Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси – юртимиз тараққиётига хизмат қилади

Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси – юртимиз тараққиётига хизмат қилади

Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларидаги маҳаллалар, таълим муассасалари ва ташкилотларда мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва унда илгари сурилган ташаббусларни халқимизга янада кенроқ етказиш мақсадида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирларнинг навбатдагиси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлиб ўтди.

Унда Марказ жамоаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги малака ошириш маркази Самарқанд минтақавий филиали тингловчилари иштирок этди.

Тадбирни Марказ директори Ш.Зиёдов кириш сўзи билан очиб, меҳмонларга дастлаб ушбу илм масканининг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Шундан сўнг тарғибот гуруҳи аъзолари Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Иброҳим Йўлдошев ва Самарқанд давлат Чет тиллари институти ректори Илҳом Тўхтасиновнинг маърузалари тингланди.

Маърузачилар сўз аввалида сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фан-таълим, маданият, тиббиёт соҳаларини ривожлантириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, ушбу йўналишларда эришилаётган ютуқлар ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳам ушбу эзгу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлгани, унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар юртимиз тараққиётига хизмат қилиши эътироф этилди.

Мурожаатномада шунингдек, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, таълим ва тиббиёт соҳаларини янада ривожлантириш, халқимиз турмуш тарзини юксалтириш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш бўйича илгари сурилган ташаббуслар, истиқболда амалга оширилиши белгиланган муҳим вазифалар ҳақида маълумотлар берилди.

– Давлатимиз Раҳбари Олий Мажлисга қилган бу йилги мурожаатномаларида Калом илмининг асосчиси, буюк мутаккаллим Абу Мансур Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин”, деган чуқур маъноли ҳикматларини ёдга олдилар.

Дунё халқларини ларзага солган коронавиус пандемияси даврида бу ҳикматнинг нечоғли аҳамиятга эга эканлигини халқимиз чуқур ҳис этди.

Қолаверса, Мурожаатномада “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак” дедилар.

Албатта, халқимизга, ёшларимизга аждодларимизнинг кимлигини танитсак, уларнинг илмий меросини чуқур ўргатсак, уларнинг орасидан адашганлар чиқмайди. Аксинча, юртимизни янада тараққий эттиришга муносиб ҳисса қўша оладиган етук кадрлар, улуғ алломаларимизга муносиб ворислар етишиб чиқади, дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов.

Тадбир доирасида Президентимиз томонидан Мурожаатномада илгари сурилган энг муҳим ташаббуслар акс этган видеоролик намойиши этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

«Синергетика-3: маънавий мерос» номли китоб тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот …