Home / МАҚОЛАЛАР / “САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” КИТОБИНИ РИВОЯТ ҚИЛГАН ФИРАБРЛИК РОВИЙЛАР

“САҲИҲУЛ БУХОРИЙ” КИТОБИНИ РИВОЯТ ҚИЛГАН ФИРАБРЛИК РОВИЙЛАР

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ (810-870 йй.) ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобини ёзиб бўлиб, уни халққа етказиш учун кўплаб дарс ҳалқалари ташкил қилган. Ушбу дарс ҳалқаларида у кишининг атрофида “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишга муштоқ бўлган, ривоят қилишга катта қизиқиш билан қарайдиган, ривоятларни тўғрилаш, эшитган нарсаларини ёзиб олиш ва лафзларни тузатиш учун ҳимматларини сарфлайдиган кўплаб одамлар тўпланган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”, деб айтади.

Бу катта жамоанинг ичидан, дастлабки ровийлар табақаси машҳур бўлган. Инсонлар ушбу табақадаги ровийлардан “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитган. Мана шу табақадаги ровийлар “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийнинг ўзидан эшитиб ривоят қилган кишилар ҳисобланишади.

Биринчиси: Ушбу табақадаги энг машҳур ровийлардан бири Имом Бухорийнинг ўзидан “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилувчиси фирабрлик Абу Абдуллоҳ Фирабрий (ҳижрий 231-320 й.)дир. У кишининг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрий. У киши Бухоро қишлоқларидан бири – Фирабр қишлоғига нисбат берилиб, Фирабрий дейилган. Имом Самъоний ўзининг “Ал-ансоб” номли асарида: “Фирабр Амударё билан Бухоронинг ўртасидаги шаҳардир. Фирабр шаҳри билан Амударёнинг ўртасидаги масофа бир фарсах атрофидадир. Мен Мовароуннаҳрдан қайтаётганимда Фирабрда бир неча кун турганман”, деб айтган.

Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзган кишиларни барчаси ҳижрий 231 йил туғилганига иттифоқ бўлишган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийдан икки марта эшитган. Бир марта ҳижрий 248 йил Фирабрда ва иккинчи марта ҳижрий 252 йил Бухорода эшитган. Ҳақиқатда, Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобининг энг машҳур ровийси деб танилди. Чунки, инсонлар ҳозиргача “Саҳиҳул Бухорий” китобини Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ривоятидаги санад билан ўрганиб келаяптилар.

Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан мен билан бирга тўқсон мингга яқин киши эшитган. Бу китобни Имом Бухорийнинг ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа бирор киши қолмади”, деган.

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ушбу сўзини изоҳлаб шундай деди: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий бу гапини ўзи билган нарсага мувофиқ айтган. Яъни, Абу Абдуллоҳ Фирабрий Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифни ўзидан ривоят қиладиган мендан бошқа ҳеч ким қолмади деб ўйлаган. Лекин, ўша пайтда “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилган кишилардан бири Абу Талҳа Мансур ибн Муҳаммад ибн Али ибн Қорина Паздавий ҳаёт бўлган. У киши Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан тўққиз йил кейин яъни, ҳижрий 329 йил вафот этган”.

“Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитган кишиларнинг орасидан Абу Абдуллоҳ Фирабрийга Аллоҳнинг назари тушган. Аллоҳ таоло Абу Абдуллоҳ Фирабрийга Имом Бухорий билан учрашиш ва ундан ҳадис эшитиш учун бир неча сабабларни тайёрлаб қўйган ва уни баъзи ишлар билан хослаган. Шу боис, у кишининг ривояти ривоятларнинг энг яхшироғи, тўлиқроғи ва санади олийроғига айланган.

Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний: “Бу асрда ва бундан олдинги асрларда “Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитишда санади боғланган ривоят Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор ибн Солиҳ ибн Бишр Фирабрийнинг ривоятидир”, деган.

Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийлардан ҳам ҳадис эшитган. Абу Бакр Самъоний ўзининг “Амолий” номли асарида шундай деган: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийлардан ҳадис эшитган. У киши “Саҳиҳул Бухорий” ва “Саҳиҳул Муслим” китобларини Қутайба ибн Саид ва Али ибн Хашрам Марвазийлардан ривоят қилган ровийларнинг орасида бордир”.

Ибн Нуқта раҳимаҳуллоҳ Абу Абдуллоҳ Фирабрийга боғланган санад билан ривоят қилади. Абу Абдуллоҳ Фирабрий: “Мен ҳижрий 258 йили Фирабрда бўлганимда Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитган эдим”, деди.

Имом Заҳабий: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саиддан ҳадис эшитган деб ҳисоблаган киши хато қилибди. Чунки, у киши Қутайба ибн Саидни кўрмаган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий ҳижрий 231 йил туғилган. Қутайба ибн Саид эса ҳижрий 240 йил бошқа шаҳарда вафот этган”, деб ёзади.

Юқорида ўтган гапларнинг хулосаси шуки, Абу Абдуллоҳ Фирабрий уч кишидан ҳадис ривоят қилган.

Биринчиси: Имом Бухорий. Бунда хилоф йўқ;

Иккинчиси: Қутайба ибн Саид;

Учинчиси: Али ибн Хашрам Марвазийдир.

Абу Бакр Самъоний ўзининг “Амолий” номли китобида Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саиддан ҳадис эшитганига далил келтирган. Буни Имом Нававий ҳам “Саҳиҳул Бухорий” китобининг шарҳида зикр қилган.

Баъзи уламолар Имом Заҳабийнинг “Сияру аъломи-н-нубало” китобидаги: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий Қутайба ибн Саиддан ҳадис эшитган деб ҳисоблаган киши хато қилибди. Чунки, у киши Қутайба ибн Саидни кўрмаган. Абу Абдуллоҳ Фирабрий ҳижрий 231 йил туғилган. Қутайба ибн Саид эса ҳижрий 240 йил бошқа шаҳарда вафот этган. Иккаласининг орасида шаҳарлари бошқа бўлиши билан бирга эшитишни узоқлаштирадиган тўққиз йил бор-ку”, деган гапини хато дейишган.

Аммо Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитгани собитдир. Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзган кўплаб уламолар бунга далил келтирган. Асосий ҳадис китобларида Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ривоят қилган ҳадислари бор.

Имом Байҳақий ўзининг “Ас-сунан ал-кубро” ва “Шўъбул иймон” номли китобларида “Ҳофиз Абу Аҳмад ибн Адийнинг Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан, унинг Али ибн Хашрам Марвазий ва бошқа кишилардан ривоят қилган ҳадисларни” келтирган. Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг Али ибн Хашрам Марвазийдан ҳадис эшитгани “Саҳиҳул Бухорий” китобининг баъзи нусхаларида собитдир. Олий санадни талаб қилган кўплаб талабалар Абу Абдуллоҳ Фирабрийдан ҳадис ривоят қилган.

Уламолар Абу Абдуллоҳ Фирабрий ҳақида кўплаб яхши сўзларни айтишган.

Имом Абу Валид Божий (ваф. ҳижрий 474 й.): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли) ва машҳур кишидир”, деган.

Абу Муҳаммад Ришотий (ваф. ҳижрий 547 й.): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривоятида асосий таянчдир”, деган.

Абу Бакр Самъоний ўзининг “Амолий” номли китобида: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли) ва парҳезкор кишидир”, деган.

Ибн Рушайд Фиҳрий (ваф. ҳижрий 721 й.): “Абу Абдуллоҳ Фирабрий “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг асосий таянчидир”, деган.

Яна: “Абу Абдуллоҳ Фирабрий сиқа (ишончли), амийн (ишонарли), “Саҳиҳул Бухорий” китобида мусулмонларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган воситаси ва уларнинг мустаҳкам арқонидир”, деганлар.

Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг таржимаи ҳолини ёзган уламоларнинг деярли барчаси ҳижрий 320 йил Шаввол ойининг учинчи куни яъни, Душанба куни 90 ёшида вафот этганини таъкидлашган. Аммо, Ибн Рушайд Фиҳрий ўзининг “Ифадату-н-насийҳ” номли китобида шундай деди: “Биз Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг вафот этган кунини Абу Зарга боғланган олий санад билан ривоят қилдик. Абу Зар: “Мен Абу Исҳоқ Мустамлийдан эшитган эдим”, деди. Абу Исҳоқ Мустамлий: “Менга етиб келган маълумотларга кўра Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрий ҳижрий 320 йил Шаввол ойининг ўнинчи куни вафот этган”, деди”.

Иккинчиси: “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Фирабрийдан ривоят қилган фирабрлик ровийлардан бири Имом Фирабрийнинг невараси Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрий (ваф. ҳижрий 371 й.)дир. Имом Самъоний ўзининг “Ал-ансоб” номли асарида унинг таржимаи ҳолини келтирган. Имом Самъоний: “Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрий ўзининг бобоси Муҳаммад ибн Юсуф ибн Матор Фирабрийдан “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ” китобини ривоят қилган. Ундан Имом Ғунжор ривоят қилган. У киши ҳижрий 371 йилда вафот этган”, деди. Уламоларнинг таржимаи ҳоллари баён этилган китобларда унинг таржимаи ҳоли топилмайди. Лекин уламолар Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” ёки “Маноқиби Бухорий” деб номланган рисоласини Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийнинг йўлига кўра ривоят қилишган. У ушбу рисолани бобоси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилган.

Имом Заҳабийнинг “Сияру аълами-н-нубало” асарида “Шамоили Бухорий” рисоласини устоз Абу Тоҳир Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Миҳравайҳ Форсийга боғланган санад билан ривоят қилгани келган. Абу Тоҳир Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Миҳравайҳ эса: “Бизга Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий бу рисоласини ривоят қилиб берган”, деб айтади. Сўнгра Имом Заҳабий: “Мен бу китобда нимани ривоят қилаётган бўлсам, уни Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорийдан мана шу санад билан ривоят қилаяпман”, деб айтади.

Хатиб Бағдодий ўзининг “Тарихи Бағдод” асарида Аҳмад ибн Али Форсийнинг Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан Имом Бухорийнинг фазилатлари ҳақида ривоят қилган баъзи ривоятларни зикр қилган. Ибн Асокир ҳам ўзининг “Тарихи Дамашқ” асарида шунга ўхшаш ривоятларни зикр қилган.

Ибн Асокир ўзининг асарларида Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аббос Зоббийни ҳам Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ҳадис ривоят қилган деб зикр қилган. Юқорида зикр этилган маълумотларга кўра, Абу Муҳаммад Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини ва Абу Жаъфар Варроқ Бухорийнинг “Шамоили Бухорий” рисоласини бобоси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрийдан ривоят қилган.

Учинчиси: “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Фирабрийдан ривоят қилган фирабрлик ровийлардан яна бири Муҳаммад ибн Холид ибн Ҳасан Фирабрийдир. Имом Хаттобий Муҳаммад ибн Холид ибн Ҳасан Фирабрийни ҳам “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилган ровийлардан деб ҳисоблайди. Ҳофиз Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдулғани ибн Нуқта ўзининг “Такмилатул икмал” китобини Фирабрий бобида уни Фирабрга нисбат бериб Фирабрий деб атаган. Имом Хаттобий ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобига ёзилган “Аъламул ҳадис” номли шарҳининг аввалида уни “Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Фирабрийдан ривоят қилган ровийлар қаторида зикр қилган. Демак, ушбу маълумотларга кўра, у кишини ҳам “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ровийларидан бири деб ҳисобласак бўлади.

Албатта, юқорида зикр қилинган кишилар “Саҳиҳул Бухорий” китобини ривоят қилган фирабрлик ровийлар ҳисобланишади. “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифига боғланган санад билан ривоят қилишга эътибор қиладиган кўплаб ровийларнинг санадлари уларга бориб тақалади. Шунинг учун ҳам ушбу ровийлар ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганишимиз олдимизда турган муҳим ишлардан бири ва бугунги куннинг талабидир.

АБДУВОСИ ШОНАЗАРОВ
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими

Check Also

ЎРТА ОСИЁДА «ТУРК» ГУРУҲИ ВАКИЛЛАРИ ЯШАЙДИГАН ҲУДУДЛАР ВА УЛАРНИНГ ИЧКИ ЭТНИК ТАРКИБИ

XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиё халқлари орасида миллий мансублик тушунчаси яхлит …