Home / ЯНГИЛИКЛАР / Маънавият – жамият ҳаётининг жони ва руҳидир

Маънавият – жамият ҳаётининг жони ва руҳидир

Бугунги глобаллашув даврида дунё ахборот уммонида маънавияти юксак, маърифатли, имон-эътиқоди мустаҳкам бўлмаган ҳар қандай инсон ҳар он чўкиши муқаррар.

Чунки ахборот асрида “тўлқинлар гирдоби” шу қадар шиддатли тус олдики, имони, эътиқоди, маънавияти суст инсон дарҳол тузоққа тушиб қолиши турган гап.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор анжуманида Юртбошимиз бугунги маънавий ҳаётимизни чуқур таҳлил этиб: “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, дея таъкидладилар.

Дарҳақиқат, иқтисодий тазйиқни сезиш мумкин, аммо мафкуравий-маънавий тазйиқни кўриш, сезиш осон эмас. Бу офат турли кўринишларда халқ, айниқса, ёшлар ҳаётига, турмуш тарзига, онгу шуурига аста-секин кириб келади, фикру зикрини эгаллаб олади. Бузғунчи кучлар, бир қарашда ўта беозор кўрингани билан, таъсир кучи ғоят самарали воситалардан фойдаланади. Ҳаётий тажрибаси оз, суяги қотмаган ёшлар атрофида турли “маслаҳатчи”лар, йўл кўрсатувчи “жонкуяр” мураббийлар, ҳар ишга қодир “ҳомий”лар пайдо бўлиб қолади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида барчамиз бу ҳолатга гувоҳ бўлдик.

Ана шундай вазиятда ҳар бир мўмин-мусулмон юртдошимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Эр ўз аҳли аёли ва қўл остидагилар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Хотин эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилар учун масъулдир. Қул хожасининг молига мутасаддидир ва унинг учун масъулдир. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз” муборак ҳадисларини ўзига дастуриламал қилиб олиши шарт.

Ерга уруғ бир кун кеч сепилса, деҳқон ҳосилни бир ҳафта ёки ўн кун кейин ўриб олади. Худди шундай маънавий тарбияда ҳам бир кун кеч қолиш, бир зум бўлса-да, огоҳликни қўлдан бой бериш тузатиб бўлмас хатоларга олиб келиши аниқ. Шу боис давлатимиз раҳбари йиғилишда: “Терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда. Бундай таҳликали вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, халқимизнинг тинчлиги, мамлакатимиз манфаатларини ўйлаб яшаш зарур”, дедилар.

Ҳадиси шарифда “Мўмин мўминнинг кўзгусидир” дейилган. Инсон ўз айбини, нуқсонларини ойнада қандай кўрса, мўмин биродари учун ҳам шундай. Ойнага қарамасдан киши юзидаги айбини кўролмаганидек, мўминлар ҳам ўзаро бир-бирларини, айниқса, ёшларни турли хуружлардан, экстремистик оқимларнинг кирдикорларидан, маънавиятимизга, маърифатимизга зид ҳар қандай ҳолатдан огоҳ қилишлари шарт. Ислом жамият ҳаёти билан барҳаётдир. Шу боис “Дин насиҳатдир” ҳукми барқарордир. Бу ҳукмга риоя қилиш тинчлик-тотувликнинг асосидир.

Тарихдан маълумки, аждодлар фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратганлар. Хусусан, бу ҳақда ўз асарларида сўз юритмаган аллома бўлмаса керак. Тиб илмининг султони Ибн Сино ўз асарларидан бирида: “Бола хулқини мўътадилликда сақлашга алоҳида эътибор бериш керак, бунга болани қаттиқ ғазабланиш, қўрқиш, уйқусизликдан сақлаш орқали эришилади. Ғазаб кучни қиздиради, қайғу кучни оздиради, хафалик беғамликка мойил қилади. Хулқнинг мўътадиллиги натижасида ҳам нафс, ҳам бадан соғлом бўлади”, дея таъкидлаган.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бугунги таҳликали даврда маънавият ва маърифат фақат шу соҳа ходимларининг, ўқитувчи ва мураббийларнинггина эмас, балки барчанинг бурчи бўлиши лозим. Масалага ана шу жиҳатдан қараб, “Ҳеч бир ота-она ўз фарзандига гўзал тарбиядан кўра буюк мерос қолдира олмайди” ҳадиси шарифи ва халқимизнинг: “Бир болага етти маҳалла – ота-она” мақолига амалда риоя қилсак, ҳеч қандай куч маънавиятимизга рахна сола олмайди.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби.
Манба: ЎзА

Check Also

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси билан ҳамкорлик қилади

25-26 февраль кунлари Самарқанд шаҳрининг Регистон майдонидаги Улуғбек мадрасасида Германиянинг Конрад Аденауэр жамғармаси томонидан Ўзбекистон …