Home / АЛЛОМАЛАР / Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Муборак Возиҳ Ҳанзалий Марвазий (ҳ.181/797й)

Абу Абдураҳмон Абдуллоҳ ибн Муборак Возиҳ Ҳанзалий Марвазий (ҳ.181/797й)

Хуросон – Сосонийлар ҳукмронлиги давридан шу ном билан аталиб келган. III асрдан XVIII аср ўрталаригача ҳозирги Эроннинг шимоли шарқий қисми, Марв воҳаси, ҳозирги Туркманистоннинг жанубий қисми ва Афғонистоннинг шимоли ва шимоли ғарбий қисмини ўз ичига олган[1]. IX асрдан жўғрофий жиҳатдан Тоҳирийлар, Саффорийлар, Салжуқийлар, Ғазнавийлар давлатининг муҳим стратегик минтақа ҳисобланган. Ундаги Машҳад, Нишопур, Марв, Балх, Ҳирот, Тус, Сарахс, Обивард, Нисо, Сабзавор каби шаҳарлар илм-маърифат, савдо-сотиқ, марказларидан, йирик карвон йўлларининг чорраҳаларидан бири бўлган. Бу шаҳарлар орасида, айниқса, Марв энг ривожланган фан-таълим маркази  бўлиб, у ерда Бағдод, Ироқ, Шом, Басрадан келган ва кўплаб маҳаллий диний, дунёвий билимларга эга бўлган алломалар жамланган.

Хуросон, Марв ҳақида сўз юритилганда, ҳадис илмининг Мовароуннаҳрда юксак чўққига чиқиб ривожланишига асос солган аллома Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазий, албатта, ёдга олинади.

Машҳур муҳаддис, зоҳид ва фақиҳ Абдуллоҳ ибн Муборак 736 йили Марв шаҳрида туғилган. Алломанинг отаси турк, онаси хоразмлик бўлган.

Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийнинг болалиги ва ёшлиги Марв шаҳрида ўтган бўлиб, унинг бу даврдаги ҳаёти ҳақидаги маълумот мавжуд эмас.

Алломанинг илк устози марвлик олим Робиъ ибн Анас Хуросонийдир. Абдуллоҳ ибн Муборак йигирма уч ёшида илк илм сафарига чиқиб, Басра, Ҳижоз, Яман, Ироқ, Шомга борган. Басранинг машҳур олими фаҳиқ Ҳаммод ибн Зайднинг етакчи шогирдларидан бири бўлиб, унинг эътиборига сазовор бўлган. Шунингдек, Маъмур ибн Рашид, Авзойи, Амаш Суфён ибн Саври, Малик ибн Анас ва Суфён ибн Уйайна каби машҳур муҳаддислардан ҳадис илмидан таҳсил олган ва Абдураҳмон ибн Маҳдий, Абдураззоқ ибн Ҳаммом Яҳё ибн Маъин, Исҳоқ ибн Роҳилий ва бошқа муҳаддислардан ҳадис ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Муборак аббосий халифа Ҳорун ар-Рашид даврида 797 йили Мисис ва Тарсус атрофида Византияга қарши бўлган жангда қатнашган. Ўша йили рамазон ойида олтмиш уч ёшида Фурот дарёси бўйида жойлашган Ҳит шаҳрида вафот этган ва ўша ерга дафн қилинган.

Абдуллоҳ ибн Муборак ҳадислар тадвин қилган илк олимлардан бири ҳисобланади. Аҳмад ибн Ҳанбал ўша даврда ҳадис илми соҳасида ундан бошқа етук аллома бўлмаганини хабар қилади. Яҳё ибн Маъин эса, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг китобида йигирма мингдан ортиқ ҳадис бўлган ҳақида маълумот беради, ҳадис ровийларини жуда яхши билганлиги сабабидан “Кутуб ал-ситта” муаллифлари ўз асарларида ҳеч иккиланмасдан у ривоят қилган ҳадисларни келтирган.

Аллома Абу Ҳанифанинг шогирди ва дўсти бўлиб, унинг фиқҳ илмини ривожланишида алоҳида ўрни бор. Устозининг фиқҳ илм усулларини ўзлаштириб, ўзининг “Сунан фил фиқҳ” асарини ёзишида кенг истифода этган. Устози ҳақида жуда яхши фикрлар айтиб, унга бағишлаб шеър ёзган. Абу Ҳанифанинг вафотида сўнгра, Малик ибн Анасга шогирд тушган.

Алломанинг “Китаб аз-зуҳд ва ар-рақоиқ” асарида пайғамбаримиз (сав), саҳоба ва тобеъийнларнинг ибодат, ихлос, таваккал, қаноат, тўғрилик мавзуларига доир сўзлари келтирилган. Ушбу асарни Ҳабиброҳман Аъзам томонидан нашр этилган (Малегон, Ҳиндистон 1966, Байрут.

Аллома “Муснад” ҳам ёзган бўлиб, унинг ягона нусхаси Суриядаги Зоҳирия кутубхонасида сақланади.

[1] www.tarix.uz
 Туркия диёнат вақфи Ислом энциклопедиясидаги
 маълумотлар асосида тайёрланди
Имом Бухорий илмий-тадқиқот
маркази илмий ходимлари
Даурбекова И., Ҳалимова Д.

Check Also

Алоуддин Муҳаммад Бухорий

Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Бухорий фиқҳга оид асарлари билан ислом оламига танилган машҳур …