”гача бўлган китоб ва фасллар номи матндан ажралиб туриши учун қизил сиёҳ билан ёзилган. Аммо “Зиндон ва подшоҳлик китоби”дан то охирги “Даъват, туш кўриш ва башорат қилиш китоби”гача бўлган китоб ва фаслларнинг номлари ёзилмай, ўрни бўш қолдирилган. Мазкур китоб ва фаслларнинг номларини мундарижада келтирилган тартиб бўйича ва Лалели кутубхонасида № 1337 рақам остида сақланаётган қўлёзма нусхасига таққослаган ҳолда келтириб ўтдик.   

Асар матнидаги  китоб ва фасллар қуйидаги тартибда келтирилган:

 “Амадул ақсо” китобининг феҳристи – فهرست كتاب امد الاقصى

  1. Ўз нафсига қарши курашиш (жиҳод қилиш) китоби – كتاب جهاد النفس – 5
  2. Яратишнинг асли китоби – كتاب اصل الخلق – 9
  3. Тўрт фасл китоби – كتاب الفصول الاربعة – 12
  4. Бандалик китоби – كتاب العبودية – 21
  5. Фақирлик китоби – كتاب الفقر – 28
  6. Буйруқ китоби – كتاب الامر – 45
  7. Зиндон ва подшоҳлик китоби – كتاب السحن و المملكة – 65
  8. Дунёни зикр этиш фасли – فصل ذكر الدنيا – 76
  9. Дунёни зикр этиш фасли  –فصل ذكر الدنيا – 80
  10. Тижорат фасли – فصل التجارة – 82
  11. Муомалалар фасли – فصل المعاملة – 89
  12. Тарози китоби – كتاب الميزان – 91
  13. Одамларнинг диний нуқтаи назардан бўлиниш китоби –

 كتاب اقسام الناس في الدين – 95

  1. Доимо рост гапирувчилар фасли – فصل الصديقين – 96
  2. Вазир ҳақидаги фасл – فصل في الوزير – 120
  3. Зоҳид ҳақидаги фасл – فصل في الزاهد – 121
  4. Қизиққан нарсани ўрганиш ҳақидаги фасл – فصل في الراغب ما سعى – 122
  5. Қийинчилик ва ҳийла китоби – كتاب المحنة و الحيلة – 126
  6. Ҳийла қилиш фасли – فصل الحيلة – 138
  7. Даъват, туш кўриш ва башорат қилиш китоби –

كتاب الدعوة و الرؤية و البشارة – 139

Мазкур нусхалардаги фаслларнинг адади ва номланишида бироз фарқ борлигини кўриш мумкин. Албатта, бу асарнинг мазмун-моҳиятига таъсир қилмайди.

Нусхаларнинг биринчи китоби “Ўз нафсига қарши курашиш (жиҳод қилиш) китоби”, деб бошлашида ҳам ўзига хос ҳикмат бор. Чунки, нафс деганда кўпроқ ёмон сифатларни ўзида жамловчи нарса кўзда тутилади. Шунинг учун ҳам нафсга қарши мужоҳада қилиш, уни синдириш зарурлиги тез-тез такрорланиб туради.

Мазкур нусхалар басмала ва яратган Зотга ҳамду сано, Пайғамбар алайҳиссаломга салавот билан бошлаган. Ундан сўнг: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг: “Жиҳоднинг афзали нафсга қарши курашиш (жиҳод қилиш)дир”, деганлар. Негаки, ҳар биримизнинг жисмимиз тўртта нарса билан имтиҳон қилинган. Улар руҳ, нафс, қалб ва бош (ақл)дир.  Нафс бошга ўз ҳис-туйғуларини ишга солиш билан жисмни дунё манфаати учун бир ишга буюриб, бир ишдан қайтаради. Руҳ охиратнинг фойдаси учун қалбни ишга солиб, инсон ақлини бир ишга буюради ва бир нарсадан қайтаради”,[6] дея давом этдирган.

Дарҳақиқат, мазкур асарнинг бугунгача етиб келган қўлёзма нусхаларининг асосий қисми X/XVI асрларда кўчирилган. Шунга асосланиб, Дабусийнинг диний-фалсафий қарашлари айнан шу даврда оммалашганини хулоса қилиш мумкин.[7] Асарнинг Лалели ва Роғиб пошо фондларида сақланаётган қўлёзмаларининг электрон нусхалари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази манбалар хазинасининг электрон базасида сақланмоқда.

Алломанинг илмий меросини ўрганиш ҳар барчамизга маънавий озуқа бериб, келажакда ҳар томонлама баркамол инсон ва аждодларимизга муносиб бўлишимизда ишончли манба бўлиб хизмат қилади.

Йўлдошхон ИСАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
[1] Баъзи манбаларда Абу Зайд Абдуллоҳ ибн Умар ибн Исо Дабусий деб келтирилган. Жумладан, Абу Зайд Дабусийнинг тасаввуф илмига оид “Амадул ақсо” асарининг Лалели фондида № 1337 рақам остида сақланаётган ва Роғиб пошшо фондида № 647 рақам остида сақланаётган қўлёзма нусхаларида.
[2] Қаранг: Зафар Нажмиддинов. Абу Зайд ад-Дабусий меросининг мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожида тутган ўрни. –Т.: Ўзбекистон халқаро ислом академияси нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2019. –Б.31-38.
[3] Абу Зайд Дабусий. Амадул ақсо. қўлёзма. № 1337. 3а саҳифа.
[4] Абу Зайд Дабусий. Амадул ақсо. қўлёзма. № 1337. 3а саҳифа.
[5] Абу Зайд Дабусий. Амадул ақсо. 1745. қўлёзма. № 647. 6а саҳифа.
[6] Абу Зайд Дабусий. Амадул ақсо. қўлёзма. № 1337. 4а саҳифа.; Амадул ақсо. 1745. қўлёзма. № 647. 6а саҳифа. Қўлёзма. № 647.
[7] Зафар Нажмиддинов. Абу Зайд ад-Дабусий меросининг мовароуннаҳр фиқҳ илми ривожида тутган ўрни. –Т.: Ўзбекистон халқаро ислом академияси нашриёт-матбаа бирлашмаси. 2019. –Б. 110.

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …