Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / НАВОИЙ ДАҲОСИГА ЭҲТИРОМ

НАВОИЙ ДАҲОСИГА ЭҲТИРОМ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 8 февраль куни буюк шоир ва мутафаккир, ғазал мулкининг султони, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Марказ илмий ходимлари ва Самарқанд давлат университетининг навоийшунос олимлари иштирок этди.

Тадбирни Марказ директорининг  ўринбосари О.Муҳаммадиев очиб, сўнгги йилларда юртимизда улуғ аллома ва мутафаккир аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг илмий-маънавий меросини ўрганиш, хусусан, Алишер Навоий асарларини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар, давлат томонидан олимлар ва ёш тадқиқотчиларга қаратилаётган эътибор хусусида сўзлади.

– Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-маънавий ва илмий мероси нафақат Ўзбекистон, балки бутун жаҳонда юксак қадрланади. Зеро, ҳазратнинг асарлари миллий маънавиятимиз ва маданиятимизни юксалтиришда, ўзимизга хос шарқона тафаккурни ривожлантишишда алоҳида ўрин тутади. Алишер Навоий ижодини улкан бир денгиз деб фараз қилсак, бугунги билганларимиз, навоийшунос олимларнинг тадқиқотлари шу денгиздан чиқадиган ирмоқлардир, – деди тадбирда сўз олган Марказ директорининг Бош маслаҳатчиси, фалсафа фанлари доктори, профессор Б.Тўраев.

Турли объектив тарихий сабаб ва омиллар туфайли Навоий асарларининг аксар қисми яқин йилларгача чуқур ўрганилмай келгани, бугунги кунда мамлакатимиз раҳбари томонидан ушбу улкан маънавий меросни халқаро миқёсда тадқиқ ва тарғиб этиш, кенг жамоатчиликка етказиш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани, бу йўналишда ҳукуматнинг алоҳида қарорлари қабул қилинаётгани таъкидланди.

Тадбирда Самарқанд давлат университети олимлари Алишер Навоий асарларида комил инсон ғояси, давлат, жамият ва шахс муносабатлари, илм-маърифат, Ватанга муҳаббат, ота-онага ҳурмат, хайру-саховат ва эзгулик каби ўлмас қадриятларнинг ёритилиши ҳақида маърузалар қилди. Навоий ижодидан намуналар ўқилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«ЗАРАФШОН ВОҲАСИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИ ТАРИХИ: НАҚШБАНДИЯ, ЯССАВИЯ, КУБРОВИЯ (XV-XIX АСРЛАР)»

ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН! ✅  Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари …