Home / МАҚОЛАЛАР / РОВИЙЛАРНИ ТАНИМОҚЧИ БЎЛСАНГИЗ, “ТАРИХУЛ КАБИР”ГА БОҚИНГ

РОВИЙЛАРНИ ТАНИМОҚЧИ БЎЛСАНГИЗ, “ТАРИХУЛ КАБИР”ГА БОҚИНГ

Имом Бухорий ҳазратлари илмнинг бир неча йўналишларида кўп китоб ёзган. У кишининг машҳур ва ҳажми жуда катта бўлган асарларидан бири “Тарихул кабир”дир. Бу ислом оламида ёзилган китобларнинг улуғроғи ва ровийлар тарихи ҳақида энг биринчи таълиф этилган асарлардан биридир. Имом Бухорийдан кейин келган ҳар қандай киши бу китобга боқади. Абу Аббос ибн Саид: “Агар бир киши ўттиз мингта ҳадис ёзса ҳам Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Тарих” китобидан беҳожат бўлмайди”, деган. Шунинг учун ҳам бу китоб “Саҳиҳул Бухорий”нинг ёзилишига замин бўлган дейилади. Бу “Саҳиҳул Бухорий”нинг тушунарсиз жойларини англатадиган, шифрларини очадиган ва ишораларини аниқлаб берадиган калитдир.

Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” асарини жуда кўплаб уламолар ўрганган ва шу ҳақида рисолалар ёзган. Муҳаммад Ҳаво ўзининг “Манҳажул Имомил Бухорий фил жарҳ ват таъдил” номли рисоласида, Доктор Одил Абдушакур Зарқий ўзининг “Тарихул Бухорий” китобида, Муҳаммад Абдулкарим Убайд ўзининг “Тахрижул аҳадисил марфуъатил муснада фит тарихил кабир” номли китобида, Аҳмад Абдуллоҳ ўзининг “Манҳажул Имомил Бухорий фит таълил фит тарихил кабир” номли рисоласида ва Фотима Заҳро Авотий ўзининг “Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” ва Ибн Абу Ҳотимнинг “ал-Жарҳ ват таъдил” китобларини орасини таққослаш” ҳақидаги баҳсида ўрганган.

Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” асари саҳобалар, тобеинлар ва ўз устозларигача бўлган ҳадис ровийларининг таржимаи ҳолларини жамлаган китобдир. Имом Бухорийнинг ўзи бу китобни бошлаши ҳақида гапириб берган. У киши: “Мен ҳаж қилиб бўлганимда, акам онамни олиб уйга қайтди. Мен ҳадис ўрганиш учун қолдим. Ўн саккиз ёшга тўлганимда, “Қазоя ас-саҳоба ват тобеъийн ва ақовилуҳум” китобини ёздим. Ўша пайт Убайдуллоҳ ибн Мусонинг даври эди. Мен “Тарих” китобимни ойдин кечаларда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ёзгандим. “Тарих” китобимдаги ҳар бир исмнинг қиссаси бордир. Лекин мен китобни узун қилиб юборишни хоҳламаганим учун қиссаларни келтирмадим”, деган. Маълумки, Имом Бухорий ўзининг “Тарих” китобини уч босқичда ёзган. “Тарихус сағир”, “Тарихул авсат” ва “Тарихул кабир”.

Имом Бухорийнинг энг биринчи ёзган ва энг катта китобларидан бири “Тарихул кабир”дир. Бу китобни муҳаддис Нишопурга келганида олдига келиб таълим олган шогирдларидан бири Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форис Нишопурий ва бошқалар Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қилганлар.

Муҳаддис “Тарихул кабир”ни ҳижрий 212 йилда ёза бошлаган. Бу китоб Имом Бухорийнинг замонидаёқ тарқалган эди. Бунинг исботи Хатиб Бағдодий Имом Бухорийдан ривоят қилгани.

Имом Бухорий бундай деган: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳ менинг “Тарих” китобимни Хуросоннинг амири Абдуллоҳ ибн Тоҳир (ҳижрий 182-230 й.)нинг олдига олиб кириб: “Эй, мўминлар амири! Сизга сеҳрни кўрсатайинми?”, деди. Шунда Абдуллоҳ ибн Тоҳир китобга қараб таажжубланди ва: “Бу китобнинг ёзилишига фаҳмим етмади”, деди”. Бу гап китобнинг аҳамияти ва илмий қиймати қанчалар юқори эканлигини билдиради.

Исҳоқ ибн Роҳавайҳ Имом Бухорийнинг вафотидан ўн саккиз йил олдин ҳижрий 238 йилда вафот этган. Бу маълумот бизга Имом Бухорий ўзининг “Тарихул кабир” китобини ҳижрий 238 йилдан олдин ёзиб бўлганини билдиради.

Аммо бу китобда ўша вақтдан кейин вафот этган баъзи кишиларнинг таржимаи ҳоли борлиги юқорида зикр қилинган гап билан қарама-қарши бўлиб қолмайди. Эҳтимол, Исҳоқ ибн Роҳавайнинг қўлидаги нусха китобнинг охирги нусхаси бўлмагандир. Чунки, “Тарихул кабир”нинг ёзилиши ўзининг охирги безаги билан чиққунча уч босқичда давом этган. Шу билан бирга, китобнинг номини Имом Бухорийнинг ўзи “Тарих” деб номлаган. Имом Бухорий: “Агар баъзи устозларимга ёзган китобларим кўрсатилса, улар менинг “Тарих”ни қандай қилиб ёзганимни тушунмайди. Мен “Тарих” китобимни уч марта ёздим”, деган. Яъни, Имом Бухорий ўзининг “Тарихул кабир” китобини ёзиб бўлиб, одамлар учун китобат қилган. Сўнгра ўша нусхага қўшимчалар қўшиб, тўлдириб бориб, китобни иккинчи марта китобат қилган. Яна қўшимчалар қўшиб, тўлдириб борган. Ҳатто, уни учинчи марта китобат қилган. Демак, “Тарихул кабир” китоби ҳам мукаммал бир китоб ҳолига келгунча мана шу уч босқични босиб ўтган.

Шу билан бирга, Имом Бухорий ўзининг барча асарларининг ёзиш услубларини баён қилиб берган. Имом Бухорий барча китобларини бир неча мартадан ёзган. Бир марта ёзиб қўйиш билан кифояланиб қолмаган.

Доктор Аҳмад Абдуллоҳ ўзининг докторлик ишида “Имом Бухорий ўзининг “Тарихул кабир” китобини ёзишда ўзоқ вақт давом этган”, деб айтади. Бунинг исботи Имом Бухорий бу китобида ҳижрий 249 йилда вафот этган ровийларнинг таржимаи ҳолини ҳам келтирган.

Доктор Одил Абдушакур Зарқий “Тарихул кабир” китобининг иккита нусхаси кенг тарқалган деб айтади. Биринчиси Шайх Абдураҳмон Яманийнинг таҳқиқи билан Ҳиндистоннинг “Даиротул маъориф” нашриётида чоп этилгани. Иккинчиси Мустафо Абдулқодир Атонинг таҳқиқи билан Саудия Арабистонининг “Дару Товиқ ан-нажаҳ” нашриётида босмадан чиққани.

“Тарихул кабир” китобида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Имом Бухорийгача бўлган даврда яшаб ўтган ўн тўрт мингга яқин ровийнинг таржимаи ҳоли келтирилган. Шундан мингга яқин ровийнинг таржимаи ҳоли “Тарихул кабир”нинг сўнгида алоҳида жуз қилиб келтирилган “Кунялар” номли китобида баён этилган. Имом Бухорийнинг “Тарихул кабир” китоби ҳадис ровийларининг исмларини жамлаган энг биринчи китобдир.

Имом Бухорийнинг номи “Саҳиҳул Бухорий”га боғлангани маълум. Лекин “Тарихул кабир” асари уламоларнинг олдида катта аҳамиятга эгадир.

Ровийларнинг таржимаи ҳоли ҳақида мана шу тартибда китоб ёзганларнинг аввалгиси Имом Бухорийдир.

Имом Абу Аҳмад Ҳоким Кабир (ваф. 378 ҳ.): “Муҳаммад ибн Исмоилнинг “Тарихул кабир” китоби бирор китоб ўтиб кетолмайдиган китобдир”, деган. Ибн Ражаб Ҳанбалий: “Имом Бухорийнинг кўплаб китоблари бор. У киши “Саҳиҳул Бухорий” ва “Тарихул кабир” китобларини ёзиш билан барча инсонлардан ўзиб кетди”, деган.

Бу китоб ҳадис илмининг иккита асосий рукнини, яъни, илми рижол (ҳадис ровийларининг таржимаи ҳоли ҳақидаги илм) ва илми илал (ҳадис иллатлари ҳақидаги илм)ни ўраб олган. Ибн Ражаб бу китоб ҳақида: “Бу бирор китоб ўтиб кетолмайдиган катта китобдир. Бу китоб тарихлар, иллатлар ва исмларнинг барчасини тўпловчидир”, деган. Китобнинг воқелиги ҳам бу эътирофни қўллаб-қувватлайди. Бу китобда 6095 та ҳадис матни зикр этилган.

Хатиб Бағдодий “Бағдод тарихи”да Абу Аббос ибн Саиднинг: “Агар бир киши ўттиз мингта ҳадис ёзса ҳам Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Тарих” китобидан беҳожат бўлмайди”, деган сўзини келтирган.

Имом Заҳабий “Сияру аъломин нубало” китобида Абу Саҳл Шофеъийнинг ушбу гапини келтиради: “Ўттиздан кўпроқ мисрлик уламодан эшитган эдим. Улар: “Бизларнинг бу дунёдаги эҳтиёжимиз Муҳаммад ибн Исмоилнинг китобини ўқишдир”, деганлар”.

Хатиб Бағдодий ва Имом Заҳабийнинг гаплари бу китобнинг қиймати нақадар улуғлигини англатади. Демак, ҳадис илми билан шуғулланадиган барча толиблар буни ўқиши ва унга мурожаат қилиши лозим бўлади.

Абдувоси ШОНАЗАРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими

Check Also

Рамазон — меҳр-мурувват, хайру саховат ойи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Халқимиз ҳаётида маънавий поклик, меҳр-оқибат, хайру саховат фазилатлари сайқалланадиган муборак Рамазон ойининг …