Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Халқаро анжуман қатнашчилари Имом Бухорийни зиёрат қилди

Халқаро анжуман қатнашчилари Имом Бухорийни зиёрат қилди

Хабар берилганидек, жорий йилнинг 15 март куни Самарқандда Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистдаги диний идоралар раҳбарлари, етук уламолар, мутасадди ва мутахассислар иштирокида “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади.

Анжуманда қатнашиш мақсадида юртимизга ташриф буюрган қўшни Тожикистон ва Афғонистоннинг диний соҳа мутасаддилари ва исломшунос олимлари 14 март куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси А.Аҳмедов ва Мусулмонлар идораси раиси, муфтий У.Алимов ҳамроҳлигида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабида бўлди.

Меҳмонлар дастлаб муҳаддислар султони Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди.

Шундан сўнг халқаро анжуман қатнашчилари Ҳадис илми мактаби фаолияти билан яқиндан танишди. Муассасада талаба ёшлар учун яратилган шарт-шароит кўздан кечирилди. Мисрнинг Ал-азҳар университети профессори Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмон иштирокидаги машғулотлар ва дарс жараёни кузатилди. Талабалар билан мулоқот бўлиб ўтди.

 

Меҳмонлар, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Марказ директори Ш.Зиёдов муассасанинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, ўтган давр мобайнида халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берди.

  

– Имом Бухорийнинг бой илмий-маънавий меросини бутун мусулмон олами чуқур ҳурмат қилади ва катта қизиқиш билан ўрганади. Биз халқаро конференцияда афғонистонлик бир гуруҳ диншунос ва исломшунос олимлар билан иштирок этмоқдамиз. Мақсадимиз тожикистонлик ҳамкасблар билан бирга бу борада катта тажрибага эга бўлган Ўзбекистоннинг Имом Бухорий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш йўлида олиб бораётган ишлари билан яқиндан танишиш ва ўзаро тажриба ўртоқлашишдан иборатдир, – деди Афғонистон Ислом Республикаси Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий.

– Сафаримиз асносида Самарқанддаги қатор тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилдик. Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида юртингизда диний-маърифий йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар юксак самара бераётганига гувоҳ бўлдик. Аллома аждодларга чуқур ҳурмат ва уларнинг меросини ўрганишга алоҳида эътибор таҳсинга лойиқ. Янги замонавий илмий марказлар ташкил этилаётгани жуда қувонарлидир. Бу қўшни ўлкаларни, бутун ислом оламини илм олишга илҳомлантиради. Зеро, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби ислом устунларининг илмий меросида адашганларни тўғри йўлга бошлаш, ёш авлодни соғлом эътиқод асосида тарбиялаш учун муҳим пойдевор мужассам. Бу меросни ўз вақтида ўрганиш ва тарғиб этиш бугунги кунда жуда ҳам долзарбдир.

Меҳмонлар ташриф доирасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази музейидаги экспонатлар, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ этиш маркази томонидан ҳадя этилган хаттотлик асарлари намуналарини кўздан кечирди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

МУҲАДДИСЛАР ПЕШВОСИГА ЮКСАК ЭҲТИРОМ

Юртимиздан дунё илм-фани ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган минглаб алломалар етишиб чиққан. Манбаларга таянадиган …