Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / МИЛЛИЙ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРДА АЁЛЛАРГА МУНОСАБАТ

МИЛЛИЙ ВА ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАРДА АЁЛЛАРГА МУНОСАБАТ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Ипак йўли” халқаро туризм университетида “Миллий ва диний қадриятларда аёлларга муносабат” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда Марказ илмий ходимлари, мазкур олий ўқув юрти ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Маълумки, азалдан ҳар қандай жамиятнинг маданий савияси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланган. Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқига хос хусусиятдир. Ҳадиси шарифлардаги “Жаннат оналар оёғи остидадур”, “Аввал онангизга, яна онангизга ва яна онангизга, сўнг отангизга яхшилик қилинг”, деган беназир сўзларда ҳам ана шу эҳтиром намоён бўлади.

Учрашувда Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама ривожлантириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.

– Динимизда ҳар бир инсоннинг, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, жамиятда ўз мавқеи, ўрни ва ҳурмати бор. Аллоҳ таоло ҳар бир жинс вакилига унинг жисмоний, руҳий ва ижтимоий ҳолатига мос, адолатли мартаба ато этган. Ўрни келганда шариатимиз манбаларида аёлга муносабат қандай эканини ўрганиб чиқиш фойдадан холи эмас. Чунки мусулмонлар орасида аёлларни қадрлайдиган, ҳурматини жойига қўядиганлар кўп бўлгани каби гоҳида уларнинг заифалигини суистеъмол этиб, ҳақ-ҳуқуқларини поймол қиладиганлар ҳам учраб туради, – деди тадбирда сўзга чиққан Марказ илмий ходими Т.Эвадуллаев.

Унинг айтишича, ислом тарихига назар солсак, жоҳилиятда аёллар ҳуқуқлари бўлмаган ҳисоб. Улар нафақат меросдан маҳрум қилинган, балки ўзлари бир буюм сифатида меросхўрлар ўртасида тақсимланган. Ҳатто келажакда қўлига қурол олиб жанг қила олмайди, асир тушиб номусимизни ерга уради, камбағалликка сабаб бўлади, деб қиз туғилган чақалоқларни тириклай кўмиш ҳоллари тез-тез учраб турар эди. Инсониятни залолатдан ҳидоятга, зулматдан зиёга олиб чиққан динимиз бу масалани ҳам адолатли ҳал қилди.

Ёшларни маданий, тарихий анъаналаримизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, қизларни оилавий турмушга тайёрлаш, тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўргатиш бугунги куннинг долзарб масаласи эканлиги алоҳида қайд этилди.

Тадбир якунида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятини акс эттирувчи видеоролик намойиш этилиб, мавзу юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Жонибек ЖУМАЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Диний-маърифий тадбирлар бўлими бошлиғи

Check Also

Марказ олимлари – илмий сафарда

Айни кунларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва бўлим бошлиғи Шукурилло Умаров …