Home / МАҚОЛАЛАР / ИЛМ – ИККИ ДУНЁ САОДАТИДИР

ИЛМ – ИККИ ДУНЁ САОДАТИДИР

Инсон умри давомида турли билим ва кўникмаларга эга бўлади. Улар яхши ё ёмон, фойдали ё зарарли бўлиши мумкин. Динимиз бизни ўзимизга ва жамиятга, шунингдек, дунё ва охиратимизга фойдаси тегадиган илм олишга даъват қилади.

Илм моддий ёки маънавий нарсаларнинг фитрати ва моҳиятини идрок этишдир. У – нафсларнинг ҳаёти ва озуқаси, ақлнинг нури.

Илм олишнинг фазилатлари тўғрисида бир қанча ояти карима ва ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Хусусан, илм эгалари имон келтирганлар орасида хос бир мақом ва даражаларга кўтарилиши ҳақида Қуръони каримда бундай хабар берилади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”[1].

Мазкур ояти каримада зикр қилинган даражалар ҳақида муфассир уламоларимиз икки хил сўз айтганлар. Биринчиси – дунёдаги мартаба ва шараф. Иккинчи сўз – охиратдаги мақом. Уларнинг икковини ҳам жамласа, янада гўзал оқибат пайдо бўлади. Яъни, илм икки дунё саодатига етаклайди.

Қуйидаги оятларда эса, Аллоҳ таоло адолат билан гувоҳлик беришда илм эгаларини фаришталар қаторида зикр қилади. Бу илм аҳлига берилган катта баҳодир: “Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, бундай гувоҳлик берди: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”. Фаришталар ва илм эгалари ҳам (шундай деб таъкидладилар. (Албатта), қудратли ва ҳикматли Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир”[2].

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга илмдан бошқа бирор нарсанинг зиёда бўлишини сўранг, демади. Фақат илм ҳақида шундай дейилган. Мана шундан ҳам илмнинг бошқа неъматлардан устунлигини билиб олиш мумкин.

Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда марҳамат қилади: “Ҳаққоний Подшоҳ бўлмиш Аллоҳ олий зотдир. (Эй, Муҳаммад!) Сиз (Қуръон) ваҳийси тугамай туриб, қироат қилишга шошманг ва айтинг: “Эй, Раббим! Менга илмни зиёда эт!”[3].

Бинобарин, ҳақиқий маънода Аллоҳ таолодан қўрқиш сифати вужудга келиши учун кишида илм-маърифат бўлиши лозимдир. Аллоҳ таоло бу хусусда Қуръони каримда марҳамат қилади: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир”[4].

Инсон Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари, қудрати ва ҳикматларини қанча кўп билса, шунча кўп Ундан қўрқиши муқаррардир. Олим зотлар Яратган эгамизнинг сифатларини тўлиқлича билиб, уни улуғлайдилар. Кимнинг Тангри таоло ҳақида билими бўлмаса, унинг азобини унутиб, хотиржам бўлиб қолади. Бу эса бандани бахтсизликка олиб боради.

Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси билан Қуръони каримнинг биринчи ваҳий бўлган ояти ҳам “Ўқинг!” деб бошланди: “Ўқинг (эй, Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди”[5].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам олимларнинг пешвоси эдилар. Зеро, у зотга Қуръони карим ва яна Мусҳафи шарифнинг мислича илм берилди. Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар барча илмларнинг мустаҳкам асосидир! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини турли услубларда билим-маърифатга чорлаб, бундай деганлар: “Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”[6].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Али каррамаллоҳу важҳаҳуга бир одамни ҳидоятга бошлаш жуда катта савоб эканини билдириб, бундай дедилар: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сиз туфайли бир кишини ҳидоят қилиши, қизил туяларга эга бўлишингиздан яхшироқдир”[7].

Албатта, инсонларни тўғри йўлга бошлаш илм билангина амалга ошади. Илмсизлик билан маърифат ва тамаддунга тарғиб қилмоқчи бўлганлар тўғри йўлдагиларни адаштиради, турли ихтилофлар келтириб чиқаради.

Инсон вафотидан кейин ҳам унинг амал дафтарига худди тириклигидек савоблар ёзилиб туришига сабаб бўладиган учта амал бор. Шулардан бири киши ўзидан кейин қолдирган фойдали илмдир.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Банда вафот этса, унинг амаллари кесилади (яъни, тўхтайди). Лекин уч нарсадан (савоб келиб туради): юриб турувчи садақа, фойдали илм ёки унинг ҳаққига дуо қилиб турувчи фарзанд”[8].

Демак, илм ўрганиш, уни бошқаларга ўргатиш, халққа фойдаси тегадиган китоблар ёзиш инсон вафотидан кейин ҳам худди тириклар каби савоб олишига сабаб бўлади. Бинобарин, илм йўлида пок ният ва ихлос билан ҳаракат қилиш бандага жаннат йўлини осон қилади.

Бошқа бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким илм излаб йўлга чиқса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”[9].

Юқорида келтирилган оятлар, ҳадиси шариф ва ҳикматли сўзлардан хулоса қилиб айтиш лозимки, бизнинг бурчимиз диний ва дунёвий билимларни баробар ривожлантириб, аждодларимиз йўлини давом эттириш ва илм олишда пешқадам бўлишдир. Бу мақсадни амалга оширишда биз учун аждодлар бунёд этган мустаҳкам пойдевор ва намуналар мавжуддир.

Фойдаланилган адабиётлар
  1. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент ислом университети. -Т.: – 2004.
  2. Имом Бухорийнинг “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” асари.
  3. Доктор Муҳаммад ибн Абду-р-Раҳмон Хумаййис. Усулуд-дин индал-имам Аби Ҳанифа. Ар-Риёз: Дорус-самъий лин-нашр ват-тавзийъ, 1428/2007.
  4. Саҳиҳул Муслим.
  5. Сунани Имом Термизий.
  6. Сунани Ибн Можа.
  7. Мифтаҳу-с-саодат. Ж. 2.
  8. Имом ал-Бухорий сабоқлари. Журнал. 2010/3.
[1] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Таржима ва тафсир муаллифи Шайх Абдулазиз Мансур. –Т.: ТИУ, 2004. Мужодала сураси, 11-оят.
[2] Оли Имрон сураси, 18-оят.
[3] Тоҳа сураси, 114-оят.
[4] Фотир сураси, 28-оят.
[5] Алақ сураси, 1-5 оятлари.
[6] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
[7] Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.
[8] Имом Бухорий ривояти.
[9] Имом Муслим ривояти.
Абдуҳалим Муҳиддинов,
ИБХИТМ илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …